Ўзбекистон | 21:41 / 28.06.2018
39969
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» собиқ раҳбари шу компанияга ишга қайтди

«Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви собиқ раиси Умиджон Салимов шу компаниянинг ўзига ишга қайтди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида хабар берилган.

Маълум қилинишича, Умиджан Закирджанович Салимов «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари этиб тасдиқланди. Ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда автомобильсозликни барқарор ривожлантириш стратегияси ва дастурларини ишлаб чиқиш, тармоқда ягона илмий-техника ва инвестиция сиёсатини ўтказиш «Ўзавтосаноат» АЖнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Умиджон Салимовни лавозимидан озод этиш ҳақидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 июнь куни автомобиль саноатида жорий йил учун белгиланган ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, тармоқнинг ривожланиш истиқболларини белгилаш масалаларига бағишланган йиғилишида қабул қилинганди.

«Ўзбекистон 24» телеканали берган маълумотга кўра, Салимовнинг лавозимидан бўшатилишига унинг фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги қониқарсиз ҳолатлар сабаб бўлган. 

Айни пайтда компания бошқарув раиси этиб, аввал Бош прокуратура тизимида фаолият кўрсатган, Шавкат Умурзоқов тайинланган.

Мавзуга оид