Спорт | 23:04 / 02.06.2018
34803
21 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: “Реал"га 13 реал чизги..."

Абдулла Авлонийнинг машҳур иборасини сал ўзгартириб айтаман: “Мени юз йилдан сўнг уйғотсангиз, футболда ҳалиям “Реал Мадрид” ЕЧЛни енгиб юрганини кўрсам, ажабланмайман!”

ЕЧЛ баҳсларининг навбатдаги мавсуми ҳам тугади. Яна қироллик клуби чемпион бўлди. Худди “Атлетико”ни, худди “Ювентус”ни енгганидек, рақибини иккинчи бўлимда таслим этиб енгди. Бир-биридан фарқли рақибларни, услуби турлича бўлган мамлакат мактабларини парчалашда давом этмоқда “Реал”!

Мақоламиз аввалидаёқ кўпчилик томонидан муҳокама қилинаётган “Реал” эталонми, деган саволга жавоб бериб кетсак, нима дедингиз?!

Ҳамкасбларимиздан бири Қаҳрамон Асланов бу борада чиройли таъриф келтирган:

“Бу савол берилаверади, берилаверади. Йўқ, дейиш учун «Реал»нинг сўнгги беш йилда тўрт марта тенгсиз бўлгани халақит беради. Ҳа, дейиш учун эса, жамоа ўйинида, айтайлик, бошқа топ жамоаларда бўлмаган, ҳамма интилиши керак бўлган алоҳида жиҳатларни пайқамайсиз.

Бошқача айтиш мумкин лекин. «Реал» эталон эмас. «Реал» Европа футболининг чўққиси эмас. Аслида, бугунги кундаги ҳақиқий чўққи «Реал»ни ютиш, «Реал»дан кучлироқ бўлишдир. Ўша чўққи ҳозир бўш...”. 

Менинг фикрим сал бошқачароқ: Бугунги “Реал” эталон вазифасига лойиқми, йўқми, билмадиму, жамоанинг ўзи асрий футболда эталон. Мутлоқ эталон. Унинг эталонлигига 13та сабабни келтириб ўтаман. Нега 13талигини эса тушундингиз менимча?!

Фото: Twitter/ChampionsLeague

1. “Реал” – ибтидо!

Нега ибтидо, дейсизми, тушунтираман. Реал ЕЧЛнинг номи Европа чемпионлар кубоги бўлган даврларда ҳам ғолиблик масаласида кучли бўлган. Беш маротаба қаторасига кубокни боши узра кўтариб, ушбу турнирнинг эгаси аслида ўзи эканлигини ўшандаёқ эълон қилиб бўлган. Шу йилларгача ўша қаторасига қозонилган ғалабаларни тасаввур қилишимиз қийин эди, бугунги “Реал” бу кайфиятни тушунтириб берди: демак, олтмишинчи йиллар аввалидаги “Реал” ҳам деярли шунақароқ ютиб юрган экан. Ўзи умуман расман 20-асрнинг тенгсиз клуби деб топилган клуб ҳақида бошқача таъриф ишлатиб бўлармиди?!

Фото: AFP

2. Реал – барқарорлик рамзи!

Ҳа, “Реал” бошқа суперклубларга қараганда барқарорроқ. Иккинчи жаҳон урушидагина унинг фаолиятини ва гуллаган даврини кўрмаганмиз. Қолган барча замонларда қаймоқранглилар юлдузлар бригадаси бўлган. Жамоа таркиби энг муваффақиятсиз даврларида ҳам замонанинг сараларидан ташкил топган. Ҳеч бўлмаса, ўз ғазнасини миллий чемпионат кубоги билан тўлдириб борган.

Натижаларга қараб чиқсангиз кифоя қилади.

Фото: Reuters

3. “Реал” – класико муаллифи!

“Реал” чўққида тургани учун ҳам унинг асосий рақобатчиси – “Барселона” доимо ўсишда бўлган. Каталонияликларнинг шаклланишида, уларнинг-да бардавом бўлишида “Реал” жамоасининг барқарорлиги муҳим аҳамият касб этади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, иккиси бир-бирига бу борада кўмакдошдирлар. Бугунги Месси-Роналду тўқнашувида икки фигура бир-бирига дастак бўлаётгани каби...

