Ўзбекистон | 17:54 / 23.05.2018
23311
3 дақиқада ўқилади

Коммунал хизматлардан қарздор шахсларга айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 майдаги қарори билан электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик текширилгандан содир этиладиган йирик битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди, деб хабар қилмоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Эндиликда қуйидаги рўйхатга киритилган хизматлар Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базасида қарздорлик аниқланмаган тақдирдагина кўрсатилади:

• кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш (олди-сотди, ижара, ҳадя, ишончнома бериш, ишончли бошқариш ва шу кабилар);
• автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш (олди-сотди, ижара, лизинг, ҳадя, ишончнома бериш ва шу кабилар);
• янги автомоторанспорт воситаларини, шу жумладан лизинг шартномалари бўйича сотиш;
• кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги кадастр ишларини тайёрлаш;
• автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш;
• автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва алмаштириш.

Жисмоний ва юридик шахсларда қарздорлик аниқланган тақдирда, битимни амалга ошираётган ёки хизматлар кўрсатаётган ташкилотлар қарздорга Бюро маълумотлар базасидан олинган тегишли кўчирма нусхани тақдим қилган ҳолда битимни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатишни рад этади.

Етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликни текшириш жисмоний шахсларга – кўчмас мулк объектлари мулкдорларига ва қарздор – кўчмас мулк мулкдорининг турар жой манзили бўйича доимий прописка қилинган шахсларга нисбатан амалга оширилади.

Бундан ташқари, қабул қилинган қарор билан Бюрога жисмоний шахсларнинг етказиб берилган энергия ресурслари, сув чиқариш хизматлари, ижро ҳужжатлари бўйича қарзларни тўлашнинг қўшимча шакллари, фуқароларнинг қарздорлик мавжудлиги ва уни замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан, шу жумладан, SMS хабарлар ва USSD сўровлардан фойдаланган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида хабардор қилиш шаклларини жорий этиш ҳуқуқи берилди.

Мавзуга оид