Light | 23:51 / 12.07.2018
9260
2 дақиқада ўқилади

Матрас ишлаб чиқарувчи компания мижозларга мизғиб олиш имконини берувчи дўкон очди

Фото: Casper

Американинг матрас ва ётоқ жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Casper компанияси Нью-Йоркда харидорлар мизғиб олишлари мумкин бўлган The Dreamery дўконини очди. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.

Концептуал дўкон Манхэттендаги Casper дўконининг орт қисмида очилди. Истаган киши бу ерда махсус овоз ўтказмайдиган “қутилар” ичида жойлашган тўққизта ётоқдан биттасига буюртма бериши мумкин. Сеанс 45 дақиқа давом этади ва 25 доллар туради, пижама, эфир мойи ва Headspace медитация иловаси ҳам шу нарх ичига киради.

The Dreamery дўконининг мақсади жамиятнинг кундузги уйқу ва дам олишга бўлган қарашини ўзгартириш, уйқуни худди спорт каби соғлом турмуш тарзининг бир қисмига айлантиришдан иборат, деди Casper дўконининг ҳаммуассиси ва амалиётчи директори Нил Парикх. Европада тушликдан кейинги уйқу аллақачон маданиятнинг бир қисмига айланган, деб қўшиб қўйди у.

Унинг фикрича, бу матрас ишлаб чиқарувчининг шунчаки маркетинг юриши эмас. Компания коллеж ётоқхоналари, офис бинолари ва аэропортларда ҳам ана шундай майдончалар ташкил этмоқчи.

Фото: Casper
Фото: Casper
Фото: Casper

Мавзуга оид