Спорт | 15:07 / 18.06.2018
23962
7 дақиқада ўқилади

Мундиал тарихидан: Қизиқарли воқеалар

Футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бошланиб, кунлик режаларимизнинг бир қисмига айланиб бўлди. Айнан шу кайфиятда эътиборингизга жаҳон чемпионатлари тарихида рўй берган қизиқарли воқеаларни ҳавола қиламиз.

ЖЧ-1930. Ногирон бомбардир

Футбол бўйича илк жаҳон чемпионати 1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган ва ушбу мамлакат мустақиллигининг юз йиллигига бағишланганди. Барча ўйинлар Монтевидеодаги стадионда ўтказилган. Аргентина ва Уругвай ўртасида кечган финалда жамоалар ҳар бўлимда бошқа тўпларда ўйнашди. Сабаби, шунчаки, томонлар кимнинг тўпида ўйнашни келиша олмаган эди.

Фото: AP

Илк мундиалда ғалабани Уругвай терма жамоаси нишонлаган. Ўйин 4:2 ҳисобида мезбонлар фойдасига тугаган ва сўнгги гол Эктор Кастро ҳисобига ёзилган. У жаҳон чемпионатлари тарихида жиддий жисмоний нуқсони бўлган ягона футболчи саналади. Кастронинг тирсагидан уёғида қўли йўқ эди.

ЖЧ-1970. Спорт – «уруш элчиси»

1969 йилда Салвадор ва Ҳондурас келаси йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқи учун икки учрашув ўтказиши керак эди. Илк ўйин Ҳондурасга белгиланди. Бу ўйинда мағлубиятга учраган салвадорликлар жавоб ўйинига жуда қаттиқ тайёрланишди. Ўйин улар учун ҳаёт ва мамот масаласига айланди.

Бу сафар Салвадор рақибини 3:0 ҳисобида тор-мор этди. Аммо ўйиндан кейинги тартибсизликлар натижасида ҳондураслик футболчилар ва мухлислар жабрланишди. Бунга жавобан Ҳондурасда ҳам тўполонлар бўлди ва у ерда истиқомат қиладиган салвадорликларнинг уйларини бузиш, калтаклаш бошланиб кетди.

Фото: fotki.yandex.ru

Футбол ўз йўлида, энди ғолибни аниқлаш учун учинчи ўйин ташкил этилиши белгиланди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўйин Мексикага кўчирилди. Ўйин Салвадорнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Айнан шу ўйин тугагач, ҳар икки давлат ўзаро дипломатик алоқаларни узишди.

Бу ҳаммаси эмас. 1969 йилнинг 14 июлида Салвадор армияси чегарани бузиб ўтди ва баъзи баҳсли худудларга жойлаша бошлади. Эртасига Америка давлатлари ташкилоти йиғилиш ўтказиб, томонлардан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қила бошлади. Иқтисодий санкциялардан қўрққан Салвадор президенти Эрнандес зиддиятни тўхтатишга рози бўлган бўлса-да, бу зиддият аллақачон беш мингдан ортиқ ҳарбийлар ва тинч аҳолини ҳаётдан олиб кетиб улгурганди. Орадан ўн йил ўтибгина, томонлар тинчлик битимини имзолади.

ЖЧ-1978. Марадона йиғлаган кеча

«Бу ҳаётимдаги энг оғир мағлубият эди» – деб кейинчалик эслайди аргентиналик футбол афсонаси. ЖЧ-1978 олдидан у эндигина 17 ёшга кирган, мамлакатда унинг буюк келажагини кўра бошлагандилар. Аммо мураббий уни чемпионатда қатнашадиган таркибдан ўчиради. Марадона Сесар Луис Меноттига телефон қилиб ялинганини, йиғлаганини ҳикоя қилганди: «Мен ҳалигача Меноттини кечирмадим ва кечирмайман ҳам. Ўша куни уйимиздаги муҳит таъзия маросимига ўхшаб қолганди. Онам, отам, сингилларим, ҳаммалари йиғлаб ўтирганди. Улар менга энг зўр футболчи эканимни ва ҳали ёш бўлганим учун келажакда яна бешта чемпионатда ўйнашим мумкинлигини айтиб, овутардилар. Лекин барибир, ўзлари йиғлаётгандилар. Ўша кун ҳаётимдаги энг қайғули кун бўлган ва мен ўз чемпионатимни албатта ютишга ният қилгандим. Бутун вужудим билан, бир кун келиб, ҳаммага кўрсатиб қўйишим ҳақида ўйлашни бошлагандим».

