Иқтисодиёт | 16:15 / 11.06.2018
6622
4 дақиқада ўқилади

Йил бошидан бери бозор хизматлари ҳажми қанчага тенг бўлди?

Фото: Advantour

2018 йил январь-май ойларида бозор хизматлари ҳажми 54498,0 млрд. сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 107,0%га тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Молиявий хизматларнинг ўсиш суръати 129,4%ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 1666,1 минг. сўмни ташкил этди.

Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида энг катта улуш транспорт хизматларига (30,2%) тегишли бўлди.

2018 йил январь-май ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар (133,6%), молиявий хизматлар (129,4%), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (118,9%), соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларда (113,6%) энг юқори ўсиш суръатларига эришилди (113,6%).

Транспорт хизматлари кўрсатилган умумий хизматлар ҳажмида энг юқори ҳажмни - 16,479,2 млрд. сўмни ташкил этади. Бу саноат, қурилиш, ташқи ва ички савдо, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик каби тармоқларда ушбу хизматларга бўлган талабнинг юқорилиги билан изоҳланади. 

Шу билан бирга, савдо хизматлари ҳажми - 15025,4 млрд. сўм, молиявий хизматлар - 7492,0 млрд. сўм, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари - 3734,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошганлиги қайд этилди. 

Транспорт хизматлари умумий ҳажмида энг катта улушни автомобиль транспортида кўрсатилган хизматлар (48,3%) ташкил этади. Қувурлар орқали ташиш хизматлари жами транспорт хизматларининг 18,5%ни ташкил этади. 

Темир йўл транспортида кўрсатилган хизматлар транспорт хизматлари умумий ҳажми 15,3%ни ташкил этади. Товарлар ва йўловчиларни ҳаво транспортида ташиш бўйича хизматлар улуши транспорт хизматлари умумий ҳажмида 10,6%га етди. Ёрдамчи транспорт фаолияти транспорт хизматлари жами ҳажмининг 7,3%ни ташкил қилади. 

Автомобиль транспортида кўрсатилган хизматлар таркибида энг катта улуш Тошкент шаҳри (16,7%), Тошкент (13,8%) ва Самарқанд (11,7%) вилоятларига тўғри келади. Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё (1,6%), Жиззах (2,7%), Навоий (2,7%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (3,2%) қайд этилди.

2018 йил январь-май ойларида молиявий хизматларнинг ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 129,4%га етди. Молиявий хизматлар ўсиш суръатининг ошиши Сурхондарё (140,5%), Жиззах (136,7%), Тошкент (136,2%), Навоий (135,5%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (131,3%) кузатилди. 

Молиявий хизматлар бўйича бошқа ҳудудларга нисбатан энг паст ўсиш суръатлари Бухоро (115,6%), Хоразм (120,7%), Андижон (121,2%), Наманган (121,7%) ва Фарғона (122,7%) вилоятларида қайд этилди. Ҳудудлар кесимида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент (123,2%), Навоий (120,3%), Наманган (120,0%), Самарқанд (119,9%), Бухоро (118,8%) ва Жиззах (117,6%) вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида (120,5%) кузатилди. 

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича нисбатан паст ўсиш суръатлари Хоразм (113,9%), Сирдарё (114,8%), Сурхондарё (114,9%), Қашқадарё (115,7%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (115,0%) қайд этилди.

Ҳудудлар орасида энг катта ҳажм Тошкент шаҳри (17451,7 млрд. сўм), Тошкент вилоятига (4 071,1 млрд. сўм) тўғри келади. Энг паст ҳажм Сирдарё (707,7 млрд. сўм), Жиззах (1129,9 млрд. сўм) вилоятларида кузатилди. 

Ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри етакчи ўринни эгаллайди. Тошкент шаҳрининг кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмидаги улуши 32,0%ни ташкил қилади. Шу билан бирга, хизматлар умумий ҳажмида ҳудудлар бўйича энг юқори улушларни Тошкент (7,5%), Самарқанд (6,8%), Фарғона (6,2%) ва Андижон (5,5%) вилоятлари ташкил этади.

Ҳудудлар орасида энг паст улушлар Сирдарё (1,3%), Жиззах (2,1%), Навоий (2,6%), Хоразм (2,9%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига (3,0%) тўғри келади .

2018 йил январь-май ойларида аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 1666,1 минг. сўмга тенг бўлди. Ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 105,2%ни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида - 7064,3 минг. сўм қайд этилди. 2017 йил январь-май ойларига нисбатан ўсиш суръати 110,6%ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига хизмат кўрсатишнинг энг паст кўрсаткичи Сурхондарё вилоятида - 813,7 минг. сўм кузатилди, ўсиш суръати 104,5%ни ташкил этди. 

Мавзуга оид