Фан-техника | 17:57 / 11.07.2018
70552
8 дақиқада ўқилади

IT-мутахассисларга бўлган талаб юқори. Қаерда ўқиган маъқул?

Ахборот технологиялари бўйича мутахассис – дунёдаги ва Ўзбекистондаги энг талабгор касблардан биридир. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев ОАВга интервью берар экан, Ўзбекистонга ярим миллиондан ортиқ АКТ соҳасидаги мутахассислар кераклигини таъкидлаб ўтди.

Ҳозирда деярли барча тармоқлар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини юритади. Ўзбекистонда соҳа ривожига ҳамда инсонлар ҳаётини енгиллаштириш учун тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида инновацион ечимларни татбиқ этиш сифатини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда.

Ахборот технологиялари коммуникацияда, бошқарув соҳасида, банк ишида кенг қўлланилади, уларнинг асосида таълим дастурлари, геологик-қидирув ва ресурсларни қазиб олиш, замонавий саноатда, тиббиётда, хавфсизликни таъминлашда зарур бўлган юқори технологиялар ишлаб чиқилади ва тадбиқ этилади.

Турли соҳаларда ахборот технологияларидан фойдаланиш тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса IT-мутахассисларнинг хизматига бўлган талабнинг ортиб бораётганидан даракдир.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети IT-мутахассисларни тайёрлаш бўйича етакчи олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.

Бу йил университет биринчи қалдирғочларини учирма қилишига қарамай, олий ўқув юртининг талабаларига талаб жудаям катта. Барча битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишган. Улар Datasite Technology, «Асака банк», KDB Bank, Fido-biznes, Uztransgaz, «Ипотека-банк», Green White Solutions, UZINFOCOM ва шу каби компанияларда меҳнат қилишмоқда.

Иккинчи ва учинчи босқич талабалари давлат ва хусусий компанияларда турли хил лойиҳалар устида ишлашмоқда. Бу эса уларга шартнома пулининг бир қисмини қоплаш имконини беради.

Қайд этамиз, айрим хорижий ва маҳаллий компаниялар ўзлари учун аввалдан мутахассислар тайёрлашмоқда. Мисол учун «ЛУКОЙЛ», Huawei, Da Vinci Solutions, «Ўзагросуғурта», Eriell Corporation, «Ўзтелеком», Фарғона НҚИЗ ва бошқалар талабаларга биринчи босқичдан бошлаб шартнома пулини тўлаб бериб, ўзлари учун мутахассис тайёрлашмоқда.

Университет талабалари йирик давлат дастурлари ва лойиҳаларида ҳам иштирок этишмоқда. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларидан ташкил топган “Fizmasoft” жамоаси “Хавфсиз шаҳар” дастурини амалга оширишда қатнашмоқда.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) нинг бир гуруҳ талабалари «Беспилотные технологии» компаниясида ишлай туриб, “Ернинг таҳлили ва прогнози” модул тизимини яратиш устида иш олиб боришмоқда.

Албатта меҳнатга ҳақ тўлаш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. “HeadHunter” маълумотларига кўра, компаниялар ўртача 1,5 млн. сўмдан 4 млн. сўмгача ойлик таклиф қилишмоқда. Айрим компанияларда эса мутахассисларга 6 млн. сўмдан 14,6 млн. сўмгача ойлик таклиф қилинмоқда.

 

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) мутахассисларига талаб жуда юқори. Шунинг учун, касблар орасида энг юқори ойлик даромад оладиганларини ичида ҳам АКТ мутахассисликларини учратасиз. Жанубий Корея АКТ бўйича дунёдаги энг етук давлатлардан бири бўлиши билан бирга, у ердаги Инҳа университети АКТ ва инжиниринг соҳалари бўйича энг илғор университетлардан бири ҳисобланади.

Ундан ташқари:

Асосий эътибор талабаларга

Ж.Кореядаги университетга ўхшаб бу ерда ҳам талабаларга катта эътибор қаратилади. Улар таълим олишлари ва эркин фикр юритишлари учун барча шароит яратилган. Аксарият ҳолатларда талабалар ўзлари дарсдан ташқари ҳам кечгача университетда мустақил шуғулланиб ўтирадилар.

Халқаро даражадаги ўқув дастури

Ж.Кореяда қўлланиладиган халқаро муҳандислик аккредитация талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув дастури асосида таълим берилади. Унда асосий эътибор мутахассислик фанларига қаратилган бўлиб, таҳсил олиш жараёнида талаба қўшимча фанларни танлаши мумкин.