“Реал” Испания муҳитидан бошқа жойда бу қадар кучли ва барқарор бўла олмасди. Чунки “Барса” мустамлака ўлароқ доимо унга қарши тиш қайраб тураверади. Мадрид жамоаси доимо огоҳ бўлиши, ўсишдан қолмаслиги керак. АПЛда рақобатнинг бу тури йўқ, Германия муҳитида имконсиз, Италияда ҳам пойтахт ва бошқалар ўртасидаги келишмовчилик сиёсий даражага кўтарилмаган. Ла лигадаги футболдан ташқаридаги муносабатлар яшил майдонга шу қадар таъсирини ўтказганки, бир аср давомидаги кураш дунё аҳлига эл-класико деган қўрқинчли сўзни тақдим этди. Эл класикога сабаб бўлган жамоа бу масалада ҳам эталон вазифасини бажарса, ҳеч ким қаршилик қилмас, а?!

Фото: ABC

4. “Реал” – антикашфиётчи!

“Реал” ҳеч қачон футболга янгилик киритишга интилмаган. Ҳеч қачон футболни кашфиётлари билан хурсанд қилмаган. Бу ёмон жиҳатку, дейишингиз мумкиндир, йўқ, аслида яхши томони бор. Эталон бўлишни ўз зиммасига олган клуб шундай бўлиши керак: у доимо юлдузлар иштирокида жамоа тузишга интилаверган. Тактик ўзгаришлар асрида “Реал” деярли зикр этилмайди. “Интер”нинг катеначчоси, “Аякс”нинг тотал футболи, ”Арсенал”нинг дубль-веси, «Барса»нинг тики-такаси ва шунга ўхшаш клубларнинг ёнига қўшиб айтиладиган схемалар, алламбало тактикалар қироллик клубининг қуроли ҳисобланмайди. Жамоа доимо ўз даври учун яшайди. Қирол бўлишни истайди, қироллик эса, фақат қироллик билан қўлга киритилади, бўлди. Энг зўрларни тўплайди ва ўйнайверади. Жамоанинг инқирозий дамлари ҳам кучли юлдузлар билан кечгани шундан.

Бугунги “Реал” Пепнинг “Барса”сидан ҳам хатарлироқ аслида. Чунки Гвардиоланинг аниқ ва тиниқ кўриниб турган янгича услуби бор эди. Янгича йўналишни ҳамма хуш кўради ва унга қарши анти ишларни амалга ошириш ҳам завқли юмуш. Ва янгича, ҳеч қачон кузатилмаган, асосан шу услубнинг эгаларисиз бажариш имконсиз бўлган ўйин узоқ яшай олмайди. У сунъий ўйлаб топилгани учун ҳам жонсиз роботни эслатади.

“Реал”нинг кучайиши реал йўллар билан, ҳаётий босқичлар асосида амалга ошгани учун ҳам тирик одам мисол улғайиб бораверади. Унинг аниқ кўриниб турган жиҳати йўқ. У фақат ўйинга мослашади, кучини керакли пайтда чиқаради. Бундай жамоанинг рақибларига жуда қийин, ишонаверинг. Улар ҳозирги “Реал”ни енга оламиз, деб ўз кучларини бус-буткул намойиш этадилар ва айнан шу нуқтада хатога йўл қўядилар. Улар ўша онлардаги “Реал”нинг кучини ҳақиқийси шу бўлса керак, деб ўйлайдилар. “Реал”нинг ҳақиқий кучи шу онлардан кейин намоён бўлади. Доим. Мана шунинг учун ҳам қироллик клуби финалга чиқаверади.

Фото: Getty Images

5. “Реал” – энг бой клуб!

