Light | 17:23 / 28.05.2018
29821
7 дақиқада ўқилади

KUN.UZ билан экстремал саёҳат: Энг узун осма кўприк, 7 сониялик эркин парвоз ва  Кавказ тоғлари манзаралари (фото+видео)

Саргузаштсевар сайёҳлар экстремал туризмни хуш кўришади ва ўз вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида дунёнинг турли нуқталаридаги шунга муносиб масканларни танлашади. Сочидаги Sky Park аллақачон экстримсевар сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланиб улгурган.

Дунёнинг энг узун осма кўприги, Кавказ тоғлари манзараси, Ахштир дараси, банжи-жампинг (эластик арқонда ҳавога сакраш), 207 метр баландликда 120 км/с тезликда парвоз, сирли ўрмон манзаралари ва бошқалар KUN.UZ'нинг Sky Park бўйлаб саёҳатида.

Sky Park Янги Зеландиянинг AJ Hackett International компанияси билан ҳамкорликдаги лойиҳа бўлиб, Россиядаги баландликда бунёд қилинган илк саргузаштлар парки ҳисобланади. Паркка махсус назорат пункти орқали кирилади.

Бу ерга кираверишда парк схемаси ва турли йўл кўрсаткичларга кўзингиз тушади. Шу билан бирга, ҳар бир сайёҳга аудиогидлар берилади, акс ҳолда гуруҳ бўлиб келганлар бир-бирини кўздан қочириши ҳеч гап эмас.

Дунёдаги энг узун осма кўприк айнан шу Sky Park'да жойлашган бўлиб, унинг узунлиги - 439 метрни, баландлиги эса 207 метрни ташкил қилади.

Бу бутун оила аъзолари ва ҳар қандай сайёҳга мўлжалланган ноёб аттракциондир. Дунёдаги энг узун осма кўприк - янги зеландиялик ва россиялик архитекторларнинг қўшма лойиҳаси.

Осма кўприкни лойиҳалаштириш ишларига - 3 йил, қурилишига эса 2 йил кетган.

Кўприк бўйлаб ҳаракатланиш у қадар қўрқинчли эмас, шундай бўлса-да, баъзилар унинг "ғирчиллаши"дан, бошқалар эса баландликдан қўрқиши сабаб қора терга ботишди...

439 метрни ҳормай-толмай босиб ўтишингизга ва баландликдан қўрқмаслигингизга ишончингиз комил бўлса, олға! Бир олам таассуротлар кафолатланади...

Энг узун осма кўприкнинг бир томонидан Кавказ тоғларининг бетакрор манзараси кўз олдингизда намоён бўлади.

Шунингдек кўприкдан Қора денгиз қирғоқлари, Дзихрин каньонлари қоялари, Мзимта дарёси қирғоғидаги форель хўжалиги каби кўплаб диққатга сазовор жойлар кўринади.

Кўприкдан пастга қарасангиз, тоғли Ахштир дарасининг Мзимта дарёси билан кесишган қисмини кўрасиз. Дара яқин орадаги Ахштир қишлоғи шарафига шундай номланган.

Осма кўприкнинг 439 метрини ортда қолдиришингиз билан қуйидаги ёзувларга кўзингиз тушади: "Табриклайман! Сиз ҳозиргина дунёдаги энг узун осма кўприкни босиб ўтдингиз!"

Кўприк тугаши билан сизни сирли Колхид ўрмонлари қарши олади.

Sky Park Сочи миллий парки ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ердаги ўрмон паркка эртакнамо ва сирли кўриниш бахш этади.

Кўприк олдида Банжи-жампинг музейи бор. Бу ерда банжи жампинг ва AJ Hackett International компанияси тарихи билан танишишингиз мумкин.

Таассуротларнинг янги босқичига ўтамиз...

Фристайл-банжи зонасида эластик канатда тепаликдан пастга сакраш мумкин. Банжичиларнинг айтишларича, сакрашнинг балиқ каби, орқа билан, тандем, сальто сингари 15 хил тури бор. Шунингдек у велосипед, чанғи ва ҳатто ногиронлар аравачасида ҳам сакрашга ҳам мўлжалланган.

7 сониялик эркин парвоздан бир сония олдин...

