Жамият | 17:44 / 07.06.2018
40575
4 дақиқада ўқилади

«Агробанк» ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида батафсил маълумот берилди

Фото: Belta.by

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси, Сўх туман бўлими, туман прокуратураси ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, АТБ «Агробанк» Сўх туман филиали бошқарувчиси ўринбосари Ш. банкнинг юқори лавозимларида ишловчи танишлари орқали «Азамати Бузург» МЧЖга ажратилаётган 500,0 млн сўм кредитни тезроқ чиқартириб бериш эвазига фуқаро И.дан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти хабар берди.

АТБ «Агробанк» Сўх туман филиали бошқарувчиси ўринбосари Ш. қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, пулни Фарғона шаҳрига қатновчи такси ҳайдовчилари орқали АТБ «Агро банк» Фарғона вилоят бошқармаси «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С.га етказиб бериши кераклиги ҳақида тушунтириш берган ҳамда жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдириб ариза берган. 

Ушбу аризага асосан тезкор ходимлар томонидан тадбир давом эттирилиб, банкнинг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали «Азамати Бузург» МЧЖга 500,0 млн. сўм кредитни тезроқ чиқартириб бериш эвазига «ёлланма ҳайдовчи» Б.дан 1000 АҚШ долларини олаётган АТБ «Агро банк» Фарғона вилоят бошқармаси «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С. ҳам ашёвий далил билан ушланган.

АТБ «Агро банк» Фарғона вилоят бошқармаси «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С. қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдириб берган аризасига асосан тадбир давом эттирилиб, АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х., С.дан 1000 АҚШ долларини санаб олиб, 200 АҚШ долларини ёнида сақлаб туришини айтиб қайтариб бериб, 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Х. қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, пулни республика «Агро банк»да ишловчи «О» исмли шахсга бериши кераклигини, пулларни йўловчи такси орқали жўнатиши кераклиги ҳақида берган аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилган.

Тадбирда, АТБ «Агробанк» Республика марказий аппарати «Кредитлаш департаменти» бош мутахассиси О. телефон орқали АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.га «Азамати Бузург» МЧЖнинг 500,0 млн. сўм кредитини тезроқ чиқартириб бериш масаласи, ушбу сумманинг 2-3 фоизи эвазига ҳал бўлишини билдириб,  800 АҚШ долларининг устига яна 500 АҚШ доллари қўшиб беришини талаб қилиб, «ёлланма ҳайдовчи» Д.дан кимёвий ишлов берилган жами 1300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан АТБ «Агробанк» марказий аппарати «Кредитлаш департаменти» бош мутахассиси О., АТБ «Агро банк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х., «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С. ва АТБ «Агро банк» Сўх филиали бошқарувчиси ўринбосари Ш.ларга нисбатан ЖКнинг  168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.

Мавзуга оид