Спорт | 19:06 / 05.06.2018
8200
3 дақиқада ўқилади

Мисрлик мухлис велосипедда жаҳон чемпионати сари йўлга чиқди

Фото: AP

Мисрлик Муҳаммад Навфал — 24 ёшли фотосуратчи, ашаддий футбол мухлиси Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати сари велосипедда йўлга чиқди, деб хабар беради ТАСС.

У сўнгги 28 йилда илк маротаба мундиал йўлланмасини қўлга киритган Миср терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун, 65 кун ичида 5000 км масофани босиб ўтишига тўғри келади.

Навфал 7 апрель куни Қоҳирадаги Таҳрир майдонидан йўлга чиқди. У 31 май куни Россияга етиб келишни мўлжаллаган эди. Аммо, йўлда велосипедининг бузилиб қолиши, финишни бироз кечиктирди.

Муҳаммад етарли тажрибага эга велосайёҳ ҳисобланади. У биринчи марта бундай сафарга отланаётгани йўқ. 2017 йилда Навфал 90 кун ичида 5та мамлакат ҳудудидан ўтиб, Африка миллатлари кубогида Миср терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Габонга етиб борган.

Қизиғи шундаки, Муҳаммад Россия сари сафарнинг ҳамма қисмини велосипедда ўтолмади. Мисрдан Иорданияга етиб келгач, сайёҳ Суриядаги нотинч вазият туфайли, самолётда Болгария пойтахти Софияга учиб боришга қарор қилди. Руминия орқали Украинага ўтмоқчи бўлганида, яна бир муаммога дуч келди. Украина визаси йўқлиги туфайли, Навфал Бухарестдан Беларусга самолётда учиб кетди ва ўша ердан велосаёҳатини давом эттирди.

У кунига ўртача 80 км масофани босиб ўтмоқда. Баъзан меҳмонхонада, баъзан очиқ осмон остида тунаб қоляпти. Баъзи ҳолларда меҳрибон одамлар унга бошпана беряпти. 

Навфал саёҳатга тахминан 20 минг АҚШ доллари сарфлашни режалаштирган эди. Бироқ, аслида бундан ҳам камроқ харажат кетиши маълум бўлди. Чунки, кўплаб жойларда одамлар уни катта эҳтиром билан кутиб олишди, меҳмон қилишди, ТВ кўрсатувларига таклиф қилишди.

Муҳаммад Москвага 7 июнь куни етиб келади, аммо бу билан унинг велосаёҳати тугамайди. У 15 июнь куни Екатеринбургда ўтказиладиган Миср - Уругвай ўйинига чипта олган. Шунингдек, саёҳатчи Санкт-Петербург, Волгоград ва Грозний шаҳарларига ҳам боришни режалаштирган. 

ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида Миср терма жамоаси Уругвайдан ташқари, Россия (19 июнь) ва Саудия Арабистони (25 июнь) билан ҳам беллашади. Навфал фикрига кўра, айнан россияликлар «фиръавнлар» учун кейинги босқичга чиқишда асосий рақиб бўлади. 

Саёҳатчи уйига Миср терма жамоаси билан бирга, махсус авиарейсда қайтишни мўлжаллаяпти.

Мавзуга оид