Жаҳон | 15:47 / 18.06.2018
20821
3 дақиқада ўқилади

Антарктида музларининг қисқариши Жаҳон океани сатҳини кўтармоқда

Фото: Shutterstock /Denis Burdin

Сўнгги 25 йилда Антарктида 3 триллион тоннадан ортиқ муз йўқотди. Таъкидлаш жоизки, охирги 5 йилда музларнинг йўқолиш кўрсаткичлари кескин ошди. Мазкур қитъанинг муз қатлами ҳолатига доир энг кенг кўламли тадқиқотлар натижасида шундай хулосалар келтирилди. Тадқиқот 1992 йилдан 2007 йилгача сунъий йўлдош кузатувлари доирасидаги маълумотларни таҳлил қилган 84 нафар олимдан иборат халқаро гуруҳ томонидан ўтказилди. 

Тадқиқотчилар ҳозирда қитъа ўз муз захираларини 2012 йилгача бўлган даврга қараганда уч баравар тезроқ йўқотаётганини аниқлашди. Йиллик йўқотиш даражаси 241 миллиард тоннадан кўпроққа баҳоланмоқда. Бунда сўнгги 25 йилда Антарктида муз захиралари йўқотишининг умумий ҳажмда Жаҳон океани сатҳини тахминан 8 миллиметрга оширди. Боз устига, бу ўсишнинг 40 фоизи (3 мм) охирги 5 йилга тўғри келмоқда. 

Жаҳон океани сатҳининг бир неча миллиметрга кўтарилиши бир қарашда у қадар аҳамиятсиздек туюлиши мумкин, бироқ агар аввалги тадқиқотлар натижаларини ёдга оладиган бўлсак, иқлимнинг глобал ўзгариши Антарктида муз қатлами ҳажмининг қисқаришига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Янги маълумотлар эса қитъанинг "муз қалпоғи" иқлим ўзгаришларига (биринчи навбатда, исишига) у қадар чидамли эмаслигига ишора қилмоқда. Шу боис унинг Жаҳон океани сатҳига таъсир салоҳиятига доир прогнозларни қайта кўриб чиқиш жоиз. Халқаро олимлар гуруҳи томонидан ўтказилган таҳлил Антарктида музлари эриши натижасида Жаҳон океани сатҳи 58 метрга кўтарилиши мумкинлигини кўрсатди.

Фото: Ian Joughin

Олимларнинг янги ҳисоботи 13 июнь куни Nature Research журналида тақдим этилди ва Антарктиданинг ҳолати ҳақида бир вақтнинг ўзида чоп этилган беш маърузадан бири бўлди. Бу тадқиқотлар умумий ҳисобда бундай ўзгаришларнинг глобал иқлим ўзгаришларига таъсир даражасини аниқлаш учун қитъанинг ҳам ўтмишдаги, ҳам ҳозирги ҳолатига тааллуқлидир. Бундан ташқари, инсон фаолиятининг қитъадаги ролига доир масалалар ҳам шу ерда кўриб чиқилмоқда ва экология ҳамда геологияни муҳофаза қилиш вариантлари муҳокама қилинмоқда. 

Мавзуга оид