Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уйининг квадрат метри нотўғри ҳисобланиши натижасида сарсон бўлиб юрган оила тақдири
KUN.UZ таҳририятига уй-жой билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушиши кўпайди. Шундай мурожаатлардан бири Тошкент шаҳар, Сергели тумани, 6 «а» мавзеси, 14-уй, 21- хонадонда яшовчи Мансурова Нигора Тураевнадан келиб тушди. Қисқача айтадиган бўлсак, Нигора опа яшаб турган уйнинг кв.м. майдони Сергели тумани кадастри томонидан нотўғри ҳисоблаб чиқилиши натижасида, йўқ жойга қўшимча пул талаб қилинаётганидан норозилигини билдирди. Мурожаатни ўрганиш учун Сергели туманига ташриф буюрдик. Нигора опа билан шахсан суҳбатлашдик.

«Мен яшаб турган уйнинг квадрати аслида 54.3 кв.м. ни ташкил қилади. Мен ўзим уйимни ўлчатганимда худди шундай 54.3 кв.м. чиқди, лекин Сергели тумани кадастр бўлими 57.03 кв.м. деб хато ўлчаб, «Ўзшаҳар қурилиш инвест » МЧЖга расмийлаштириб хат юборган. Мен банкка уйнинг пулини тўлашга борганимда яна қўшимча 8,5 миллион сўм тўлашим лозимлигини айтишди. Биз уйимизни 54.3 квадратлигини унга қанча пул тўланишини биламиз, лекин кадастр нотўғри ҳисоблаб чиқиши оқибатида уйимизнинг квадрати 57.03 кв.м. бўлиб қоляпти. Қолган ҳамма уйларнинг квадрати 54 дан ошмайди. Қанақасига бизнинг уйимиз катта бўлиб қолади? Осмонга қараб ўсмайдику? Биздан «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖ йўқ 3 кв.м. учун қўшимча пул талаб қиляпти. Бу ҳолатни аниқлаштириб беринглар деб «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖга борганимда улар бу бизнинг хатоимиз эмас, бу масалани ҳал қилиш учун ҳамма ҳужжатни бошидан ўзгартиришимизга тўғри келади, буни кадастр ҳал қилади дейишди.

Шундан сўнг, Сергели тумани кадастр бўлимига бордим. Улар биз далолатнома қилиб қилиб, «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖга киритганмиз, қолгани уларнинг иши, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, дейишди. Банкка мурожаат қилганимизда банк «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖдан хат қилиб беришсин дейишяпти. Хуллас, биз ўртада сарсон бўляпмиз. Оддий оила бўлсак, йўқ жой учун 8.5 миллион тўламаймиз-ку, кейин бу бизнинг хатоимиз эмас. Нима қилишни билмай қолдик. Тегишли жойларга мурожаат қилдик лекин ҳалигача жавоб бўлмади».





Биз Нигора опа билан ҳужжатларни ўрганиб чиқдик. Ҳақиқатан ҳам кадастр бўлими адашганлиги, қайта ўлчаб берилганда уй ростдан ҳам 54.03 кв.м.га ўзгартирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат борлигини кўрдик. Кейин ҳужжатларни олиб Сергели тумани кадастр бўлимига бордик. Аввалига шу уйни хато ўлчаган кадастр ходимини топа олмадик. Бўлим бошлиғига мурожаат қилганимизда, хато кадастр томонидан қилинганлигини тан олишди. Шундан сўнг, Сергели тумани кадастр филиал бўлими бошлиғи «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖга алоқага чиқиб, масала юзасидан гаплашишди. Бўлим бошлиғи бу хатоликни тўғирлаб, тезда ҳал қилишга ваъда берди.


Хулоса қилиб шуни айтамизки, ташкилот йўл қўйган хатолик туфайли ўртада оддий бир оила (маошга яшайдиган) жабр кўрмасин. Сарсон бўлмасин. Ахир уйида йўқ кв.м. учун ким пешона тери билан топган пулидан 8.5 миллион тўлагиси келади?..
Ўйлаймизки, тез орада бу муаммо ижобий ҳал бўлади.