Фото: AP

Аргентина Марадонасиз ҳам жаҳон чемпиони бўлди, Марадона эса, орадан саккиз йил ўтиб ниятига етди.

ЖЧ-1982. Майдонда шайх

1982 йилги жаҳон чемпионати учрашувларидан бирида қизиқ воқеа содир бўлди. Франция ва Кувайт ўртасида кечаётган ўйин давомида, европаликларнинг тўртинчи голидан сўнг, майдонга шахсий тансоқчилари билан биргаликда шайх Фахид ал Аҳмад ас Сабаҳ тушиб келди.

У ҳакамдан урилган голни ҳисобламасликни сўрайди, чунки унинг фикрича, бу гол қоидага хилоф равишда урилган экан. Гап шундаки, голдан сал олдин трибунадан ҳуштак овози эшитилади ва буни ҳакам ҳуштаги деб ўйлаб, кувайтлик футболчилар тўхтаб қолади. Ален Жиресс эса, осонлик билан рақиб дарвозасини ишғол қилади.  

Бир қанча тортишувлардан сўнг шайх жамоасини майдондан олиб чиқиб кетади Натижада, ҳакам Мирослав Ступар голни бекор қилиб, футболчиларни майдонга қайтаришга муваффақ бўлади. Ўйин давом этди  ва барибир якунда араблар 1:4 ҳисобида мағлубиятга учрашди. 

Фото: AP

Аммо Мирослав Ступар бу қарори учун кейинчалик бутунлай халқаро футбол ўйинларини бошқаришдан четлатилди.

ЖЧ-1970. Аср ўйини

Аср ўйини сифатида аксарият экспертлар 1970 йилги мундиал ярим финалидаги Италия ва Германия тўқнашувини тан оладилар.

Немислар сўнгги дақиқадагина Италиянинг голига жавоб бериб, ўйинни қўшимча вақтга ўтказишнинг уддасидан чиққан эдилар. Қўшимча 30 дақиқа эса, ҳақиқий драматик сценарийда кечди ва томонлар навбати билан ҳисобда олдинга чиқиб ола бошладилар. Италия 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо бу ўйин уларни шу даражада ҳолдан тойдирган эдики, финалда Бразилияга қаршилик қилишга умуман куч қолмади – 1:4

ЖЧ-1994. Ўзига ишонган болгар

ЖЧ-94 арафасида, турнирни ёритувчи телеканаллардан бири ТВ-шоу уюштиради. Кўрсатувга Бразилия терма жамоаси етакчиси Ромарио, италиялик юлдуз Роберто Баджо, Голландиянинг умидли футболчиси Денис Беркамп ва Христони таклиф қилишади (қарангки, айнан шу футболчилар ўша ЖЧ қаҳрамонлари бўлишган) ва ҳар бир юлдузга терма жамоалар имкониятлари ҳақида саволлар сўралади.

Ромарио ўз терма жамоасининг кучли таркиб ҳосил қилгани ва чемпионликка асосий даъвогар эканлиги ҳақида тўлқинланиб гапиради, Беркамп ҳам бўлажак ЖЧдан кўп нарса кутаётганлигини яширмайди. Роберто Баджо терма жамосининг имкон қадар тайёргарлик кўрганини ва рақибларнинг ҳам ўта кучли эканлигини эхтиёткорлик билан эътироф этади. Шунда сўз қаҳрамонимизга берилади. Христо кутилмаганда, юлдузларни бир муддатга туришларини ва стол атрофида бир марта айланишларини илтимос қилади. Ҳайрон бўлган футболчилар эркатой шерикларининг айтганини қилишади. Шунда Христо Стоичков телеэкранга қарата:

- Кўрдингларми? Майдонда ҳам фақат менинг айтганим бўлади, - деб, барчанинг олқишига сазовор бўлганди.   

Ўша турнирда Стоичков ростан ҳам ўз жамоасини елкасида кўтариб, ярим финалгача етаклаб боришнинг уддасидан чиққанди. Финалда эса, ўша кўрсатув иштирокчилари Ромарио ва Баджо ўзаро тўқнаш келган.

Интернет материаллари асосида тайёрланди