Ўзбекистон | 21:00 / 17.07.2018
60666
2 дақиқада ўқилади

Раҳмонбек Усмонов қўлга олингани ҳақидаги хабар тасдиқланмади

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов қўлга олингани ҳақидаги хабар тасдиқланмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда собиқ ҳоким устидан жиноий иш очилгани ҳамда бир қатор айбловлар билан унга нисбатан тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақида интернетда тарқалган маълумотни рад этди.

Хабарларда шу йилнинг апрелида пойтахт шаҳар раҳбарлигидан кетгач, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги («Ўзавтотранс» агентлиги) раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият бошлаган Раҳмонбек Усмонов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани, унга нисбатан қурилиш учун ажратилган ер майдонларини ноқонуний сотиш, пора олиш (Жиноят кодексининг 210-моддаси), ер участкаларининг ажратилишида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодексининг 205-моддаси) ҳамда қишки захира учун ажратилган пиёзнинг «исроф» қилингани ҳолатлари юзасидан жиноий иш қўзғатилган ҳам айтилганди.

«Бу ишончли маълумот эмас. Бош прокуратура бундай маълумот бермаган. Бу тасдиқланмаган, асоссиз хабар», дея жавоб қайтарган бош прокуратура вакили.

Эслатиб ўтамиз, Раҳмонбек Усмонов 2012–2018-йиллар давомида Тошкент шаҳар ҳокими бўлган. У 2018 йилнинг 26 апрель куни ўз вазифасидан озод этилган, унинг ўрнига Akfa Group компаниялари асосчиси ва раҳбари, ишбилармон Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Бир ҳафтача олдин прокуратура Усмоновнинг турли йилларда имзоланган, ер участкалари ажратилиши ҳақидаги қарорларини тўхтатгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид