Спорт | 10:20 / 21.06.2018
13134
2 дақиқада ўқилади

Испания гуруҳ жадвалида фақат бир кўрсаткич эвазига Португалиядан юқори жойлашди

Испания терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи иккинчи турида Эрон терма жамоасини мағлубиятга учратди (1:0).

Икки ўйиндан кейин B гуруҳида испанлар ва португаллар ҳисобида 4тадан очко бор.

Қўшимча кўрсаткичлар (тўплар нисбати, урилган голлар сони ва ўзаро учрашув натижаси) бўйича ҳам Испания ва Португалия тенг, биринчи турда икки жамоа ўзаро учрашувда 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаганди.

Лекин испанлар навбатдаги критерия бўйича португаллардан олдинда – бу фэйр-плей балли. Икки тур давомида Испания фақат бир сариқ карточка ишлаган (-1 очко), Португалияда эса – иккита (-2 очко). 

Ҳар бир сариқ карточка учун – минус 1 очко, қизил карточка учун – минус 3, тўғридан-тўғри кўрсатилган қизил карточка – минус 4, сариқ карточка устига қизил карточка кўрсатилиши – минус 5. Бир футболчи фақат бир марта жазоланиши мумкин.

3-тур якунларига кўра бу кўрсаткичлар бўйича ҳам тенглик қайд этилса, ФИФА қуръа орқали вазиятни ҳал қилади.

Бу гуруҳнинг биринчи ва иккинчи ўрин вакиллари A гуруҳидан плей-оффга чиқадиган Россия ва Уругвайга қарши ўйнайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид