Жаҳон | 17:35 / 25.05.2018
16821
2 дақиқада ўқилади

Болливуд юлдузи Приянка Чопра роҳингя мусулмонлари бўйича чақириқ билан чиқди

Фото: INSTAGRAM/PRIYANKA CHOPRA

Ҳинд киноси юлдузи ва Сассекс герцогиняси Меган Марклнинг дугонаси Приянка Чопра халқаро ҳамжамиятни ўтган йил Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳингя мусулмонлари фарзандларини қўллаб-қувватлашга чақирди. 

ЮНИСЕФ элчиси бўлган Чопра Бангладеш пойтахти Даккадаги учрашувда роҳингя мусулмонларига кўмак кўрсатиш ҳақида чақириқ билан чиққан. «Ҳар бир бола келажакка, инсоният тарихига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлишга ҳақли. Дунё қочқин болалар учун масъулдир, сабаби улар қаерга боришни билмайди. Уларда ҳеч нарса йўқ», - дея актрисанинг сўзларини келтиради Reuters. Чопра бунга қадар тўрт кун давомида Кокс-Бозор шаҳридаги қочқинлар лагерларида бўлди.

«Ҳали қиладиган ишлар жуда кўп. Уларга сизларнинг пулларингиз, вақтингиз, раҳм-шафқатингиз керак», - деган ҳинд актрисаси. Унинг эслатишича, қочқинлар лагеридаги болалар овқат, тоза сув, бошпана, санитар шароитлар ва таълимга чекланган базавий ҳуқуқлар билан яшамоқда.

Мьянма давлати ва роҳингя мусулмонлари ўртасидаги можаро 700 минг мусулмонни 2017 йил август-ноябрь ойларида мамлакатдан қочиб чиқиб кетишга мажбурлади. БМТ можарога «этник тозалаш» деб баҳо берди ҳамда март ойида қочқинлар учун маблағ тўплай бошлади. Расмий Мьянма бу позицияга қўшилмади ва можарога мусулмонлар томонидан террор ҳамда роҳингяларнинг жамиятга тинч интеграция қилиш истагида эмаслиги билан изоҳ берди.

Мавзуга оид