Ўзбекистон | 23:07 / 11.07.2018
7954
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда раҳбар аёллар тенденцияси бўйича баёнот берилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда раҳбар аёллар кўпайишига доир тенденция кузатилмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Бутунжаҳон аҳолишунослик кунига бағишланган "Оилани шакллантириш - аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқи" мавзусидаги тадбир доирасида KUN.UZ мухбирининг раҳбар аёллар ҳақидаги саволига шундай жавоб берди.

"Сўнгги йилларда вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари орасида ҳам аёл-раҳбарлар пайдо бўлмоқда. Бизда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида асосан аёллар раҳбарлик лавозимларида ишлашади. Вилоятлардаги ташкилотларда ҳам аёл-раҳбарлар тенденцияси бўйича силжиш бор. 2004 йилда бизда шундай квота жорий этилганки (қўшни давлатлар ва бошқа қатор мамлакатларда бундай квотанинг ўзи йўқ), унга кўра сайловларда номзодларни илгари сураётган пайтда, албатта, 30 фоиз квота аёлларга ажратилган бўлиши керак. Мана энди биз янги сайлов томон яқинлашяпмиз", - дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бошчилигида етакчи аёллар билан ишлашга оид лойиҳалар устида ишланмоқда, бундай аёлларнинг рўйхатини шакллантиришга доир ишлар олиб борилмоқда.

"Лидерлик қобилияти бор аёллар билан ишлар бошланган. Таъкидлаш жоизки, ўтган сайловда биз жуда яхши натижага эришдик. Туман ва вилоят миқёсидаги депутатлик учун номзодларнинг 22-23 фоизини аёллар ташкил қилди. Бу жамият олдинга қараб кетаётганини кўрсатади", - дейди Гулнора Маъруфова.

Бундан ташқари, мутахассиснинг таъкидлашича, Давлат ва жамият қурилиш академияси ҳамда минтақалар миқёсида раҳбар аёллар учун ўқув машғулотлари ташкил қилинмоқда. Уларда Хотин-қизлар қўмитаси билан бир қаторда турли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашишмоқда.

UNFPA (БМТ Аҳолишунослик жамғармаси)нинг Ўзбекистондаги вакили Миеко Ябута хоним юқоридаги жавобга қўшимча қилиб, бу каби ҳолат фақат Ўзбекистонда эмас, қатор мамлакатларда кузатилишини айтди.

"Камдан-кам аёллар карьера бўйлаб ҳаракатланишади ва юқори лавозимларга эришишади. Шу билан бирга, бу ерда аёлларнинг салоҳиятини чегаралаш бўйича нафақат эркаклар, балки аёлларда ҳам андозавий фикрлаш мавжуд ва бу масалада оммавий ахборот воситаларидан кенгроқ иш олиб боришни сўраган бўлардим", - деди Ябута хоним.

Мавзуга оид