Ўзбекистон | 16:44 / 03.07.2018
27584
4 дақиқада ўқилади

Ислом цивилизацияси маркази: бугун ва эртага (эксклюзив видеосуҳбат)

Ислом дини гўзаллик, тинчлик ва саломатлик динидир. Албатта, бу ҳақиқатни исботлаш учун тарих зарварақларидаги ибратли воқеликлар, не-не олиму уламоларнинг ҳаёт йўли ва мероси биз учун етарлидир. Айниқса, аждодларимиз дунё тамаддунига ислом динининг шарофати билан тамал тошини теришган ва ислом маърифатини бутун дунёга ёйишган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда эсган улкан ислоҳот шамоли диний соҳада ҳам қатор ўзгаришлар ва катта лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил бўлди. Хусусан, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ғояси халқимизнинг узоқ йиллик орзуси, қолаверса, дунё мусулмонлари учун юксак ҳурмат ва эҳтиром бўлди. Айни кунда мазкур лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, кун сайин бу марказда ишлар қизғин кетмоқда. KUN.UZ таҳририяти Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбатда бўлди.
 

- Цивилизация жуда кенг қамровли, турли маъноларга эга сўз. Бу сўз кўпроқ “маданиятли”, деган маънони англатади. Шу сабаб “Ислом цивилизацияси” атамаси бу марказ учун жуда тўғри қўлланилган. Чунки давлат раҳбаримиз 2017 йилнинг 15 июнида бу марказни “Ислом маданияти маркази”, қиламиз дея ташаббус билдирган эдилар. Кейин эса сентябрь ойида, уламолар билан маслаҳатлашиб, марказ “Ислом цивилизацияси” марказига айланди.

Ўзбекистонда ислом цивилизацияси бешигини тебратган уламолар жуда кўп ўтган. VIII-XII асрларда Ўрта Осиёда ренессанс – “қайта уйғониш” даври бўлди. Бунга сабаб мусулмон давлатида яшаётган одамлар учун Ислом дини маърифати, тушунчаси ва илмига бўлган эҳтиёж пайдо бўла бошлади, - деди Ш.Миноваров.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, тарихчилар якдиллик билан бир қарорга келишиб, энг катта уйғониш даври Маворауннаҳрда кузатилганини қайд этишган. 

- Аслини олганда, - дейди Ш.Миноваров. – юртимиздан чиққан олиму фузалолар нафақат Ислом цивилизациясига, балки жаҳон тамаддунига ҳам ўзларининг илм-маърифатлари билан жуда катта ҳисса қўшишган. Мутафаккир аждодларимиз томонидан битиб кетилган жуда кўплаб асарлар бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталарида жойлашган музейларда сақланмоқда. 

Бухорий ва Термизий туфайли бутун дунё, жумладан, ўзбек халқи ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг саҳиҳ ҳадисларидан баҳрманд бўлиб келди ва бу ҳамон давом этмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган мусулмон давлатлари элчилари билан кўришганимизда, уларнинг биринчи тилаклари ҳам Имом Бухорий ҳақида тинглаш, билиш ва зиёратларини қилиш бўлади. Жумладан, Покистон, Оман султонлиги ва Бангладеш элчилари бугун Ўзбекистонда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий маркази бунёдкорлигига ўз давлатларининг ҳам ҳиссаси қўшилишини исташмоқда.

Биз 75 йил атеизм мафкураси шароитида яшадик. Ота-боболаримиз, ота-оналаримиз динимизни йўқ бўлиб кетишига йўл қўйишмади. Биз ана шу тузумнинг изларини бутун соҳадан ўчиришга ва тўғри йўлни топиб олишимизга вақт керак бўлади. Бу менинг фуқаролик шахсий фикрим, - дейди суҳбатдошимиз.

Шоазим Миноваров билан ўтган суҳбат давомида тарих ўз бағрида сақлаб ётган турли сирлардан бохабар бўлдик. Ислом дини, илм-фан ва маърифий-маънавий соҳаларга доир бўлиб ўтган суҳбат давомида турли фикрлар ўртага ташланди, муҳокамалар бўлди.

Мавзуга оид