Жаҳон | 01:25 / 17.05.2018
23657
3 дақиқада ўқилади

2,4 млн боланинг ҳаётини сақлаб қолган “олтин қўлли” донор охирги марта қон топширди

Фото: The New York Times

Қони 2,4 млн боланинг ҳаётини сақлаб қолишга имкон берган австралиялик Жеймс Харрисон 11 май куни охирги марта қон топширди.

“Бу мен учун қайғули кундир. Узоқ давом этган йўлнинг охири”, деб изоҳ берган бунга 81 ёшли донорнинг ўзи. У ўз юртида “олтин қўлли инсон” деб аталади. Харрисон 60 йил ичида 1173 марта донорлик жараёнидан ўтган. 

Бироқ Австралия қонунчилигига кўра, 81 ёш қон донорлиги учун максимал ёш ҳисобланади.  

Харрисон ёшлигида оғир операцияни бошдан ўтказган ва унинг ҳаёти 13 литр қон қуйиш билан сақлаб қолинган. Шундан кейин Харрисон донорлик қилишга қарор қилган.

Гап шундаки, Харрисоннинг қон плазмаси она ва ҳомиланинг қони мос келмаслиги сабабли юзага келувчи иммунологик қарама-қаршилик вазиятида ҳомилани ҳимоялай олади. Резус-манфий қонга эга аёл резус-мусбат қонли бола билан ҳомиладор бўлса, унинг организми боланинг эритроцитларига вирус бактерияларига каби таъсир қилиб, уларни йўқ қилиш учун антитаналар ишлаб чиқаради. Бундай қарама-қаршилик оқибатида ҳомила нобуд бўлиши мумкин. Бу касаллик кўплаб миқдорда бола ташлаш, чақалоқларда бош мия зарарланиши ёки анемия келтириб чиқаради.

1960-йилларда олимлар резус-ихтилофда ёрдам берувчи Anti-D’ни аниқламагунларигача, Австралияда резус-ихтилофдан минглаб чақалоқлар нобуд бўлган. Олимлар бу моддани онага киритиб, болага хавф солаёган ҳужайраларни оғриқсиз йўқ қилиш мумкинлигини аниқлашган. 

 “Австралияда ишлаб чиқарилган, Anti-Dнинг ҳар бир капсуласи Жеймснинг бир қисмини ўзида сақлайди”, деб айтган резус-донорлик дастури координатори Робин Барлоу.

Ўшандан бери қария деярли ҳар ой 500-800 мл қон плазмаси топшириб келган. Харрисон бу иши учун 1999 йилда Австралия ордени медали билан тақдирланган, Гиннесс рекордлар китоби уни дунёдаги энг фаол донор деб топган.

“Шифокорлар менга рухат берсалар, мен буни қилишни давом эттираман”, деб айтган донорнинг ўзи.

Мавзуга оид