Игорь Шквириннинг ўзбек футболига оид 4 иқрори
Ўз даврининг машҳур ва иқтидорли футболчиси, бугунга келиб эса "Сурхон-Термиз" жамоаси мураббийи Игорь Шквирин Тошкент шаҳридаги MySoccerAcademy Америка-Испания Футбол Академияси очилишида қатнашиб, хорижлик мураббийлар ва ўзбекистонлик юниорларга оқ йўл тилади. KUN.UZ мухбири тадбир доирасида Шквирин билан қисқа бўлса-да, ўзбек футболининг бугуни ҳақида суҳбатлашиб, унинг қизиқарли фикрлари билан бўлишишга қарор қилди.
Кураш шиддатли кечадиган шароитда футболчиларнинг маҳорати ошади
Авваллари фақат "Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Локомотив" каби клублар учун бир мавсумда 6-8 шиддатли ўйин бўлган бўлса, ҳозир ҳар бир ўйинда қаттиқ кураш кетмоқда. Бундай таранглик Ўзбекистонда тўп сурувчи футболчилар учун жуда яхши. Чунки кураш шиддатли бўлган шароитда спортчиларнинг маҳорати ошади.
Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистонгина Ўзбекистонга рақиблик қила олади
Қўшни мамлакатлардан фақат Қозоғистон бизга рақиблик қилиши мумкин, чамамда. Тожикистон ёки Қирғизистон футболчилари бу борада бироз сустроқ. Агар Марказий Осиё лигаси йўлга қўйиладиган бўлса, яна ўша форматдаги ўйинлар кузатилади, яъни биз қирғизлар ёки тожикларни ортда қолдиришимизни биламиз, фақат қозоқлар билан ўйин қизиқ кечиши мумкин.
Бугун футболчиларга ватанпарварлик туйғуси етишмаяпти
Нафақат ўзбек футболида, балки умуман футболчиларда энг аввало, ватанпарварлик туйғусига эътибор қаратиш керак. Футболимиз профессионал бўлганидан кейин ҳамма пул ишлаш кераклигини тушуниб қолди. Бироқ пуллардан ташқари яна муносабатлар ҳам бор. Баъзи ўйинчилар хорижий мамлакатлар жамоаларига ўтиб кетишади ва у ерда яхши пул топишади, Ўзбекистонга қайтганда эса бундай пулларни топа олишмайди. Фақат молиявий фойдани кўзламасдан, ватан учун хизмат қилиш, унинг шаънини кўтариш ҳақида ўйлашса, бошқа гап. Ватанпарварлик ҳиссини шу ерда тарбиялаш керак, футболчиларимиз ватан олдидаги бурчларини ҳис қилишлари керак.
Футболчининг профессионал хусусиятлари билан бирга инсоний фазилатлари ҳам муҳим
Футболчиларни саралашда энг аввало уларнинг профессионал хусусиятларига эътибор қаратаман. Шу билан бирга, уларнинг инсоний фазилатлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай бўлса-да, ҳамманинг феъли ҳар хил, футболчиларнинг орасида оғирроқ феъллилари ҳам бўлади. Бундайлар билан ишлаш ҳам қизиқ, уларни бир қолипга солиб бўлмайди, спорт юлдузларига эътибор берсангиз, кўпчилиги қайсар бўлади. Бироқ профессионал хусусиятлари учун аксарият сабр қилади. Умуман олганда, бугунги кунда нафақат футболчилар, балки мураббийлар ҳам қаттиқ ишлаши керак.
Мавзуга оид
09:20
Европада яккаланаётган Исроил футболи
19:09 / 17.10.2024
Қозоғистон бош мураббийи Черчесов қозоқ тили ҳақидаги ҳазили учун жазоланди
11:52 / 06.09.2024
Ўзбекистон ва Британия футбол соҳасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш имконини муҳокама қилмоқда
13:42 / 19.08.2024