Жамият | 01:24 / 18.05.2018
84403
3 дақиқада ўқилади

Пешонасига икки қўйилган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари - Воқеанинг янги тафсилотлари пайдо бўлди

Фото: Facebook

​Тошкент вилояти Бекобод шаҳри 5-мактаб собиқ ўқитувчиси Муборак Ҳамдамова 1 «Ж» синф  ўқувчиларидан 4 нафарининг пешонасига уй вазифасини бажармагани учун 2 баҳони қўйгани ҳақида хабар берилганди. 

Журналист Лобар Пўлатованинг аниқлашича, ўқувчиларнинг пешонасига икки баҳо қўйилганидан хабар топган ушбу мактабда ишлаб келаётган ўқитувчи Саодат Раҳмонова ўқувчиларнинг пешонасига қайтадан 2 баҳони қўйиб, уларни суратга туширган. Кейин нималар юз бергани барчамизга аён. Аслида воқеа икки ўқитувчининг ўртасидаги ўзаро низодан бошлангани жамоатчилик назаридан қолмоқда.

«Саодат опа бизни битта жойга йиғиб, пешонамизга яна икки қўйди. Кейин милиция турибди, 1 йилга қамалиб кетасан, деб бизни суратга туширди. Кейин, салфетка бериб, пешонани артиб олишни айтди», дейди жабрдийда ўқувчилардан бири. 

Мактаб психологи Саодат Омонова ҳам ўқувчининг кўрсатмасини тасдиқлаб, шундай дейди: 

«Ўқувчиларнинг пешонасига икки қўйилгани рост. Лекин орадан 3 кун ўтиб, бу ишдан хабар топган бошқа ўқитувчи ўқувчиларнинг пешонасига яна «икки»ни қўйган. Сўнгра, [иккини] ўчириб, ўқувчиларни алдаб лавашга олиб борган». 

Айни пайтда 1473 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда бор-йўғи 2 нафар олий тоифали, жами 81 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Улардан 55 нафари олий маълумотга эга. 

Республикадаги умумтаълим мактабларда носоғлом муҳитнинг шу тарзда пайдо бўлишига, аввало, айрим ўқитувчиларнинг бир мақсад йўлида жипслашиб, якдил ҳаракат қилиш ўрнига, ўзаро адоват ва бир-бирининг камчилигини қидириш билан бандлиги сабаб бўлмоқда. Қолаверса, мактаб ходимларини ўтган йиллар давомида мунтазам кўча тозалаш, ободонлаштириш ва мажбурий меҳнатга жалб этиб келингани аҳволни янада қийинлаштиради. 

«Педагогларни жамоат ишларига жалб этиб келингани қайсидир маънода ўзининг фаолиятида бўшлиқ пайдо бўлишига сабаб бўлди», дейди Тошкент вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов. 

Бундан ташқари, ўқитувчини бўлар-бўлмас қоғозбозликка кўмиб қўйилди, деб иддао қилинади. Аслида уни қоғозбозликка етаклаган омил - маош масаласи. Ишончимиз комилки, ўқитувчиларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўланиб, ўз иши билан машғул бўлишига йўл қўйиб берилса, бундан фақат жамият фойда топади. 

Айбдорларга келадиган бўлсак, улар ўз жазосини олгани ҳақида хабар берилди, аммо қалбида оппоқ ният билан биринчи синфга қадам қўйган, ақлга заковат қолиб, пешонасига қайта-қайта «икки» тамғаланган болаларнинг руҳий кечинмалари кимни қизиқтирди? Таълим соҳаси янги ислоҳотлар ва бардавом ўзгаришларга муҳтожми? 

Фикр ва мулоҳазангизни info@kun.uz почта манзилига ёки Kun.uz алоқа бўлими орқали қолдиринг.

Мавзуга оид