Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғалла мавсуми: Пахтачида корхонанинг юк машиналарини ЙҲХ бўлими бошлиғи шахсан ўзи «қамади»
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги «Dorkomplektsnab Plus» масъулияти чекланган жамиятига (директори Абубакр Бердиев) тегишли юк ташув автомашиналардан иккитаси Пахтачи туман ЙҲХБ бошлиғи, майор Зокир Турдиев томонидан шахсан жарима майдончасига киритиб қўйилганлиги сабабли корхонанинг иши тўхтаб тургани ҳақида мурожаат таҳририятимизга келиб тушгач, KUN.UZ воқеа жойида бўлиб, вазият билан яқиндан танишди.
«Dorkomplektsnab Plus» МЧЖ гранит тошлардан турли ўлчамдаги сифатли шағал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бўлиб, унинг маҳсулотларини, асосан, «Ўзбекистон темир йўллар» АЖ харид қилади. Шунингдек, 150 га яқин ишчи меҳнат қилаётган корхона ишлаб чиқараётган ювилган, сифатли шағаллар Навоийдаги янги ИЭС қурилишига ҳам жўнатилмоқда.
Айни пайтда Пахтачи туманида ғалла ўрими қизғин паллага кирган. 6 июнь куни кеч соат 17:00 лар атрофида «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖнинг карьердан гранит тошларини олиб келиб майдаловчи бункерга тўкиб кетаётган «Камаз» русумли юк ташувчи, зирҳланган автомашиналаридан иккитасини Пахтачи туман ЙҲХБ раҳбари З.Турдиев шахсан тўхтатади ва ҳужжатларидан бири (техпаспорти) йўқлиги учун жарима майдончасига олиб боришни буюради.
Автомашина ҳайдовчиларининг бизга маълум қилишларича, уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талони бўлган, фақат смена топширилаётган чоғда техпаспорт гараж мудири қўлида расмийлаштириш учун қолдирилган. Гараж мудири хонаси воқеа жойидан 500 метр нарида бўлишига, техпаспортни олиб келиб, ЙПХ ходимларига кўрсатганига қарамасдан машиналар жарима майдончасига олиб кетилган.
Бу воқеа машиналар аҳоли пунктида эмас, қўриқланадиган объект ҳудудида ҳаракат қилиб турган чоғда юз берганига алоҳида эътибор беришингизни истар эдик.
Абубакр Бердиевнинг таъкидлашича, корхонага тегишли ва ўша атрофдаги юк ташувчи автомашиналарни ғалла ташиш учун мажбурий жалб қилиш мақсадида ташриф буюрган туман ЙҲХБ бошлиғи рад жавобини олгач, мана шундай йўл тутишга қарор қилган.
Биз билан суҳбатда туман ЙҲХБ бошлиғи, майор З.Турдиев ғаллага жалб этиш учун эмас, машиналарни ҳужжати йўқлиги учун жарима майдончасига олиб келиб қўйилганини таъкидлади. А.Бердиев эътироз қилганида, унга айтган гапларини тан олмади.
Бироқ, мана, бугун 14 июнь, воқеага 9 кун бўлибдики, машиналар жарима майдончасидан чиқарилгани йўқ.
А.Бердиевнинг айтишича, туман ЙҲХБ бошлиғи гувоҳ олдида унга «автомашиналарни жарима майдончасига қамашни Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Тошпўлатов унга шахсан топшириқ қилиб берганини, фақат у кишининг рухсати билангина машиналар жарима майдончасидан озод этилиши»ни билдирган.
Биз «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖ ҳудудида шағал ташувчи шахсий автомашиналар ҳайдовчилари билан ҳам гаплашдик, улар ҳам ҳамма ҳужжатлари бўлишига қарамасдан, уларнинг ҳам машинасини жарима майдонига киритиб қўйилганини ва машиналари ғалла ташишга яроқсиз бўлгани учунгина эртаси куни уларга жавоб бериб юборилганини айтишди. Хусусий юк автомашиналари ҳайдовчилари машиналари айнан ғалла ташиш учун сафарбар этилганини айтишмоқда, чунки уларнинг қўлига тилхат ва шартнома ҳам берилган.
