Жаҳон | 20:57 / 10.06.2018
23307
2 дақиқада ўқилади

Сингапур АҚШ ва КХДР саммитини ўтказишга қанча маблағ сарфламоқда?

Сингапурда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида ўтадиган саммитнинг қиймати 20 миллион долларга яқинни ташкил қилади. Straits Times нашри Сингапур бош вазири Ли Сяньлуннинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Ли Сяньлун бу харажатлар Сингапурнинг халқаро саъй-ҳаракатларга қўшадиган ҳиссаси экани ва мамлакат бундан манфаатдор эканини таъкидлади. 

"Биз бу харажатларни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз", - дейди бош вазир. У сарфланаётган маблағнинг деярли ярми хавфсизликни таъминлашга йўналтирилганини қўшимча қилди. 

Ли Сяньлун мазкур саммит Сингапур фойдаси учун хизмат қилишини қайд этди. "Бу жаҳон ҳамжамияти эътиборини бизга қаратади. Бизни учрашув жойи сифатида танлашгани (ҳолбуки биз бу ҳақида сўрамаганмиз) - Сингапурнинг томонлар - АҚШ, КХДР билан муносабатлари, шунингдек бизнинг халқаро ҳамжамиятдаги позициямиздан далолат беради", - деди бош вазир.

Таъкидлаш жоизки, 12 июнь куни Сингапурда тарихда илк марта АҚШ ва КХДР ўртасида саммит ўтказиш режалаштирилган. Унда Америка президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашади. 

Мавзуга оид