Ўзбекистон | 20:16 / 20.06.2018
18295
8 дақиқада ўқилади

Ўзбек меҳнат муҳожирлари Россия МВС марказларида қандай яшамоқда?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон дунёга очилиб бормоқда. Ички ва ташқи сиёсатини шаффофлаштириш борасида қадам қўймоқда. Бундан ташқари давлат раҳбари сиёсий иродасининг амалий намунаси ўлароқ хорижий мамлакатларга чиқиб кетган ва у ерларда ишлаётган ўзбекистонликларни мамлакатга қайтаришга чорлашлар бир неча бор янгради.

Меҳнат муҳожирларининг шаънини тиклаш, уларнинг мажбур бўлгани сабабли хорижга кетганини тан олиш, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси консуллик идораларининг хориждаги ватандошларга хизмат кўрсатишини кучайтириш, хорижда мусибатга учраган муҳожирларга ёрдам бериш кабилар шулар жумласидан. Дунё ҳамжамияти ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни эҳтиёткорлик билан бўлса-да, юқори баҳоламоқда. Қолаверса, хориждаги ўзбекистонликлар ўзбекистонлик эканликларидан фахр туйғусини туя бошлашди.  

Бироқ айрим ҳолатларда яқин қўшни мамлакат, аниқроқ айтганда, энг кўп ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига эга бўлган Россия Федерациясида ўзбекистонликларга нисбатан жиддий чоралар кўрилмоқда. Федерал миграция хизмати томонидан амалга оширилаётган ишларга 2018 йилги Жаҳон чемпионати важ қилиб кўрсатилмоқда. Тозалаш тадбирлари давомида қўлга олинган меҳнат муҳожирлари ФМХнинг Вақтинчалик сақлаш марказларида бир неча ой, ҳатто йиллаб сақланмоқда.

Бундай дейишга асос бор, албатта. KUN.UZ Россиянинг Ростов шаҳридаги шундай марказлардан бирида қарийб 5 ой мобайнида сақланган ҳамда яқинда ватанга қайтиб келган меҳнат муҳожири билан учрашиб, Вақтинчалик сақлаш марказларидаги шарт-шароитлар, меҳнат муҳожирларининг ўзаро муомаласига доир тасаввурни шакллантиришга уриниб кўрди. Қуйида мазкур суҳбат эътиборингизга ҳавола этилади.

  • Сиз Россияга кетиб, ишлаб, тақдир тақозоси билан муҳожирлар вақтинча сақланадиган жойда ҳам бўлиб, кейин ватанингиз Ўзбекистонга яқинда қайтиб келишга муваффақ бўлибсиз. Умуман, нима мақсадда, қандай режалар билан Россияга кетдингиз? Ниятларингиз амалга ошдими?
  • Ўтган йили (2017 йил-таҳр.) баҳорда боргандим. Документ (ишлашга рухсат берувчи ҳужжат – патент назарда тутилмоқда) қилдим. Россияда документ қилиш ҳам жуда қиммат. Бу ишда ҳам посредниклар (воситачи) пайдо бўлгани учун кўп пул керак. Давлат белгилаганидан кўпроқ пул олишади. Топган пулингиз етмайди. Шу сабабли, кўп ўзбекистонликлар патентга тўламай қўйиб, ноқонуний ишлашни маъқул кўришади. Ишсизлик жуда кўп. Кўп муҳожирлар ноқонуний муҳожирликни ўзлари танлашмоқда. 80-90 фоиз муҳожирлар шундай бўлса керак, чамамда.
  • Патент нархи Россияда қанча ўзи? У қанча муддатга берилади?
  • Россияда қонуний ишламоқчи бўлганлар ойига 10 минг рубль тўлашлари керак. Бу ўзбек сўмида 1,5 млн сўм дегани. Умуман долларда айтсам, 400 доллар (3 млн 200 минг сўм атрофида) эвазига 3 ойлик патент олишингиз мумкин.
  • Сиз Россиянинг қаерида бўлдингиз ва нима иш билан шуғулландингиз?
  • Ростов-на-Донуда бўлдим. Стройкада (қурилиш) ишладим. Кейинчалик кечки сменада ошхонада ишладим. Кейин-кейин, чемпионатни деб документ тўғирлаш чўзилиб кетди. Пул тўламадим. Текшир-текшир кўпайиб кетди. Чемпионат сабаб тозалаш ишлари олиб борилмоқда (суҳбат ЖЧ-2018 бошланишидан аввал бўлиб ўтган).

Унинг айтишича, бу каби тозалаш ишлари ҳукуматнинг махсус қарори билан эмас, балки оғзаки буйруғи асосида олиб борилмоқда ҳамда Марказий Осиё давлатларидан борган ва ноқонуний муҳожирлар аниқланиб, ватанларига чиқариб юборилмоқда.

