Жамият | 02:19 / 13.06.2018
43959
3 дақиқада ўқилади

Аллоҳ таоло ризқ беришда ҳеч бир жонзотни унутмайди

Аллоҳга таваккал қилиш қандай бўлади ва у қай вазиятларда амалга оширилади. “Ислом нури” дастурининг навбатдаги сони мавзуси ана шу ҳақда. Тошкент шаҳридаги “Бўри жар” жоме масжиди имом хатиби Ҳусниддин Абдукаримов бу ҳақда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Инсон боласи ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога таваккал қилиши лозим ва шарт. Чунки инсоннинг қисмати шуки, у Яратгандан ҳар лаҳза умидвор бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ таваккул қилувчиларни севади”, дея марҳамат қилади. 

Бу таваккул қилиш ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билмоғликнинг ишораси бўлади. Бунинг аксини оладиган бўлсак, бандаси “ўзим қилдим, ўзим тердим, ўзим йиғдим, ўзим эришдим”, деган гаплар Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳолатга олиб келади. 

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Исо алайҳиссаломнинг сўзларини келтириб шундай дейдилар: “Кимки охират кунига, Аллоҳ таолога чин маънода ишонадиган бўлса, Яратганга таваккул қилсин. Ва эртанги кунини ўйлаб, таомни яширмасин. Чунки эртанги кун ўзининг ризқи билан келади”. Яна давом эттилар: “Чумолининг ҳам ризқини берувчи Аллоҳ таоло. Уларнинг қорни кичкина-ку, дея шубҳа қилса, қушларга боқсин. Агар бундан қаноат ҳосил қилмаса, катта-катта ҳайвонотларга боқсин. Аллоҳ ризқ беришда ҳеч бир жонзотни унутмайди”.

Аллоҳ таолонинг ризқ берувчи фазилати ҳам бандани Парвардигори оламга чин маънода таваккул қилмоқлигига боғлиқ. Яъни, банда таваккал қилса бас, Аллоҳ унинг ризқини етказиб бераверади. Муфассирларимиз айтишадики, шариат ҳукмларига амал қиладиган, Аллоҳ таолога таслим бўлиб, нима буюрган бўлса, ана шу буйруқларига риоя этиб юрадиган инсонларни мусулмон дейилса, ундан кейинги босқични мўминлик мақоми дейилади. Биринчи босқичда Аллоҳдан қўрқиш бўлса, иккинчи босқичда Аллоҳга бўлган муҳаббат, унга талпиниш юзага келади.

“Бўри жар” жоме масжиди
имом хатиби Ҳусниддин Абдукаримов

Албатта, ҳар бир инсоннинг ўз эътиқоди, Аллоҳга бўлган муҳаббати бор. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдиларки: “Агар Аллоҳга чин таваккул қилганингизда эди оч кетиб, тўқ қайтган қушлар каби бўлар эдингиз”. Бу ҳадиснинг моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, қушлар эртанги куннинг ғамини емайди, бирор нарсани ғамлаб қўймади. Фақатгина эрта тонг саҳар учиб кетишар экан, кеч тушганда тўқ қайтиб келишар экан. Инсон боласи қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар Аллоҳга бўлган таваккулини амалда кўрсата олмоғи зарур, - деди Ҳ.Абдукаримов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид