Жаҳон | 21:03 / 15.06.2018
6314
2 дақиқада ўқилади

Италия ва Франция қочқин болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда айбланмоқда

Фото: EPA

Oxfam халқаро хайрия ташкилоти Франция ва Италия ҳукуматларини қочқин болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишда айблади. Ташкилот ҳисоботида шу ҳақида маълум қилинди.

Унда ёзилишича, Италиядаги бюрократия туфайли қочқин болалар Франция билан чегарада хавфли шарт-шароитларда қолишмоқда. Шу билан бирга, франциялик чегарачилар ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларни баҳона қилиб, катталар ҳамроҳлигида бўлмаган болаларни ортга қайтаришмоқда. 

Oxfam маълумотларига кўра, кичик ёшли мигрантлар жисмоний ва ахлоқий зўравонликка дуч келмоқда. Уларни қўлга олиб, сувсиз, овқатсиз ва иссиқлик ўтмаган камераларга жойлаштиришмоқда. Бундан ташқари, улар ўзларининг қонуний вакилларига чиқиш имконига эга эмас. Бу эса ҳам Франция, ҳам Европа қонунчилигига зиддир.

Манбада таъкидланишича, чегарачилар болалардан сим-карталарни тортиб олиб, уларнинг пойабзали таглигини кесиб, ортга пиёда қайтаришмоқда. 

2017 йилнинг июлидан 2018 йилнинг апрелигача Италия чегарасидан камида 16,5 минг мигрант кесиб ўтган. Ҳужжатга кўра, булар асосан Судан, Эритрея, Сурия ва Афғонистондан борган мигрантлардир. Уларнинг аксарияти Франция, Буюк Британия, Швеция ва Германия томон йўл олган.

Oxfam — бутун дунё бўйича қашшоқликка қарши курашаётган 17 ташкилотдан иборат халқаро бирлашма. Унга 1942 йилда Британиянинг Оксфорд шаҳрида асос солинган. Ташкилот давлат томонидан молиялаштиради, бироқ хусусий шахслар ҳам мунтазам равишда хайрия қилиб туришади.

Мавзуга оид