Ўзбекистон | 18:50 / 19.07.2018
9127
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда инглиз ва рус тилларида маъруза қилинувчи масжид қурилади

Фото: KUN.UZ

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Одил Аҳмедов, Турон яккакураши бўйича халқаро турнирлар ғолиби Наргиза Ваҳобхўжаева ҳамда яна бир қанча актёр ва спортчиларнинг Тошкентда масжид қуриш режаси борлиги ҳақида маълумот берилган эди.

Хабарда бу ғояни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов қўллаб қувватлагани айтилган эди. 

Шуҳрат Турдиқулов Наргиза Ваҳобхўжаевага Тошкентнинг Сергели туманида масжид қуришни тавсия этган. 

ЎзА`нинг маълум қилишича, Наргиза Ваҳобхўжаева ҳамон масжиднинг ташкилий ишлари билан банд. Яъни ҳозирча масжид жойи аниқланмаган. Наргиза Сергели тумани ҳокими билан масжидга ажратилажак 40 сотих ерни бориб кўрган. Лекин Наргиза масжидни Тошкент марказида қуришни режалаштирмоқда. Нима учун айнан шундай эканлигини у қуйидагича изоҳлади: 

«Аввал масжидни Сергели туманида қуришни кўзлаган эдик. Кейинчалик, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масжидлар билан ишлаш бўлими билан биргаликда пойтахт марказида қуришни маслаҳатлашдик. Масжид кичик бўлса-да, у шаҳар марказида бўлгани маъқул. Шунингдек, унда қорилар рус ва инглиз тилида ҳам маъруза қила олишлари керак. Шаҳримизга келган меҳмонлар учун марказий меҳмонхоналарга яқин жойда масжид барпо қилиш ҳамда сайёҳлар учун бошқа тилларда ҳам маърузалар қилинишини мақсад қилганмиз.

Мен актёр Ёқуб Аҳмедов билан биргаликда спортчи ва актёрлар ҳомийлигида қурилажак масжиднинг ташкилий ишлари билан шуғулланяпман. Актёр ва спортчилар мендан уларнинг номини ошкор этмаслигимни илтимос қилишган. Тўғриси, масжид қурилиши овоза бўлгач мени улар жуда кўп койишди. Ҳали бу маълумот учун ҳам мендан ўпкалашлари мумкин. Чунки бундай ишлар одатда овоза қилинмайди», дейди Наргиза Ваҳобхўжаева.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид