Жамият | 18:39 / 04.06.2018
26763
3 дақиқада ўқилади

Хайрия: 9 йил спорт билан шуғулланган Элдор икки буйрак етишмовчилигидан азият чекмоқда

Рамазони шарифда меҳр-мурувват, ёрдамга муҳтож юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш амалиётимизни кўпайтириб, яна бир хайрли мақсад ила излаётган манзилимизни қидирамиз. Бу Чиноз туманининг Ялламаси, Қир маҳалласи Ниёзова кўчаси 22-уй. Бизни тан тузилишидан бир вақтлар жисмонан бақувват бўлгани кўриниб турган, бироқ касаллик туфайли рангини олдириб қўйган ватандошимиз кутиб олди. 

Маълум бўлишича, 9 йил мобайнида спортнинг кикбоксинг ва бодибилдинг турлари билан шуғулланган Элдор 3 йилдан буён ўткир икки буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келади. Айни вақтда Тошкент вилоятининг Хонободдаги тез ёрдам марказида гемодиализ воситасида қонини тозалаш билан ҳаёт кечирмоқда. Биз аҳволи қандайлигини сўраб, Элдорнинг сўзларини тинглаймиз.

“3 йил бўлди буйрагим ишдан чиқди. Гемодиализ оламан, 3 йил бўлди. Менга буйрак бужмайиши, қуриши ташхиси қўйилган. Ўзим 9 йил кикбоксинг ва бодибилдинг билан шуғулланганман. Аллоҳ йўлида ҳалол-пок ҳаёт кечираман, деган ниятлар билан юрардим. Тошкент юридик коллежини битирганман. 

Бу буйрак етишмовчилиги инсонни аста-секин қийнаб, тўкар экан. Ҳозирда ҳаловатим умуман йўқ, 3-4 хил дори истеъмол қиламан доимий равишда. Кичик ҳожат умуман йўқ. Қон босимим баланд бўлиб кетади. Танам ҳаддан ортиқ қизиб кетаверади. Ёз мавсумида жуда қийналаман”, - дейди ватандошимиз. 

Унинг сўзларига кўра, гемодиализ олиш чоғида гепатит С вирусини ҳам юқтириб олгани боис, бу хасталикдан ҳам даволанмоқда. “Унинг дориси эса, фақат Ҳиндистон келтирилади”, дейди Элдор. 

Элдорнинг айтишича, айни вақтда онаси буйрагини беришга рози бўлган. Бунинг учун маълум миқдорда (45-50 млн сўм) атрофида маблағ талаб этилади. Буйрак кўчириш бўйича жрроҳлик амалиётини Республика жарроҳлик илмий марказида ўтказиш мумкин.

Азизлар, меҳр-мурувватли ва хайр-эҳсонни хуш кўрувчи ватандошлар, шундай фазилатли улуғ кунлар ичида турибмиз. Набийлар сарвари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазони шарифда бошқа ойларга қараганда янада саховатлироқ бўлиб кетар эканлар. Биз у муборак кишининг уммати сифатида турмуш тарзимизда у кишидан ҳар бир соҳада ўрнак олишимиз лозим. 

Шундай экан, келинглар, яхшилар қулай фурсатни бой бермайлик, саховат қўлларимизни кенг очиб, ёрдамга муҳтож, яхшилик ниятида даволаниб олиш учун кўмак сўраётган ватандошимиз умидини пучга чиқармайлик. Унинг шифо топиб, оёққа туришига имкон қадар кўмаклашайлик!

Назаров Элдор  +99897 768 76 40

PAYME, CLICK (Агробанк): 8600 0417 3304 6909

Ҳисоб рақами: 2261 8000 6990 4580 1500

МФО: 00476

Мавзуга оид