Шағал ташувчи «Камаз» русумли бундай юк машиналари ғалла ташишга ихтисослашмаган: уларнинг борти очиқ, корхонага тегишли автомашиналар йирик ҳажмдаги гранит бўлакларини ташигани сабабли борти пачоқ бўлиб, тешилмаслиги учун қўшимча металл пластиналар билан зирҳланган.
— Тушунамиз, ғаллани нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш керак. Лекин менга ЙҲХБ бошлиғими, туман ҳокимлигидан бирор мутасадди машинадан ёрдам қил, деганида албатта, йўқ демас эдик. Ҳомийлик ва ёрдамдан ҳеч қачон қочмаганман. Бизнинг машиналарда ғалла ташиб бўлмаса, улар далага ботиб қолади. Мен ғалла ташиш мумкин бўлган бошқа хусусий машиналарни, албатта, ўз ҳисобимдан ёллаб берар эдим. Ғалла кампанияси баҳона бизнинг корхонанинг ишига халақит бериш мақсад қилингани кўриниб турибди, — дейди А.Бердиев.
Айни пайтда корхонада иш тўхтаб қолган. Чунки суткасига 1600 метр куб шағал ишлаб чиқарувчи корхона стабил ишлаб туриши учун 4 та юк машинаси тўхтовсиз гранит тошлари ташиб туриши керак.
— Ҳозир яна 2 та машинамиз бор, лекин улар корхонамиз ускуналари эҳтиёжини қондира олмайди. Электр энергияси, сув беҳудага сарф бўлади. Шу сабабли ускуналарни тўхтатишга мажбур бўлдик.
Албатта, ғалла ризқ-рўзимиз, уни увол қилмасдан ўз вақтида етиштириб олиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Майли, машиналар ўз корхонаси ҳудудида ҳужжатсиз ҳаракат қилибди, жазоланиши ҳам керакдир. Лекин ишни атайлабдан пайсалга солиш, ёрдамдан қочмайдиган тадбиркорнинг ишини қасддан тўхтатиб қўйишга мажбурлаш, 150 га яқин ишчининг маоши камайишига сабаб бўлиш қайси қолипга сиғади?
Туман ЙҲХ бўлими бошлиғи ўзи бош бўлиб машиналарни арзимас важ билан қамаб, уларни жарима майдончасидан тезроқ озод қилинишини истамаётганини нима билан тушуниш мумкин?!
Гап шундаки, «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖ ишлатаётган автомашиналар бошқа бир корхонадан ижарага олинган. «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖ ва «Granit» АЖ ўртасида мазкур автотранспорт воситаларидан фойдаланишга оид ижара шартномаси тақдим этилганига қарамай З.Турдиев машиналарни «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖга эмас, машиналарнинг асл эгаси бўлган «Granit» акциядорлик жамиятига бериши ҳақида асоссиз талаб қўймоқда. Лекин «Granit» АЖ директори ҳам 3 марта келиб сўраганда машиналар берилмаган.
Ўша-ўша важ — Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатовнинг машиналарни чиқармаслик ҳақидаги оғзаки кўрсатмасини асос қилиб келтирмоқда З.Турдиев.
Жарима майдончаси дарвозасидан юк машинасининг биттаси кўриниб турарди. «Иккинчиси ҳам шу ердами, кириб кўрайлик», деганимизда З.Турдиев кўришга, суратга олишга изн бермади.
Президентимиз ишчи ўрин яратиб, самарали меҳнат қилаётган тадбиркорларни бошимга кўтараман деб турганда, қуйи поғона раҳбарлари президент белгилаётган сиёсатга қарши чиқиб, тадбиркорларни норози қилаётганини қандай изоҳлаш мумкин. Шу эмасми, сиёсатга хиёнат?
Умид қиламизки, вилоят ҳокими Т.Жўраев секторида содир бўлган мазкур ҳолат чуқур ўрганиб чиқилади ва сансалорликка йўл қўйган шахслар тегишли жазосини олади.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
14:57 / 09.05.2025
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйда газ портлади. 6 киши ҳалок бўлган
12:20 / 05.05.2025
10 метрлик жарлик ичидаги чангалзорга тушиб кетган икки киши қутқарилди
10:20 / 05.05.2025
Нурободда қарийб 17 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди
13:52 / 09.03.2025