“Реал” доимо бой жамоа ҳисобланган. Доимо. Тасаввур қилинг, бир асрдан бери шунақа аҳвол. Клуб ғазнаси ҳеч қачон бўшаб қолганини эшитмаганмисиз? Дунёнинг бошқа исталган жамоаси тарихига назар ташласангиз, бу борада юрак уришидаги белги каби ўсиш-қулашларни кўришингиз мумкин. “Реал”нинг доимо пули бўлган. Футболда молия асосий масала эканини бошқаларга қараганда шу жамоа ташкилотчилари олдинроқ пайқаб бўлишган.

“Реал” таркибига келаётган юлдузлар ҳам бу масканни айнан молия борасидаги орзу маскани, деб билишади. Захирасида ўтириб ҳам етти авлодига етадиган пул ишлаб олиши мумкинлигини тушунишади.

Фото: Reuters

6. “Реал” – бешафқат!

Ғалати таъриф, а? Иньестанинг хайрлашув кечасини кўрдингиз а – Олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб кетди камида. Касильес-ки, “Реал” юлдузларинг билан қандай хайрлашишни ўрган!”, - деб юбордими, демак бу ҳолат ҳаммага қандай тасаввур қилганини билиб олаверинг. Лекин мен “Реал”нинг бу масаладаги позицияни тушунишга уриниб кўраман. Оқламайман, тушунишга уринаман.

“Реал”дан бошқа деярли барча жамоалар ўз суюклилари билан одамга ўхшаб хайрлашадилар, нега энди қироллик клуби шундай қилар экан, деб роса ўйлардим. Перес жавоб берди ўз интервьюсида. Журналист, “Реал” учун сизчалик ҳеч ким кўп ёрдам бермаган бўлса керак, у сиздан қарздор ҳам, деган эди, қария: “Реал” барчамиздан устун, унга қанча хизмат қилсак арзийди, у эса, ҳеч кимдан қарздор эмас, бу клуб ҳамма нарсадан устун”, деб жавоб берди.

Барселонанинг шиорини биласиз: “Клубдан-да устунроқ!” Ҳа, бу Каталония оиласининг позицияси. Зўр қараш, тўғрими? “Реал”ники ғирт тескари: “Клуб ҳамма нарсадан устун!” Бўлди. Бу сизга, бизга ёқадими, йўқми, фарқи йўқ. У шундай яшаб келмоқда. У ўз даражасида қарайди барча юлдузларига. Шахсан менга баъзи ҳолатда шу одати ёқади ҳам. Тўғри, Раулни, Касильесни кетказиб юборгандаги иши яқинда балки Роналду билан ҳам такрорланар, лекин барибир “клуб барча туйғулардан устун”, деган шиорга амал қилаётган жамоа битта бўлса, шу ҳам «Реал»дир.

Бу шунақа “Реал”, сен келаётганингдаёқ унинг қандай масканлигини билгансан, дейди, тамом, вассалом. Рим императорининг қўлёзмаларда сақланиб қолган гапи Италиядан кўра Мадридда кўпроқ амалда: “Римга қанча хизмат қилсанг, Рим сени шунча шарафлайди, сен бу билан ўзингни шарафлайсан, унинг обрўсини заррача кўпайтириб қўймайсан!”.

Шунақа бешафқат, аммо бошқаларда топилмайдиган позиция. Эталонликка ярайди-я?!

Фото: AP

7. “Реал” – галактикос!

Тарих тарих бўлиб яралибдики, ҳар бир чизиғи юлдузлардан ташкил топган жамоа фақат “Реал” бўлган. Ҳа, қироллик клуби 21-аср кириб келиши биланоқ футболга бошқачароқ жозиба тақдим этиш ниятида ҳар бир чизиғига дунёнинг энг яхши вакилини танлаб, олиб кела бошлади. Зидан, Фигу, Роналдо, Рауль, Роберто Карлос, Оуэн, Бекҳэм ва Касильес сингари юлдузлар бир жамоа таркибида қачон ўйнай олардиларки, агарда дунёда “Реал” деган клуб бўлмаса? Шу бахтни кўрганмиз. Ўша таркиб айтарли натижа қайд эта олмаган. Лекин барибир унинг ҳаммадан кучли эканини ўшанда “Реал”ни енгаётган клублар ҳам яхши билишарди. Айтмоқчиманки, юлдузларни имкон қадар бир жойга жамлаш ва бу масалада чўққига чиқиш ҳам Мадрид раҳбариятига насиб этди. Фақат шу клубга. Эталон деган мезонга тушади бу ҳам.

