Спорт | 10:23 / 10.06.2018
10917
1 дақиқада ўқилади

Британиялик боксчи Фьюри 2,5 йил ичидаги илк жангида зафар қучди

Фото: Reuters /Andrew Couldridge

Ўта оғир вазн тоифасида 3 та версия бўйича собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри 2,5 йиллик танаффусдан кейин рингга зафарли қайтди. У Манчестерда ўтган 10 раундлик рейтинг жангида албаниялик Сафар Сафарий устидан 4-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди.

Фьюри бунгача охирги жангини 2015 йил ноябрда украиналик Владимир Кличкога қарши ўтказганди ва ҳакамлар қарори билан IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларини қўлга киритган. Кейинроқ у IBF камаридан маҳрум этилганди.

2016 йил ёзида боксчининг допинг-намунасида кокаин моддаси борлиги аниқланган ва ўша йилнинг октябрида у боксчилик лицензиясидан маҳрум этилган. Унинг лицензияси жорий йил апрелида тикланди. 

Энди 29 ёшли Фьюрининг ҳисобида 26 та жангда 26 та ғалаба бор. 39 ёшли Сафарий эса фаолиятидаги  23 та ғалаба билан бирга 2-мағлубиятга учради.

Мавзуга оид