  • Сиз Федерал муҳожирларни сақлаш марказларида 5 ой бўлгансиз. У ерга қандай тушиб қолдингиз? Сабаб нима?
  • Мен ошхонада ишлаб юрган вақтимда тақдим этган ҳужжатимга урилган муҳр

сохталаштирилган экан. ФСБ келиб текширганда аниқ бўлиб қолди ва мени муҳожирлар вақтинчалик сақланадиган “Новочерканский” деган жойга олиб боришди. Бу ерда сизни суд қилиб, 10 кун ичида Россиядан чиқариб юбориш ёки чиқармаслик масаласини ҳал қилишади. Тўғрисини айтганда, судни ҳам ўзлари ҳал қилишади. Менга 10 кун ичида чиқиб кет, деган қоғоз бергани йўқ. Пулингиз ва танишингиз бўлса, сохта чипта олиб берса, шуни кўрсатиб, чиқиб кетсангиз бўлади. Уларнинг ўзбеклардан воситачилари бор, гаплашиб берадиган. Шундан сўнг, сизни 10 кунга ташқарига чиқариб юборишади. Мақсад пул ишлаш.

  • Сизни муҳожирларни вақтинча сақлаш жойига олиб боришди. У ердаги шароитлар қанақа? Одамларга муомала қандай?
  • Мен сақланган жой 2 қаватли бино эди. Аёллар, улар орасида ўзбек аёллари жуда кўп. Шароити қийин, жуда қийин. Ташқарига олиб чиқиши (ҳожат масаласи) муаммо. Шахсий гигиена воситаларини ҳар ҳафта бериши керак, аслида аммо 2 ой-3 ойларда бир, энг сифатсизларини беришади. 3 маҳал таом берилади. Суд бўлиш ва чиқариб юборилиш учун навбатингиз келгунча кутиб ётаверасиз. Бу ерда энг узоқ муддат сақлаш 6 ой. Шунга қарамай, у ерда 1 йилдан ортиқ, бир неча йиллардан бери сақланаётганлар бор.
  • Энди ўша ерда сақланаётган ўзбекларнинг ўзаро муносабати ҳақида. Бир-бирларингизга миллатдош сифатида муомала қандай эди?
  • У ердаги ўзбеклар бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўрнига ёмон кўради бир-бирини. Қамоқда ўтириб чиққан ўзбеклар бор, улар ҳужжатсиз тушган ўзбекларни ўз ҳолига қўймайди. Пул талаб қилади. Танишларингиз овқат олиб келса, уларни талаб қилади. Қийнайди-да.
  • Сиз қанча вақт бўлдингиз ушбу марказда ва қандай қилиб чиқдингиз?
  • Мен 5 ой ўша ерда сақландим ва ташқаридаги танишлар орқали прокуратурага ариза топшириб, судимни тезлаштиришларини сўрадим. Шундан сўнг, суд менинг ишимни кўришни тезлаштирди. Шу билан бирга, ўзи менинг ишимни кўриб чиқилиши жуда чўзилиб кетганди. Чунки, мендан кейин марказга олиб келганлар ҳам мендан олдин кетишди.
  • Хўп, муҳожирларни у ерда узоқ ушлаб туришдан нима фойда, нима деб ўйлайсиз?
  • Энди бизга ўхшаганлар қанча кўп бўлса ва узоқ вақт сақланса, ушбу марказларда ишлайдиганларга яхши, менимча. Чунки, эшитишимча, ҳар бир сақланаётган киши учун бир кунга 1850 рублдан пул ажратилади. 300-350 атрофида киши сақланишини инобатга олсак, бу катта пул.
  • Сиз 5 ой сақланибсиз муҳожирларни вақтинча сақлаш марказларида. Шу вақт мобайнида Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллиги вакилларидан бирор киши келиб, ҳолингиздан хабар олдими?
  • Йўқ, ҳеч ким хабар олмади. Ўзбекистон консуллигиданмиз деб, ҳеч ким келмайди у ерга. Шунчаки, баъзида ўзларининг текширувчилари келганда ур-тўполон бўлиб қолади.

Гапнинг индаллоси суҳбатимиз узоқ чўзилди. Биз мулоқотимиз давомида Қозоғистонда Россия бораётган ўзбек муҳожирларининг автобусда ҳалок бўлганига доир хабарлар, нима учун кўпчилик авиақатновлар ўрнига автобус ёки енгил автомашиналарда Россияга боришни танлаётгани ҳақида ҳам сўз юритдик. Бундан ташқари, муҳожирларни вақтинча сақлаш марказларида ўзига хос “универсал жанг кечалари” ҳам уюштирилиши маълум бўлди. Ва сўнгсўз ўрнида суҳбатдошимизга муҳожирликни танламоқчи бўлганларга маслаҳатлар беришни сўрадик.

“Авваламбор, у ёқда умрни ўтказиб, хомхаёл билан юргандан кўра, ўзимизда ишлаш керак. Ҳаммаям тўғрисини айтавермайди. Ака-укангиз бўлиб, яхши иш аниқ бўлса борса бўлади, акс ҳолда ҳамма жойнинг тоши-тарозиси бор. Одамлар айтаверади, ундай бўлади, бундай бўлади, деб ишониб кетавермаслик керак экан”, - дейди суҳбатдошимиз.

У келгусидаги режалари ҳақида сўзлар экан, келажагини Ўзбекистоннинг ўзида тирикчилик қилиш, шу ерда ишлаш билан тасаввур қилаётганини айтади. Сенга омад ёр бўлсин, деймиз, азиз ватандош!

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Мавзуга оид