Жамият | 21:30 / 02.06.2018
8150
3 дақиқада ўқилади

Балиқчида республика ишчи гуруҳи аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал қилишга киришди

Фото: Facebook/Bahodir Shermuhammadov

Президент Ш.Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларига мувофиқ, республика ишчи гуруҳи 29 майдан бошлаб вилоятнинг Балиқчи туманидаги 65 та маҳаллада мавжуд ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича ўз ишини бошлаб юборди.

Ишчи гуруҳ маҳаллаларда аҳолини электр, ичимлик суви билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш, носоғлом муҳитни бартараф этиш, таълим сифати, ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини такомиллаштиришга доир масалалар юзасидан иш олиб борди.

Жумладан, ишчи гуруҳи дастлабки кунданоқ «Авесто» маҳалласидаги ижтимоий муҳит ҳолатини ўрганди. Маҳаллада жойлашган кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш бошлаб юборилди.

Кўп қаватли уйларнинг томлари тунукали қопламалар билан алмаштирилди. Йўлаклар таъмирланмоқда. Ирригация ва канализация тизими тубдан янгиланмоқда. Замонавий болалар ўйингоҳлари қурилиб, спорт майдончалари ташкил этилмоқда.

Балиқчи туманининг «Оққўрғон» маҳалласида республика ишчи гуруҳи таркибида фаолият олиб бораётган Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари ўз ишини давом эттирмоқда. Умуман, республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари томонидан аниқланган муаммоларнинг 60–70 фоизи жойида ҳал этилаётгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур жараёнларда ёшлар фаоллиги алоҳида эътирофга лойиқ. «Оққўрғон» маҳалласида истиқомат қилаётган Жўрабоев Бобур 24 ёшда бўлишига қарамай «Бек барака» номли фермер хўжалигини бошқариб келмоқда. Бугунги кунда 18 бош қорамол, 30 дан ортиқ қўй-кўзи, 80 та товуқ боқмоқда. 20 сотих ерга иссиқҳона қурмоқда. Шунингдек, турли полиз экинлари етиштирмоқда.

Энг асосийси — Хитойдан блок ғишт ишлаб чикарувчи ускуна харид килиб, аҳолини арзон ва сифатли ғиштлар билан таъминламоқда. Ишчи гуруҳи ёш тадбиркорга 30 млн. сўм кредит маблағларини қўшимча равишда олишга кўмаклашди. Тадбиркорнинг келгуси режаси давлатдан 1 млрд. сўм кредит олиб, мева ва сабзавотлар сақловчи музлатгич қуриш.

Туманда муаммолар юзасидан Ишчи гуруҳлар томонидан «йўл харитаси» тузилган ва унинг ижроси қатъий назоратга олинган. Муаммоларни жойида ҳал қилиш тамойили асосида ишланмоқда.

Мавзуга оид