Жамият | 14:52 / 29.05.2018
14059
4 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Бир неча ой сўздан қолган Ферузанинг нутқи тиклана бошланди

KUN.UZ сайти ўзбекистонликлардан келган мурожаатларни ўрганиш баробарида ёрдамга ва даволанишга муҳтож ватандошларга моддий ва маънавий кўмак бериш бўйича ҳам саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бу борада туркум хайрия акциялари ўтказиб келинмоқда. Шундай акциялардан бири хоразмлик Ферузанинг даволаниши учун ҳам ташкил этилган эди.

Унда Ферузанинг оғир дардга чалингани, ишемик инсультдан сўнг, трахеясида чандиқ пайдо бўлгани сабабли торакал жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, нафас олиши енгил бўлиши учун трахеостомик трубка ўрнатилгани хабар қилинган эди. Шу билан бирга, оиласининг моддий аҳволи жуда оғирлиги таъкидланганди.

Шу кунларда Ферузанинг турмуш ўртоғи Мансур акадан хушхабар олдик. Хайрия акциясига кўпчилик ватандошлар “лаббай” деб жавоб беришган ва имкон қадар хайр-эҳсонлар қилишган. Ўзбекистон Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарияти ҳам бундай хайрли ишдан четда қолмаслик, аксинча ҳисса қўшиш мақсадида Ферузада ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётини шу ерда ўтказишга қарор қилган. Илмий марказ бу ишга қўли енгил ва тажрибали жарроҳ Завқий Шоумаровни тавсия қилиб, операцияни унга ишониб топширган.

Бугунги кунда Феруза жарроҳлик амалиётидан кейинги даволаш курсини ҳам бевосита илмий марказ раҳбарияти ташаббуси билан шу ерда ўтказмоқда. Биз бир неча ой давомида нутқдан қолган бемор ватандошимизнинг хурсанд бўлган ҳолда айрим сўзларни такрорлаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Гўё у қулоқларига ишонмаётгандек, “ҳовва, яхши бўлади” сўзларини бот-бот такрор қилар эди. Ҳа, инша Аллоҳ, яхши бўлади. Умид қиламизки, Бу ватандошимиз ҳам дардларидан фориғ бўлиб, бутунлай соғайиб, оиласи, яқинлари, фарзанди аржумандининг бағрига қайтади.

Таъкидлаш ўринлики, Ферузанинг турмуш ўртоғи Мансур ака хурсандчилигининг ҳам чеки йўқ. У Ферузанинг даволанишида озми-кўпми барча ҳисса қўшган ватандошларидан миннатдорлигини изҳор қилди.

Азизлар, бу ўткинчи дунё ҳаёти яхшиликлар узра барпо қилинган, десак адашмаймиз.  Кимдир савобли амалларни қилса, бошқа биров унга васила бўлади. Бундан халқ ҳам, жамият ҳам ютади. Ягона Холиқ зот эса, инша Аллоҳ, бизлардан рози бўлади. Дуолар ижобат бўладиган, савоблар кўпайтириб бериладиган фазилатли кунларда тилагимиз шуки, орамизда хайр-эҳсон қилувчилар кўпаяверсин, ҳеч ким дард чекмасин, муҳтожлар қолмасин, барчамиз қилган хайрли амалларимизнинг савобини у дунёда тўла-тўкис олайлик!

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Артиқова Ферузанинг турмуш ўртоғи Рўзметов Мансур  (+998 99) 961 16-55

Пластик карта рақами: 8600 0423 5144 7932

(PAYME ва Click, Агробанк)

Агробанк АТБ Хоразм вилояти бошқармаси

МФО: 00548 

ИНН: 200 905 229

Нақд пул топширганда: 2311 6000 9000 0054 8001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 2311 8000 7000 0054 8001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 2312 0000 3000 0054 8001

(Эслатма: нақд пулни банкка топшириш ёки ташкилотлардан пул жўнатишни истаганлар пластик карта эгаси Рўзметов Мансур номига юборишингиз сўралади. Артиқова Феруза номига жўнатилган пуллар банк томонидан қайтарилиб юборилиши мумкин).

Мавзуга оид