Фото: Reuters

8. “Реал” - баҳорий жамоа!

“Арсенал”нинг фожиаси март ойига келиб чарчаб қолишида, деган эди Анри бир пайтлар. “Реал” эса, жўжани баҳорда санашни хуш кўради. Кузги “Реал” шу қадар ишончсиз кўринадики, ҳар йили шу клуб беш ой ўтгач ўзига келиб олишига ишонгингиз келмайди. Аммо келиб олади. Марселонинг турқига ўхшаб тиржайиб ўзига келиб олади. Баҳорги ўйинларининг шиддати туфайли у плей-оффларни енга олади. ЕЧЛда қатнашаётган клубларга бу жиҳат шубҳасиз эталонлик вазифасини ўтаб беради. Саккиз ой давом этадиган мусобақани бир хил ўтказиб бўлмайди. Энг муҳим паллагача кучни сақлаб туришни эплагангина муваффақият қозонади. Бошқа чора йўқ. “Реал” бу масалада намуна.

Фото: Реал Мадрид

9. Реал – иккинчи бўлим жамоаси!

“Реал” иккинчи бўлимни супер ўтказади. “Ювентус” билан ўтган йилги финални эсланг, ПСЖ билан кечган бу йилги баҳсни. “Бавария” билан бўлган иккала ўйинни. Ва ҳатто бой берилган – Бернабеудаги “Ювентус”га қарши оғир ўйинни эсланг.

“Ювентус”га шляпалар ечилди, ўз уйида 0:3 ҳисобида енгилган клубнинг рақиб уйига бориб худди шунча гол уриб ҳисобни тенглаштира олгани катта матонат, тан оламан, бироқ, “Ювентус” мана шу “ўзига келиб олиши” учун бир ҳафта олганини, “Реал” эса, ҳисоб тенглашгач ҳужумлар ёмғирини бошлаши учун қандайдир дақиқалар олганини унутмаслигимиз керак. Менимча, “Реал”га қийинроқ эди. Чунки бир кун олдин камбэклар қаҳрамони Каталония жамоаси ҳам худди шу ҳудудда нима қиларини билмай қолганини кўрдик, яъни ўйин бошидан охирига қадар ўзгара олмади.

Финалда Салоҳсиз ўйнаган “Ливерпуль” ҳатто етакчи майдонда ҳаракат қилганда ҳам қийин бўларди, дегувчилар сон мингта топилади. Факт шуки, бу кечадаги ғалаба ҳам иккинчи қирқ беш дақиқаликда қўлга киритилди.

Фото: Twitter/LaLiga

10. “Реал” – ўзгармайдиган жамоа!

Ўзгармаслиги қандай дейсизми? Сал юқорироқдан тушунтириб келаман:

“Реал” ҳаммадан ҳам ЕЧЛ ғолибларига кўпроқ эталонлик вазифасини бажармоқда. Юқорида беш маротаба қаторасига ғолиб бўлган эски даврларни эсладик. Яқин-яқингача бунинг имкони йўқлигини уқтириб келишди бизга. Ҳатто шу жамоанинг ўзи ҳам 1998 йили енгиб, келаси мавсум Киев “Динамо”сидан зарба қабул қилиб, турнирдан чиқиб кетди. 2000 йили енгдию, 2001 йилнинг баҳорида охиригача бора олмади. 2002 йили яна шоҳсупага чиқишга мушарраф бўлиб, кейинги йилларда умуман бу жойни орзу қиладиган аҳволга тушиб қолди. Айтмоқчиманки, қироллик жамоаси ўзи ҳамки бажара олмаган ишини бу сафар уддалади. Мусобақа ЕЧЛ номини олгач, савияли клублар кўпайиб кетди ва қаторасига ғолиб бўлиш руҳан оғирлик қилиб қолди. Шу боис ҳам, “Ювентус”, “Аякс”, “Манчестер Юнайтед” каби клублар енгган мавсумларидан бир йил ўтиб, яна тахтга қайта олишмади. “Реал” эса буни уддалади.

