Ўзбекистон | 23:37 / 18.05.2018
24500
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда газ баллони ичида тамаки маҳсулотлари олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди

Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шасхларга 10 қутигача бўлган тамаки маҳсулотларини юртимизга божсиз олиб киришга рухсат этилади. Аммо бу галги “қаҳрамонлар”ни ушбу меъёрлар қониқтирмаган кўринади.

Яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда республикамизга олиб кирилишининг олдини олишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Навоий” чегара-божхона пости орқали кириб келган, қўшни давлат фуқаролари Ж.Р. ва К.Б йўловчи божхона декларацияси ҳамда божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, уларнинг ҳар бири 500 қутидан жами 1000 қути тамаки маҳсулотини олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди. Қўшни давлат акциз маркалари билан маркаланган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 15 млн. сўмни ташкил қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Бекобод авто” чегара-божхона постида эса қонунбузарлар тамаки маҳсулотларини божхона назоратидан яширинча олиб ўтишнинг антиқа усулини қўллашди. Фуқаро Ж.Ш. қиймати 10 млн. 400 минг сўмлик сигаретларни олиб ўтиш учун ўзи бошқарувидаги “Ласетти”нинг газ баллони баҳридан ўтиб қўя қолди. Яъни, божхона ходимларининг чалғитиш мақсадида 7 турдаги 520 қути тамаки маҳсулотларини газ баллонини тешиб, унинг ичига яширганча республикамизга олиб кирмоқчи бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид