Жамият | 14:30 / 19.07.2018
106664
8 дақиқада ўқилади

Оқланган собиқ ички ишлар ходимининг ногиронлигига сабаб МХХ терговими?

Жорий йилнинг 12 июнь куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қизириқ туман судида Б.Мамадаминов раислигида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судланувчи Ж.Бегимқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноят ишлари кўриб чиқилди. 

Kun.uz`га маълум бўлишича, судланувчи Ж.Бегимқулов Ангор туман ИИБ ХЧК ва ФР (халқ тилида “паспорт стол”)да катта инспектор лавозимида ишлаб келган. Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, бўлинма бошлиғи И.Қобилов, инспектор А.Абдураҳимов “Агробанк”нинг Ангор тумани филиали махсус касса кассири С. Усмонов билан олдиндан тил бириктириб, биометрик паспортларни  расмийлаштириб бериш ва қўлланилган жарималарни тўланганлигини сохталаштириш, фуқаролар томонидан тўланадиган жами 166 198 035 сўм пулни кирим қилмасдан, ушбу пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган, дея гумон қилинган экан.

Ушбу масала юзасидан Сурхондарё вилоят Назорат тафтиш бошқармаси томонидан 2016 йил 29 апрелда далолатнома тузилган. 

Суд мажлисида Ж.Бегимқулов айбга умуман иқрор бўлмади. Ж.Бегимқулов 2016 йил 20 сентябрга қадар ички ишлар тизимида катта инспектор лавозимида ишлаганлиги, ҳақиқатан ҳам текшириш ўтказилганлиги ва 166 198 035 cўм пул маблағлари топширилмаганлиги аниқланганлиги, аммо унинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтган. Фуқаролардан давлат божини олиб қолиш ва квитанция тўлдириш ҳамда пул тушуми юзасидан банк билан солиштирма ўтказиш унинг вазифасига кирмаганлиги, шахсан ўзи фуқаролик паспортлари учун топшириладиган давлат божларини қабул қилиб олмаганлиги ва квитанция тўлдирмаганлиги, ушбу вазифалар махсус касса ходимларига юклатилганлигини айтган. Кассадагилар банк ғазнасига топшириши лозим бўлганлиги, у фақат бошлиқ устхати қўйилган ҳужжатлар ва квитанцияларни расмийлаштирганлигини айтган.

Айбланувчининг сўзлари судда бир неча гувоҳлар томонидан тасдиқланган. 

Шунингдек, Ж.Бегимқуловнинг сўзларига кўра, 2016 йил 20 сентябрда уни ва ҳамкасби А.А.ни Сурхондарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФРБ фаолияти куратори, MXX ходими Х.Т. чақириб олиб, шу ерда уларни ҳақорат қилади. Унга кийимларини ечишни айтишади. Бошига уришганда у ҳушини йўқотганди. Сўнг кафель ёпиштирилган ер тўлада эканини билиб қолганлигини, унинг олдига МХХ ходимлари 6 киши деярли ҳар куни соат 23:00дан кейин келиб, қўл-оёқларини боғлаб, баданига тан жароҳатлари етказиб, кимга пора берганини ва кимдан пора олганини айтаверганлиги, лекин ҳеч кимга пора бермаганини ва ҳеч кимдан пора олмаганини айтганида ҳам, МХХ ходимлари яна уриш ва қийнашни давом эттиришади. МХХ ходимлари унга нисбатан доимо жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказади, оёқ товонларини игна билан тешишади, турмуш ўртоғининг номусига тегиш ва бошқа таҳдидлар билан қўрқитишади. 

Оқибатда Ж.Бегимқулов 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Сўнг МХХ ходимлари ноиложликдан унга текширишда аниқланган банк ходимларининг ўзлаштиришини бўйнига қўйганлиги, лекин ўзининг кўрсатувларида бу ҳолатни ҳам инкор этиб, сўроқ баённомаларига ўзи имзо чекканлиги, бирор бир сўроқда ҳимоячи қатнашмаганлиги ва ўзи ҳимоячини умуман кўрмаганлигини айтган. Кўпчилик сўроқ баённомаларига ўзи имзо қўймаганлиги, ушбу ҳолатни хатшунослик экспертизаси ҳам аниқлаганлиги, кассир унга туҳмат қилаётганлиги ва банкда аниқланган ўзлаштиришга алоқаси йўқлиги сабабли оқлашни сўраб кўрсатув берган. 