Юқоридаги суперклублардан фарқли равишда, у жамоасининг таркибини ўзгартирмасдан, эски йигитлари билан қўлга киритди. Олдинлари эса, ҳар қандай ғолиб ўз устида яна ишлар, янги юлдузларни жамоага олиб келарди. Бу ўзгаришлар эса, жамоага салбий таъсир қилар, ҳеч қурса охирги учрашувда имконият туҳфа эта олмасди. “Реал” футболчи сотиб олмади, қайтанга ўз бахтини бу клубда кўрмаётганларга чиқиш эшикларини кўрсатди. Ла лига ўйинлари бой берилган бўлса ҳамки, ЕЧЛдаги “кўзи очлик” сақланиб қолинди. Чунки уларнинг ҳаммаси бир йил муқаддам турнирда ҳеч ким қилмаган ишни – қаторасига иккинчи марта кубокни енгишни бажаришганди. Айнан улар бу ғалабани янада ошириш ҳиссини яхши билардилар. Янги қўшилган йигитда эса, бу туйғу бўлмайди. Бўлса ҳам, сал нотанишроқ бўлади. Олдингисида қатнашмаганку, тўғрими? Марсело, Роналду, Кросс, Модрич ва Бензема аталмиш юлдузлар юрагида бу туйғу яшаб қолаверди. Улар ўзларига ўзлари рақобатчи бўла олишди.

Фото: AFP

11. “Реал” – қирол мураббий маскани

Юқоридаги ҳолатларга “Реал” Мадриднинг бош мураббийи, антиқа мураббийи туртки бера олди. Жамоадан кетишини-да антиқа суратда эълон қилган Зайниддин Зидан.

Даҳо футболчи мураббийлик соҳасида ҳам шу чўққига чиқиш мумкинлигини кўрсатди. Зидан энди маэстро. Унга нисбатан шу пайтгача ишлатиб келинган “омадли”, фақат “руҳий далда бўлувчи” деган таърифларни энди четга улоқтиринг. У тактик жиҳатдан ҳам устаси фаранг эканлигини плей-офф баҳсларида исботлади. Италия клубига қарши буткул бошқача ёндашув, Баварияга қарши ўзига хос услуб, АПЛ клубига ўзгачароқ қаршилик. Ҳаммасида ҳам ўта аниқ ҳаракат қила олмагандир, аммо бир мураббийга шунча турлича қарашлар менимча етарли бўлса керак.

Фото: Twitter/ChampionsLeague

12. Реал – суперголлар макони!

Бэйлнинг финалдаги голи. Роналдунинг Буффонга йўллаган тўпи. Ҳув олисдаги Зиданнинг финалдаги ғалаба голи. Ўша голларни эсланг-да, бошқа қайси клуб плей-оффда ва ҳаттоки финалда бу қадар сифатли голлар уриши мумкинлигини ўйлаб кўринг! Соғамас бу йигитлар... мураббийидан тортиб ўйинчисигача...

Фото: Twitter/ChampionsLeague

13. “Реал” бу, реал!

Ва ниҳоят клубнинг номи – реал! Ҳаммасидан ҳам номи зўр клубнинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам реалмиз дегани. Ҳақиқат, бор, мавжуд нарса дегани. Инсонлар реалликка интилганидек, футбол Реал футболига интилади. Юқорида ҳамкасбимиз айтганидек, у энг зўр натижалар қайд этган пайтда ҳам нима учун эталонлигини-да била олмаганимиз сабаби ҳам шу: у ўта оддий ўйнайди, алламбало услубларни суймайди, хатолари ҳам инсоний, қулайди, туради, ютқазади, ютади. Ҳаётий йўл билан ривожланиб бораверади. Рақиблари кучайса, улардан кучайиш йўлларини ўша пайтнинг ўзидаёқ ҳаракатига тушади. Оддий, содда, аммо буюк қарашлар билан.

