Ўзбекистон | 18:40 / 18.07.2018
5439
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси Россия ва Францияда бўлиб, Европа тажрибасини ўрганиб қайтди

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори ҳамкорлигидаги лойиҳаси доирасида хорижий мамлакатлар конституциявий назорат институтини ўрганиш мақсадида Конституциявий суд делегацияси Россия Федерацияси ва Франция Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Конституциявий суд котибияти Kun.uz`га маълум қилди.

Россия Федерациясига ташриф давомида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ва Давлат Думасида, Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институтида, шунингдек Россия Федерацияси Конституциявий судида учрашувлар бўлиб ўтди.

Фото: Конституциявий суд котибияти

Учрашувлар давомида қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, конституциявий шикоят институти, конституциявий судлов самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси суд органлари ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.

Фото: Конституциявий суд котибияти
Фото: Конституциявий суд котибияти

Ўзбекистон делегациясининг Францияга қилган ташрифи давомида Магистратлар (Судьялар) миллий мактабига, Конституциявий Кенгашга, Давлат Кенгашига, Франция Миллий Ассамблеяси ва Сенатига, шунингдек Страсбург шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида бўлишди. Томонлар конституциявий назорат, конституциявий шикоят ва конституциявий иш юритишни такомиллаштиришга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Фото: Конституциявий суд котибияти
Фото: Конституциявий суд котибияти

Учрашувларда француз экспертлари Ўзбекистонда сўнгги вақтларда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатаётганликларини эътироф этдилар. Айниқса Ўзбекистоннинг туристик имкониятларидан фойдаланиш кўлами ошаётгани, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси тарғиб қилинаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Фото: Конституциявий суд котибияти

Шундай қилиб, Россия Федерацияси ва Франция Республикасига амалга оширилган Ўзбекистон делегациясининг ташрифи муваффақиятли ўтди. Ташриф якунлари шуни кўрсатдики, конституциявий назоратни амалга оширувчи органлар томонидан қўлланилаётган айрим амалиётлар, жумладан фуқароларнинг конституциявий шикояти, қонунларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни дастлабки назорат қилиш институтларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплиментация қилиш мумкин.

Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш, конституциявий судловни янада яхшилашда алоҳида аҳамият касб этади, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларини судлар томонидан ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегациясининг Россия Федерацияси ва Франция Республикасига ташрифи фойдали бўлди ва бу икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид