Жаҳон | 23:48 / 16.06.2018
28141
4 дақиқада ўқилади

Коинотни забт этган илк аёл: унинг ёлғиз парвози ҳақида

16 июнь куни илк аёл-фазогир Валентина Терешкованинг коинотга парвозига 55 йил тўлди. Терешкова коинотга якка ўзи парвоз қилган дунёдаги ягона аёлдир. Юлдузлар томон парвоз фазогирнинг соғлиғи учун жуда катта хавф туғдиришини жуда кам одам биларди. Бироқ, жасур 26 ёшли парашютчи спортчи қиз 1963 йилнинг 16 июнида “Бойқўнғир” космодромидан юлдузлар томон йўл олди.

Фото: РИА "Новости"

Бугун KUN.UZ мазкур парвозга тайёргарлик ҳамда аёл кишининг коинотга илк парвози хусусидаги қизиқарли фактлар ва афсоналарни эсга олишга қарор қилди:

1. Парвозга ва бўлажак зўриқишларга тайёргарлик кўриш учун қизлар 70 даража ҳарорат, 30 фоизлик намлик остида термокамерада синовдан ўтишган. 10 сутка мобайнида ҳар бир номзод қиз товушдан тўлиқ ихоталанган сурдокам​ерада ҳам бўлган.

2. Номзодлардан қай бири коинотга учиши сўнгги паллагача номаълумлигича қолган — Терешкова кўрсаткичлар бўйича етакчи ҳам эмасди ва бошқалардан кескин фарқланмасди. Лекин тақдир уни совет космоноватлари ичра олтинчи, аёл фазогирлар ичра биринчи қилди.

Фото: РИА "Новости"

3. Афсоналарга кўра, унинг чақирув исми “Чайка”ни Юрий Гагарин ўйлаб топган, парвоздан олдин “Эй осмон! Шляпангни еч” иборасини бугунги кунда бутун дунё билади. 

4. Ўзининг Ер орбитасига парвозини Терешкова қариндошларидан яшириб юрган. Унинг ота-онаси қизи парашютчилар мусобақасида қатнашаяпти, деб ўйлашган. Валентина аслида қаерга йўл олганини илк аёл фазогирнинг ота-онаси радиодан эшитишган.

5. Дастлабки уч суткани космонавт мутлақо ҳаракатланмасдан ўтказган — бу эса тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган қаҳрамонликдир. Ҳамма Терешкова чарчаганини тушуниб турарди, лекин у асло сир бой бермаган. “Восток-6” Ер атрофида 48 марта айланган.

Фото: РИА "Новости"

6. Ўз парвози мобайнида Валентина Терешкова ҳеч нарса емаган. Фақатгина Ерга қўнгач, барча йўриқномаларга терс ўлароқ “Ер” таомини татиб кўрган. Космик таомларни эса уни кутиб олган инсонларга тарқатган.

7. Қайтарувчи аппаратнинг қўниши саҳналаштирилган ва 19 июнь куни — уни ерга қайтганидан бир кун ўтиб суратга олинган. Қиз оғир ҳолатда эди, деярли ҳушидан кетган ва у касалхонага жўнатилган. Фақатгина 18 июнь куни кечга бориб, унинг соғлиғига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани аниқланган. Эртаси куни тарих учун унинг Ерга қайтиши кинотасмага муҳрланган.

Фото: AFP

Илк коинот парвозларининг кўплаб деталлари махфийлаштирилган. Валентина Терешкованинг парвози ҳам бундан мустасно бўлмади. Узоқ вақт парвоз катта таҳдид остида ўтгани ва фожиа билан тугаши мумкин бўлгани яширилган. Лекин у барчасига чидади. У — Валентина Терешкова. Коинотга ёлғиз ўзи парвозни амалга оширган дунёдаги илк фазогир аёл.

Мавзуга оид