Халқаро даражадаги ўқув дарсликлари ва китоблар

Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, Ж.Кореядаги Инҳада қандай ўқув дарсликларидан фойдаланилса, Тошкентда ҳам ҳудди шундай. Лекин бу жараёнда катта бир фарқ борки, агарда чет элда мазкур ўқув дарсликларини талаба ўзи сотиб олса, бизда ўқув адабиётлари бепул тарқатилади.

Таълим бутунлай инглиз тилида ва хорижлик профессорлар

Университетда барча асосий мутахассислик фанларидан хорижлик профессорлар сабоқ беришади, шунинг учун таълим тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Талабалар инглиз тилини янада яхшироқ ўзлаштиришлари учун АҚШдан инглиз тили бўйича мутахассис жалб этилган.

Замонавий ўқув аудиториялари ва лабораториялар

Университет Кореядаги таълим муассасаларидан қолишмайдиган ўқув аудиториялари ва жиҳозлар билан таъминланган. Ж.Кореядан махсус физика лабораторияси олиб келинган ва барча тажрибалар қоғозда эмас, амалиётда, ушбу лаборатория ускуналарида ўтказилади.

Замонавий маълумотлар маркази (Датацентр) ва компьютерлар

Тошкентдаги университетлар орасида энг катта Датацентр ишга туширилган, талабалар учун сўнгги русумдаги компьютерларда кун бўйи ишлаш учун шароит яратилган. Барча қаватларда Wi-Fi ўрнатилган ва ёшлар ўзларининг шахсий логин ва пароллари билан улардан бемалол фойдаланиши мумкин.

Талабаларга мустақил билим олиш учун шароитлар

Талабалар ўзларини худди ўз уйларидек ҳис қилишларига шароит яратиш мақсадида ҳар бир талаба учун шахсий жавон ажратилган. Мустақил дарс қилиш учун кенг кутубхона, мунозара ва тақдимот хоналари мавжуд бўлиб, дарсдан ташқари исталган вақтда улардан бемалол фойдаланиш мумкин.

АКТ соҳасидаги компаниялар ва мутахассислар билан учрашувлар ўқув жараёнини ишлаб чиқариш билан уйғунлигини таъминлайди ҳамда талабаларни ҳақиқий ҳаётдаги ҳолатдан хабардор қилишга кўмаклашади.

Ж.Кореяда ёзги таътил дастури асосида хоҳловчилар Жанубий Кореядаги Инҳа Университетига боришлари мумкин. Энг фаол ва иқтидорли талабаларнинг барча харажатлари, қолганларининг харажатларини катта қисми Университет томонидан қопланади.

Спорт билан шуғулланишга эркин имконият

Университетдаги замонавий баскетбол ва футбол спорт майдончалари ҳамиша талабалар билан гавжум. Янги қурилаётган бинода қўшимча фитнес маркази режалаштирилмоқда.

Диплом бутун дунёда тан олинади

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида, Корея Республикасида ҳамда бошқа ривожланган давлатларда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган олий маълумот тўғрисидаги диплом берилади.

Талабаларга контракт пулини тўлашдаги қулайликлар. Ота-оналар илтимосига кўра, бир йиллик ўқув йили учун белгиланган сумманинг 25 фоизини дастлабки бадал сифатида тўлаш мумкин. Қолган 75 фоизи 7 ой давомида ойма-ой, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Агарда талабанинг ота-онаси иш жойидан ўз фарзанди учун ўқиш пулини ўтказиб берса – мазкур сумма жисмоний шахслар учун даромад солиғига тортилмайди. Ота-оналар фарзандлари университетни битирганидан кейин, маълум муддат ишлаб бериш шарти билан ҳомий ташкилотни қизиқтириб, уч томонлама шартномани имзолашлари мумкин. Бундан ташқари, талабанинг ўзи ҳам яхши таълим олиш ва келажакда кучли мутахассис бўлиб етишиш масъулиятини ҳис қилиши учун Ўзбекистондаги тижорат банкларидан “Таълим кредити”ни олса бўлади.

Иқтидорли талабалар учун имтиёзлар. Кириш имтиҳонларида энг юқори натижа кўрсатган 10 нафар талабалар бепул ўқиш ҳуқуқига эга бўлишади. Шунингдек, ўқув семестри якунлари бўйича энг юқори натижа кўрсатган яна 10 нафар талабалар кейинги семестрда бепул ўқиш ёки семестр учун тўловнинг ярмидан озод қилиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Ҳозирда университетда мингдан ортиқ талабалар билим олишмоқда. Шунинг учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаси бўлинг ҳамда ўз келажагингизни таъминланг!

Батафсил маълумот учун: www.inha.uz

Мавзуга оид