Суд мажлисида гувоҳларнинг кўпчилиги Ж.Бегимқуловнинг кўрсатувларини тасдиқлаган. Хусусан, гувоҳ Х. М. дастлабки терговдаги ва биринчи босқич судидаги кўрсатувларини қисман тасдиқлашини, чунки МХХ ходимлари унга агарда Ж.Бегимқуловнинг фуқаролардан пул олмаганини айтсанг, сени ҳам унга шерик қилиб бир умрга қаматамиз деганлиги, пулларни кассага кирим қилинмасдан ўзлаштирилганлиги ҳақида кўрсатув берган.

Суд мажлисида Ж. Бегимқуловнинг турмуш ўртоғи Н. Усмонова олдинги кўрсатувларини қисман тасдиқлашини, чунки стресс ҳолатида бўлиб, МХХ ходимлари унга бир неча ҳужжатларга имзо қўйдириб олганлиги, турмуш ўртоғи ишлаётган пайтида уйга фақат ойлик маошини олиб келганлиги, ортиқча пуллар олиб келмаганлигини, МХХ ходимлари уйида тинтув ўтказиб ҳеч нарса топмаганлиги, улар томонидан турмуш ўртоғига жисмоний ва руҳий босим ўтказганлиги сабабли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганлиги ҳақида кўрсатув бериб ўтган.   

Юқоридаги кўрсатмаларни ўрганган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Қизириқ туман суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 2-бандига асосан, процесс иштирокчилари ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда, шунингдек, ўз тасдиғини топмаган кўрсатувлардан, тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувлардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслигини келтириб ўтган. 

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг 2018 йил 20 апрелдаги 361-сонли суд-хатшунослик экспертизаси хулосасига асосан, 2016 йил 20 сентябрдаги юзлаштириш, 2016 йил 11 октябрдаги айбланувчини кўшимча сўроқ қилиш, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни Ж.Бегимқулов ёлғон кўрсатув беришга қодир эмаслиги, ҳақиқатга тўғри келадиган объектив кўрсатувлар бераётганлиги, яъни реал содир бўлган воқеаларни сўзлаётганлиги кўрсатилган.

Суд ўрганиш натижасида келтирилган далиллар номақбул бўлиб, юридик кучга эга бўлмай, уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас, деб ҳисоблади.

Қонунчиликка кўра, яъни Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасига мувофиқ, суд судланувчига қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаса, ушбу Кодекснинг 83-моддасига асосан судланувчини оқлайди дейилган. Яъни, Ж. Бегимқуловга нисбатан айбловлар ўз тасдиғини топмади.

Шундай қилиб, жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг хукмига биноан, қонунчиликка амал қилган ҳолда, Бегимқулов Жаҳонгир Тохирович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида (мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбсиз деб топилди ва оқланди.

Берилган кўрсатувлар бўйича Ж.Бегимқулов ва бошқа шахсларга тазйиқ ва қийноқ ўтказган дея айтилган МХХ ходимлари ва бошқа жиноятда гумонланаётган шахсларга нисбатан ҳарбий прокуратура томонидан жиноят иши очилган бўлиб, айблари тасдиқланган шахслар қонун олдида, албатта, жавоб беришларига ишонамиз.

Халқимиз “ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрасин”, дея дуо қилади. Ўт ва сув балосининг азоби тушунарли. Лекин туҳмат балоси ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоблар экан. Агар бунинг учун ҳар хил тазйиқлар ва қийноқлар ҳам қўшилса, қандай қўрқинчли тус олишига очиғи кўпчиликнинг тасаввур даражаси ожизлик қилади.

Ж.Бегимқулов ва аёли ҳам туҳмат балосидан қанча азоб кўрганлигини ўзингиз кўз олдингизга келтираверинг. “Хақиқат эгилади, лекин синмайди” деган нақл бежиз айтилмаганидек, оила ҳам сабр-бардош билан адолат учун охиригача курашди. Бундай метин ирода эгалари жамият ва халқ орасида ҳурматга сазовор, бизнингча. Сўзимиз якунида, Ж.Бегимқуловнинг соғайиб кетишини, оиласи эса аввалгидек беками-кўст оилалар қаторида бўлишини тилаб қоламиз.

Мавзуга оид