Жамият | 15:00 / 16.06.2018
19352
2 дақиқада ўқилади

Блогерлар чемпионати якунланди. Энг яхши блогер 15 млн сўм олди

Ўзбекистон блогерлари чемпионати якунига етди. Тошкентда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан ташкил этилган ва шу йилнинг 12 апрелида бошланган блогерлар чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди, деб ёзади “Народное слово”.

Фото: Халқ сўзи /Х. Пайдоев 

387 нафар иштирокчи қатнашган ушбу “турнир”да жами қарийб 500 га яқин ижодий ишлар кўриб чиқилди. Хусусан, 3 — 10 июнь кунлари бўлиб ўтган финал босқичига 21 ижодий иш келиб тушган. 

Жорий танловда иштирокчиларни баҳолашнинг янги тизими қўлланилди. Яъни олдинги чемпионатларда умумий миқдорда кўп овоз олган блогпост муаллифи ғолиб чиққан бўлса, бу гал ижодий ишлар таркибидан турли соҳалар вакиллари, тажрибали блогерлар ва ҳатто Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ўрин олган махсус ҳакамлар ҳайъати томонидан ўта жиддийлик билан баҳолаб борилди. 

Якунда блогер Шаҳноза Тўрахўжаева “Бизга турли иттифоқлар керак” блогпости билан биринчи ўринни (15 млн сўм), блогерлар Хушнудбек Худойбердиев “Меҳнатнинг таги меҳнат. Роҳат қачон?”, Музаффар Қосимов “Ортда қолиб бўлмайдиган пойга” мақолалари билан иккинчи ўринни (8 млн сўмдан) эгаллади. Яна тўрт нафар блогернинг ижодий иши учинчи поғонага муносиб кўрилди (5 млн сўмдан).

Бундан ташқари, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Номинациялар ғолиблари ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

 

Мавзуга оид