Фан-техника | 21:29 / 23.07.2018
12597
2 дақиқада ўқилади

Sony смартфонлар камераси учун жаҳондаги илк 48 мегапикселли сенсорни намойиш этди

Sony смартфонлар камераси учун IMX586 деб номланган жаҳондаги илк 48 мегапикселли сенсорни ишлаб чиқаришини маълум қилди. Компания мазкур чип хусусиятлари бўйича энг етакчи фотоаппаратлар, масалан Sony Alpha A7R III фотоаппаратини ҳам ортда қолдиришини билдирди.

Sony сайтида айтилишича, IMX586 «саноатдаги энг юқори пиксел»га эга бўлиб, 8-миллиметрли чипга жойлашган. У хусусиятлари борасида бозорда энг яхши деб ҳисобланган Google Pixel 2 XL’дан ҳам юқорироқда туради.

Одатда мобил камераларида бундай юқори ўлчамдаги матрицадан фойдаланиш ёруғлик сезиш хусусиятини пасайтиради. Аммо компания бу муаммони Quad Bayer махсус технологияси орқали ҳал этди. Унинг ёрдамида пикселларга тушаётган ёруғлик миқдори оширилади ва тўртта пиксел биттага «бирлашади». Ёруғлик кам бўлган шароитларда сенсор ўлчамни 12 мегапикселгача пасайтиради, аммо суратлар «ёрқин ва шовқинларсиз» чиқади.

Sony шунингдек, процессинг технологияси ҳақида ҳам маълум қилди. У сониясига 90 кадрли 4К-видео ёки сониясига 240 кадрли FullHD ўлчамда видео олиш имконини беради.

Фото: Sony

Sony IMX586’ни сентябрдан ишлаб чиқаради, аммо улар дастлаб компания смартфонларига ўрнатилади. Чип бошқа компанияларга 2019 йилдан бошлаб 27 доллар нархда сотилади.

Nokia 2012 йилда 40 мегапиксел сенсорли смартфон ишлаб чиқарганди. Аммо чип анча катталиги боис камера 808 PureView корпусидан туртиб чиқиб турарди.  

Sony компаниясининг сенсорлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бўлинмаси бозордаги энг йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Sony сенсорларидан Айфонларда ҳам фойдаланилади.

Мавзуга оид