Рамоснинг ғирромликлари ёнида ўша Рамоснинг сўнгги сонияларда йўллаган голи, халоскорлиги гавдаланиб тураверади. Пенальти ишлаш учун ошкора тиланаётган Роналдуни кузата туриб, беихтиёр бу қадар айёр ўйинчи ер юзида топилмайди, деб юборасизу, сал ўтиб ўзининг голини яна бодиларча нишонлаётганини кўрасиз. У уялмайди шундай нишонлашдан. Реал ўйинчиси у. Характери шунақа, реаллигини кўрсатади. Алдамайди, камтарлик қилмайди. Чунки у инсон, инсон эса, доим бир хил бўлмайди.

“Реал” шунақа жамоа бўлгани учун ҳам кимдир уни роса яхши кўради, кимдир уни отгани ўқ излайди. Одам боласи борки, шунақа. Ҳаммага ёқа олмаган. “Реал” ҳам номига яраша ўз характерида собит. У услубида ҳеч қандай янгилик қилмаганидек, характерида ҳам ўзгачаликни кўрсатмайди. Чунки Реалда реалликдан бошқа нарса йўқ. Уни борича қабул қилишингиз керак. Қабул қилгингиз келмаса, унга фарқи йўқ. Шундай яшаб қолаверади.

Жуда кўп жамоаларга назар ташласангиз, клубдаги ўйинчилари бир-бирига ўхшаб кетган бўлади. Ҳеч қурса тақлид кўзга ташланади. "Реал"да эса, бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган нигоҳлар жамланган: Марселонинг юзига қаранг, борми бошқа жойда яна бир Марсело? Роналдунинг кибри, Бэйлнинг тушуниксиз қарашлари, Каземиронинг юввош нигоҳи, Модричнинг болаларча юриши, Рамоснинг ёввойилиги, умуман, бу жамоа ўйинчиларини бирлаштириб турадиган нарса борми? Бор бўлса ҳам, у ҳам реаллиги, ўзлиги.

Фото: AFP

Мен бу билан бошқа клубларда ўзлик йўқ, демоқчи эмасман. Асло. “Реал”да шу жиҳат кўпроқ, демоқчиман. “Реал”нинг мухлисларига ҳам қараб туриб қойил қоламан: “Улар ҳакамлар очиқча ён босган ўйинларда ҳам ғалабани олқишлашади, ички хурсандчиликларини ёлғондакам қадриятлар билан андавалаб ўтиришмайди. Рамос Салоҳни синдириб ташласа ҳам, уни суяверишади. Жаҳлингиз чиқади, аммо нима қилсин, у ичидаги бор туйғусини ташқарига чиқаряптику, алдамаяптику сизни. У “Реал” клуби қанақа бўлса, шундайдир: ғалаба учун китобий туйғулардан воз кечиб кетаверади. “Реал” раҳбарияти ўз юлдузини “бўлди, сендан фойдаланиб бўлдик, рухсат”, деб кетказиб юборганида, жаҳлимиз чиқиши мумкину, аммо бошқа томондан ўйлаб кўрсак, уларнинг ичи билан усти бир хиллигини кўрамиз. Дунёга ёмон кўриниб бўлса ҳам, ўз ростилигини кўрсатишади. Бу қийин иш, ишонаверинг. Зўр тадбир қилиб, чиройли таърифлар билан яшаб қолиш ҳам мумкин эдию, йўқ, “Реал”нинг реаллик характери раҳбариятидан тортиб мураббийларига, футболчиларидан тортиб мухлисларигача уриб кетган.

Рости, бу қадар аянчли сўзлар билан якунлаш ниятим йўқ эди. “Реал”га ўхшагим келди. Ичимдаги гапларни ёзгим келди. аврагим келмади. Ёқса-ёқмаса ҳам борим шу, дегим келди.

... Энди хоҳлаганча танқид қилаверинглар. Чунки бошқа пайт бу ишни қила олмаслигингиз мумкин. Бошқа клублар ҳақида ёзилганида, бошқача ёзаман, бошқа жиҳатларини олиб чиқаман. Салгина нореалроқ, бўрттирилган жиҳатларини. “Реал” учун эса, бори шу!!!

Мавзуга оид