Ўзбекистон | 14:34 / 19.06.2018
72412
3 дақиқада ўқилади

Мактаб формасидаги бош кийим масаласи кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Халқ таълим вазирлиги ҳукуматнинг янги қарори лойиҳасини жойлаштиргани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Қайд этиш ўринлики, “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси нафақат ушбу порталда балки ижтимоий тармоқларда ҳам фуқаролар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда ҳамда мактаб либоси борасида турли-туман жўяли фикрлар билдирилишига асос бўлмоқда.

Қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинганидан сўнг, фуқаролар томонидан билдирилаётган таклиф ёки эътирозларнинг аксарияти қарор лойиҳасининг 9-бандига, айримлари мактаб формалари фақат “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан етказиб берилишига нисбатан билдирилган.

Қуйида фикр-мулоҳазаларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Билдирилган кўп сонли изоҳлардан олинган айрим иқтибослар тугади. Шу ўринда қайд этиш керак, мазкур мақола ёзилаётган вақтда на Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, на Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, ёинки Адлия вазирлиги вакиллари кенг муҳокамага сабаб бўлган қарорнинг 9-банди бўйича бирорта фикр билдирмаган эди.

Айни масала юзасидан ўзим ҳам ХПК сессияларидан бирида ЎзМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамовга савол билан мурожаат қилиб, мактаб формаси тасдиқланишидан аввал ота-оналар ва мактаб маъмуриятлари ўртасида бир неча йиллардан буён ички низом рўкач қилинган ҳолда оғриқли тортишувлардан бири бўлиб келган бош кийим масаласига узил-кесил ойдинлик киритиб кетишларини сўраган эдим. Афсуски, қарор лойиҳасидан кўриш мумкинки, бу масалага юқоридаги идоралар эътибор бермаган кўринади.

Лойиҳага билдирилган фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилар эканмиз, айтиш мумкинки, мактабга бош кийим: дўппи ёки рўмолда келиш масаласи ҳужжат қабул қилинмасдан ва кучга кирмасдан аввал ҳал этилмаса, амалиётда яна кўплаб эътирозлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиши турган гап. Яна ўша ҳолатлар такрорланади: фарзандини рўмолда мактабга боришини хоҳлаган ота-она мактаб директори хонасига чақиртирилган, тушунтириш хати ёздирилган ва ҳакозо.

Хуллас, қарорни қабул қилишда демократик ва эркин жамият, бағрикенглик тамойилларига қанчалик амал қилинади, буни вақт кўрсатади.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид