Жаҳон | 21:10 / 19.05.2018
9256
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия экспорт агентлиги Ўзбекистонга 1,25 миллиард фунт-стерлинг сармоя киритишга тайёр

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан Қиролича Елизавета II таваллуд айёми ҳамда шаҳзода Гарри ва Меган Маркл никоҳ тўйи муносабати билан ташкиллаштирилган байрам кечасида Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларида янги саҳифа бошлангани ҳақида нутқ сўзлади.

«​Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари давомида Англия пойтахтида тўхтаб, Буюк Британия ҳукумати аъзоси Аллан Дункан билан учрашгани диққатга сазовор. Бу суҳбат 2016 йил декабрь ойида Ўзбекистон президентининг Инаугурациядан сўнг кўп ўтмай, сэр Дункан билан учрашувини мантиқан давом эттиришга имкон яратди»​, дейди элчи.

Шотландиялик дипломатнинг таъкидлашича, бу пайтдан буён Ўзбекистонда катта ўзгаришлар юз берди.

«​Буюк Британия Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳамкорларимиз билан қўлимиздан келганча  кенг кўламли ушбу ислоҳотлар дастурини амалга ошириш учун кўмак бериб келмоқдамиз. Бир неча мисол келтирсак, бу йил Вестминстер демократия жамғармаси Ўзбекистон парламенти билан, Буюк Британия халқаро миллий ҳукумат мактаби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан иш олиб боришни режалаштирган. Биз БМТ ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашда ҳамкорлик қиламиз»​, дейди Кристофер Аллан.

Буюк Британия элчисининг айтишича, Ўзбекистон билан муносабатларда таълим соҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Шунингдек, Буюк Британия ва Ўзбекистон алоқаларида муҳим вазифани бажараётган таълим соҳаси фидойиларига элчи жаноблари ташаккурини билдирди.

«Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо ҳажми ҳам ўсиб бормоқда. Аммо, ўйлашимизча, салоҳиятимиз бундан ортиқ. Ўтган ой Лондон шаҳрида бўлиб ўтган Энергетика соҳасидаги йирик савдо ва инвестиция форумида Ўзбекистонни қўллаб-қувватладик. Буюк Британия экспорт агентлиги Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш учун 1,25 миллиард фунт-стерлинг сармоя киритишга тайёр эканлигини билдирди», деб нутқини якунлаган у.

Мавзуга оид