Жамият | 17:20 / 18.07.2018
66606
2 дақиқада ўқилади

Депутат Бўз тумани ИИБда рўй берган вазият бўйича вазирликдан изоҳ талаб қилди

Фото: Repost.uz/Facebook/@ZaynitdinovN

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов Бўз туманида ички ишлар ходимининг кечаси кўчада юрган ўсмирга қўл кўтаргани билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди. У Facebook`даги шахсий саҳифасида, жумладан, шундай деб ёзган:

«Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Бўз туманларида ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ана шундай ҳимоя қиляптими?

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлишни тақиқлайди.

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ички ишлар органлари фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Кеча Олтинкўл туман ИИБ ходимининг фуқарога қўл кўтаргани акс этган видео чиққанди. Бугун эса Бўз туманида кечаси кўчада юрган ўсмирга нисбатан куч ишлатилди.

Тегишли вазирликдан кимдир ўзи нималар бўлаётганини тушунтириб берар балки?»

Туман кенгаши депутати ўз постида «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун талабларини ҳам эслатиб ўтган.

Мавзуга оид: Андижон вилоятида ИИБ ходими тунда кўчада юрган ўсмирни ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарди (видео)

Мавзуга оид