Самарқандда меҳрибонлик уйи ҳамда махсус интернатдаги ёш китобхонларга китоблар тақдим этилди
Шу йилнинг 12–14 июль кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкиллаштирилган «Ёш китобхон» республика танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ушбу танлов юқори уюшқоқлик ва ташкилотчилик билан ўтказилмоқда. Барча туманларда ва шаҳар марказларида «Ёш китобхон» танлови учун алоҳида тайёргарлик кўрилган, хоналар махсус компьютерлар билан жиҳозланган. Кузатувчилар, зиёлилар ва ёшлар ташкилоти вакиллари танловнинг кўнгилдагидек ўтишига бош-қош бўлишмоқда.
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан Kun.uz’га берилган маълумотларга қараганда, вилоятда 90 мингга яқин ёш китобхонлар танловда иштирок этиш учун ариза топширишган ва саволларга жавоб беришмоқда.
«Ёш китобхон» танлови доирасида турли китобхонлик ва мутолаа маданиятига доир акциялар ва тадбирлар ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 10-сонли меҳрибонлик уйида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши ва Kun.uz таҳририяти билан ҳамкорликда ёш китобхонлар билан учрашув бўлди.
Маълумки, ижтимоий тармоқлардаги китобхон ёшларни бирлаштирган «Intellect» клуби ва Kun.uz сайти ҳамкорлигида пойтахт ҳамда вилоятлардаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун китоб йиғиш хайрия акцияси ташкил қилинган эди.
Хайрия акцияси якунига кўра эҳсонсевар юртдошларимиз кўмаги билан бир ҳафта муддат ичида маблағ ҳамда юздан ортиқ турли номдаги болалар учун мўлжалланган китоблар йиғилди. Ана шу китоблардан бир қисми Самарқанд шаҳридаги 10-сон меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳам инъом этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилган китоблар ҳам меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига топширилди.
Шундай тадбир Самарқанддаги 64-сон ихтисослашган махсус мактаб интернатида ҳам давом эттирилди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ болаларга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилган китобларни топширди.
Учрашув жараёнида болалар шеърларни ёддан ўқиб беришди, қўшиқлар куйлашди, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Энг аҳамиятлиси — болалар Ватан, она ҳақида шеър ва қўшиқларни куйлашиб, тарбиявий аҳамиятга эга мавзулар бўйича фикрларини билдиришди. Буларнинг барчаси расмиятчиликдан холи, жуда самимий ва илиқ муҳитда бўлиб ўтгани учрашув иштирокчиларнинг кайфиятини кўтарди.
Ш.Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024