Жаҳон | 09:53 / 18.05.2018
15110
2 дақиқада ўқилади

Ал-Қудс ишлари бўйича вазир Фаластин билан низо қандай шартда тўхташини айтди

Фото: РИА Новости/Рамиль Ситдиков

Ал-Қудс ишлари бўйича вазир Зеэв Элькиннинг маълум қилишича, Фаластин билан низо, агарда араб томони Ал-Қудсга даъвогарлик қилишдан воз кечса, ҳал этилиши мумкин. Бу ҳақда у «Известия» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

«Ал-Қудс Исроилнинг пойтахти сифатида тан олинмаса, тинч ечим топиш бўйича ҳеч қандай жараён юз бермайди. Айнан элчихонани кўчиришдан воз кечиш фаластинликларда шундай иллюзияни келтириб чиқармоқдаки, бунда Исроилнинг Ал-Қудсдаги пойтахтдан эҳтимолий бош тортиши бўйича тинч ечим топиш варианти кун тартибига чиқади. Бироқ, Исроил ҳукумати бунга бормайди», — деди Элькин.

Унинг қўшимча қилишича, Исроил томони Ал-Қудсда Россия дипломатик миссияси очилишидан хурсанд бўлади. Элькиннинг таъкидлашича, бунинг учун мос жой бор – Эски шаҳар ёнидаги қадимий Рус карвонсаройи.

Аввалроқ, 10 мингга яқин фаластинлик Исроил билан Ғазо секторининг маъмурий чегараси ҳудудида тўплангани хабар қилинганди. Айрим намойишчилар чегара тўсиғидан ўтишга уриндилар. Бундан ташқари, Ал-Қудсда АҚШнинг янги элчихонаси очилиши фаластинликларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ғазо секторининг маъмурий чегарасида содир бўлган тартибсизликларда ҳалок бўлганларнинг сони 60дан ошиб кетди, 2400дан ортиқ фаластинликлар яраланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни апартеидда айблаганди. 
 
Шунингдек, Тожикистон ҳам Ғазо сектори бўйича баёнот билан чиқди.

Мавзуга оид