Жамият | 13:13 / 21.07.2018
12158
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентлардан тиббий маълумотнома сўраш талабини бекор қилиш таклифи берилди

Фото: Deskgram

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида абитуриентлардан тиббий маълумотнома сўраш талабини бекор қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, республикада олий таълим муассасаларига илмга чанқоқ, келажакда яхши мутахассис бўламан, деб олдига аниқ мақсадлар қўйган юз минглаб ёшлар томонидан ҳужжатлар топширилмоқда. 

“086 рақамли “Тиббий маълумотнома”нинг бирор бир информатив қиммати йўқ. Чунки баъзи ихтисосликлардан ташқари барча олий ўқув юртларида ҳар қандай касаллик билан ҳисобда турадиган беморларгина эмас, балки ногиронларнинг ҳам таълим олиш ҳуқуқи чекланмаган. Шундай экан бу маълумотнома нима учун керак? Келтирилган баъзи мутахассисликлар эса абитуриентни махсус тиббий кўрикдан алоҳида комиссиялар орқали ўтказадилар.

Маълумки, 086 формадаги маълумотлар (қон ва бошқа таҳлиллар) 1 ойдан кейин эскирган ҳисобланади. Тиббий маълумотномага фақат туман марказидаги кўп тармоқли поликлиника врачлари имзо ва шахсий муҳрларини, туман тиббиёт бирлашмаси эса гербли муҳрни уриш ҳуқуқига эга. Шаҳарларда бу муаммо балки кичикдир, лекин туман марказидан 50 км ва ундан ортиқ масофада яшовчи абитуриент учун бу албатта вақт ва маблағ сарфини талаб қилади. Ҳеч қандай қиммати бўлмаган маълумотнома учун шунча оворагарчилик зарурми? Баъзи ОТМлар эса маълумотноманинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклида кўрсатилмаган бўлса ҳам дерматовенеролог ва таносил касалликларини аниқлашга мўлжалланган РВ қон таҳлилини ҳам талаб қилиши бунга мисол бўлиб, кўнгилни хира қилади”, - дейилади мурожаатда.

“Бизнинг фикримизча, абитуриент тақдим қилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхатидан тиббий маълумотнома, яъни 086 формани чиқариб ташлаш вақти аллақачон етиб келди”, - дея якунланган мурожаат матни.

Мавзуга оид