Фристайл-банжида кўп нарса об-ҳаво шароитларига боғлиқ. Бу ердан сакраш истагида бўлганлар 10 ёшдан ошган бўлиши керак, 18 ёшгача бўлган болаларга ота-она ёки васийликка олган шахслар розилиги керак бўлади.

Фото: Мақсад Жангиров

Sky Bridge'нинг ўртасида 207 метр баландликдан эластик канатда сакрашга жазм қилганлар кўп бўлмади. Саёҳатимиз давомида бу ердан ҳиндистонлик икки қиз ва россиялик йигитнинг сакраганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг жасоратини сайёҳлар қарсаклар билан олқишлашди. 7 сониялик эркин парвоз... (асаби чатоқларга жараённи кузатиш тавсия этилмайди).  Сакрашни амалга оширганларга футболка ва электрон сертификат тақдим этилади. Бу ердан фақат 16 ёшдан ошганлар сакраши мумкин.

Ахштир дараси узра соатига 120 км/с тезликда ҳаракатланиш экстримсеварлар учун айни муддао, бунга ҳамманинг журъати ҳам етавермайди. Масофа - 550 метр, бу масофанинг қоқ ўртасида аттракцион 2 дақиқага ҳаракатдан тўхтайди ва сайёҳларга жараёндан завқ олиш имконини беради.

Фото: Мақсад Жангиров

Бу аттракционда бир, икки ёки уч кишилашиб учиш мумкин. 7 ёшдан катта болаларга фақат катталар ҳамроҳлигида учишга рухсат этилади.

Фото: Мақсад Жангиров

Параллель тросларда дара узра парвоз қилишга нима дейсиз? Дунёдаги энг узун осма кўприкни босиб ўтиб, ортга янгича таассуротлар билан қайтишни истасангиз, Zipline экстремал аттракционлари хизматингизга шай.

Фото: Мақсад Жангиров

700 метрли масофани Zipline аттракционларида сайр қилиб ўтишингиз мумкин. Ўртача тезлик - 60 км/с. 10 ёшгача бўлган болалар Zipline'га қўйилмайди.

Фото: Мақсад Жангиров

Мағрур қоятошлар бўйлаб кўтарилишни ўз ичига олган саёҳат икки йўналишда амалга оширилади:

  • ўртача мураккабликдаги йўналиш - 100 метр, ёшга доир чеклов: 6 ёшдан бошлаб;
  • юқори мураккабликдаги йўналиш - 500 метр, 12 ёшдан бошлаб.

Велосипедда ҳаракатланишни хуш кўрадиганлар учун 7 эркин йўналиш ва 67 тўсиқдан иборат "Маугли" арқонли парки айни муддаодир. Бу ерда 0,5 метрдан 15 метргача баландликда турли даражадаги мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиб, ўзингизни мусобақа ғолибидек ҳис қилишингиз мумкин.

Саёҳатимиз давомида замонавий куй-қўшиқлар сайёҳларга ҳамроҳ бўлади. Баландликдаги махсус томоша майдонидаги жонли концерт экстремалчиларга давомли кўтаринки кайфият улашиб турди.

Кимдир концерт томоша қилиб рақсга тушди, яна кимлардир томоша майдони ёнидаги Скандинавия ва Альп дизайнида ишланган ресторанга кириб, бошқа сайёҳлар жасоратини томоша қилиб, мазали таомлар ва салқин ичимликлардан баҳраманд бўлди.

Ўзига ўзи хизмат кўрсатиш тизимида ишловчи гриль-буфет 110 кишига мўлжалланган. Гўштли таомларга урғу берилган муаллифлик ресторани эса бир вақтнинг ўзида 70 киши учун хизмат кўрсатади.

AJ Hackett International'нинг бутун дунё бўйлаб саккиз майдони бор: Янги Зеландия, Франция, Макао, Австралия, Сингапур ва Россия. Барча аттракционлар 1990 йилдан буён барча банжи-жампинг майдонларида амал қилинувчи қоидаларга қатъий риоя қилинган равишда ташкил қилинади.

Суратда: Эй Жей Хаккетт

Эй Жей Хаккетт 1986 йилда баландликдан сакраш учун эластик арқонни ихтиро қилган. 1987 йилда унда Эйфел минорасидан сакраган. Банжи-жампинг тижоратини биринчи бўлиб ўзи йўлга қўйган ва бутун дунёга унинг хавфсизлигини намойиш қилган.

Лола Раҳмонбоева
Kun.uz

Мавзуга оид