Фолбинлик ва унга ишониш кишини хорлик сари етаклайди
Инсон билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Агар ақли етса, иймони бўлса, Аллоҳдан қўрқса гуноҳи учун тавба қилади ва қайтиб бу гуноҳга қўл урмайди. Аммо тескариси бўлса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам. Аммо шундай гуноҳи кабиралар бор-ки, у ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини куйдириб юбориши мумкин. Ана шундай гуноҳлардан фолбинлик, фолга ишониш, сеҳр-жоду ва мунажжимлик гапимизга мисол бўла олади. Бу мавзу ҳақдаги муборак ҳадиси шарифларда шундай дейилади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Фаришталар ер юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар».
Шарҳ: Бундан кўриниб турибдики, фолбинлар жин ва шайтонлар билан алоқа қилишади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб одамларга етказишади. Бу ишларнинг турган-битгани гуноҳи азимдир.
Абу Масъуд ал Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз (с.а.в) (баъзи) ман қилган нарсалари орасида, фоҳишаликдан топилган пул ва фолбинга бериладиган пул бор эди», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти хил ҳалокатли нарсадан сақланинглар», дедилар. Тингловчилар: «Улар нима, эй Аллоҳнинг расули?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, сеҳр-жоду қилиш (яъни, иссиқ-совуқ билан шуғулланиш), ноҳақ бирор бир одамни ўлдириш, етимнинг ҳақини ейиш, судхўрлик қилиш, душманга орқасини ўгириш, бегуноҳ муслима аёлларни (зинода) айблаш (гарчи улар бу нарсадан узоқ бўлсаларда).
Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг огоҳлантиришларига диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, инсонни ҳалокатга учратадиган амаллар ичида сеҳр-жоду, яъни бировни иссиқ-совуқ қилиш амали ҳам бор. Бугунги замонавий дунёимизда бировнинг эрини, акасини, укасини ва бошқа яқинларини сеҳр йўли билан иссиқ-совуқ қилиш жуда кўп учрайди. Бу ишни қилган ҳам, ишонган ҳам, қилдирган ҳам Аллоҳ наздида гуноҳкор кишилардир ва тавба қилмасалар Яратган томонидан уларга жазо муқаррар бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз саллоллаҳу алайҳи васаллам: «Кимда ким астрологияга оид илмни озгина бўлса ҳам ўрганса, у сеҳрнинг бир бўлагини ўрганган бўлади. Ва уни қанчалик кўп ўрганган сари, унга чуқурроқ кетади», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким тугун боғласа ва унга пуфласа; ва ким сеҳр (иссиқ-совуқлар) билан шуғулланса, демак у ширк келтирибди, ва кимда-ким тумор осиб қўйса (яъни, ёмон кўзлардан ёки балолардан сақлайди деб ишонса), у одам шунга топшириб қўйилади (яъни, Аллоҳнинг паноҳида бўлмайди).
Шарҳ: Кўпчилик хонадонларга эътибор бериб қаралса, дарвозаларнинг тепасига исириқ осиб қўйишганининг, болаларга кўз тегмасин деб кўзмунчоқ ёки тумор тақиб қўйишганининг гувоҳи бўламиз. Бунинг иллат ва гуноҳ эканлиги юқоридаги ҳадисда келтирилмоқда. Агар киши ўша туморга ишониб қолса, Аллоҳ ундан юз ўгирар экан. Аллоҳ юз ўгирган банданинг на ҳаётида, на турмушида ва на охиратида яхшилик бўлмайди. Аксинча, хорлик ва азоб ичида қолади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в): «Кимда-ким ҳайз кўраётган аёли билан яқинлик қилса, ёки аёлининг орқа тарафига яқинлик қилса, ва кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак у Муҳаммадга келган нарсага ишонмапти», дедилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в): «Кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак у Муҳаммадга келган нарсага ишонмапти», дедилар.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
22:39 / 11.06.2019
Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг ҳам айбларини яширади
18:51 / 10.06.2019
Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, уни хорламайди ва ёлғон сўзламайди
19:11 / 08.06.2019
“Кун ҳадиси”: “Қайси бирингиз бир ёмонликни кўрса, уни қўли билан тузатсин...”
18:54 / 06.06.2019