Ўзбекистон | 00:59 / 20.05.2018
42342
2 дақиқада ўқилади

Президент хусусийлаштириш сиёсати нотўғри амалга оширилгани ҳақида фикр билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш нотўғри амалга оширилиши туфайли хатоликларга йўл қўйилгани ҳақида фикр билдирди. Давлат раҳбари бу ҳақда Улуғнор туманида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилган. 

"Ҳозир шартнома тузаётган давлатлар нега бизга ишонмоқда? Чунки, тартиб, интизом борлиги учун, миллат бирлашгани учун. Битта миллатда Қодировга ўхшаган ўғрилик қилса, у миллат бўлолмайди, ҳеч қачон. Нима, Миллий хавфсизликда ўтирганлар унинг ўғрилигини билмаганми? Шерик бўлган, асли. Ёки Андижон вилоятида хусусийлаштирилган корхоналар қайси фамилияга расмийлаштирилганини билмайдими? Ҳамма билади. Энди унақалар бўлмайди. Ўзи хусусийлаштириш нотўғри бўлган, шу ишни қилган одам ўзбек миллатига хиёнат қилган.

Агар Андижонда ўша корхоналар турганда, кунимизга ярарди. Хусусийлаштиришга қўл қўйишдан аввал, оладиган одам корхонани сотиб олиш имкониятига эга бўлиши керак эди. У нима учун қўл қўйган, бошқа давлат олиб кетсин, деб қўл қўйганди. Миллатим учун, деб эмас. Миллатда эса пул бўлмаган. Ҳамма нарса бўм-бўш бўлиб ётибди", дейди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бундан кейин кўп масалаларни ҳоким ҳал қилади. 

"У - Президентнинг вакили, вилоят ва туманда бошлиқ. У даврлар ўтиб бўлди, ҳокимнинг обрўйини шарманда қилдик. Ҳокимни шарманда қилса, Президентни шарманда қилди демак. Ҳоким биттаю битта Конституция ва Президентга бўйсунади. Олдин, оддий сержант ҳоким ҳақида кичкина қоғозга маълумотнома ёзиб топширган. Қани энди ўша ташкилотнинг ўзи ҳам ҳалол бўлганда эди", деб сўзида давом этган Президент.

Мавзуга оид