Жамият | 01:32 / 24.07.2018
32216
13 дақиқада ўқилади

Андижонда мулкдорлар ҳуқуқи поймол бўлмоқдами?

“Кун.уз” сайти электрон почтасига ҳар куни юзлаб мактублар, мурожаатлар ва шикоятлар келади. Уларни кўздан кечирар экансиз айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан мисли кўрилмаган номақбулчилик, нўноқлик, сансалорлик ва йўқ жойдан муаммо яратиш каби ҳолатларга гувоҳ бўласиз.

Ана шундай мактублар орасида Андижон вилоятидаги – “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” қишлоқ хўжалиги кооперативининг 495 нафар мулкдорлари томонидан йўлланган мурожаат эътиборимизни тортди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.02.2017 йилдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–2796–сонли қарори ижросини таъминлаш ниқоби остида, Андижон вилоятидаги “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” қишлоқ хўжалиги кооперативи сунъий равишда инқироз ҳолатига олиб келинаётганлиги тўғрисида баён этилган.

Вазиятга холис бахо бериш мақсадида ижодий гуруҳимиз Андижонга йўл олди.

Мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати тарихига назар ташласак, собиқ Иттифоқдан мерос бўлиб қолган ва улкан ҳажмда пайпоқ тўқишга ихтисослашган комбинатлар сони атиги 3та эди.

Бири Жиззахда, яна бири Қўқонда, учинчиси Андижон вилояти Қорасув шаҳрида эди. Ўтган йиллар давомида Жиззах ва Қўқондаги мазкур гигант корхоналарнинг умри битди. Уқувсиз бошқарув, тор манфаатлар, бозор иқтисодиёти талабларини яхши билмаслик оқибатида корхоналар барбод бўлиб, юзлаб ишчилар кўчада қолди.

Фақатгина Қорасувдаги пайпоқ тўқиш фабрикаси ишбилармонлик руҳи ва бой тажриба туфайли сақлаб қолинди. Аслида долғали йилларнинг талотўпларидан эсон-омон чиқиб келаётган ва иш ўринларини сақлаб қолаётган корхона раҳбарларига раҳмат айтиш керак эмасми?! Лекин амалда нима бўлаяпти?

Бизни Қорасувда корхона раҳбарлари ва маъсул ходимлар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Даставвал корхона фаолияти билан яқиндан танишиш истагимиз борлигини сўрадик ва ишлаб чиқариш цехларини атрофлича кўздан кечирдик. Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” дабдурустдан Андижон вилояти қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссиси хулосасига кўра, фойдаланилмаётган корхоналар рўйхатига қўшиб қўйилган. Бу РЎЙХАТ асос қилиниб, корхонага нисбатан таъсирчан солиқ механизми яъни оширилган солиқ тўлаш чораси қўлланилган. Натижада корхона оз эмас-кўп эмас 232 миллион сўмдан ортиқ солиққа тортилган.

Вилоят идоралараро комиссияси хулосасига асосан Қўрғонтепа туман солиқ инспекцияси томонидан таъсирчан солиқ ундириш талаби билан корхонага берилган талабномалар рад этилгач, солиқ идораси 2018 йил 25 май куни вилоят иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Андижон вилоят иқтисодий судининг 2018 йил 31 майдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ Вилоят идоралараро комиссияси хулосасига асосан киритилган даъво аризаси қаноатлантирилган ва “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” қишлоқ хўжалиги кооперативи ҳисобидан давлат фойдасига 232 661 777 сўм солиқ ундириш белгиланган.

Фабрикада иш қизғин. Қиз-жувонларнинг қўли қўлига тегмайди. Улар билан суҳбатда ҳар ойда 600-800 минг сўм иш ҳақи олишаётгани аён бўлди. “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” таркибидан 2012 йилда ажралиб чиқиш тартибида  “Қорасув трикотаж файз” МЧЖ ташкил топган. Унинг харидоргир тайёр маҳсулотлари эса Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 42.3 минг долларлик маҳсулот хорижий ҳамкорларга сотилди, ички бозорларга 101.7 миллион сўмдаги 102.2 минг жуфт пайпоқ маҳсулотлари етказиб берилди. Лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган ишлаб чиқариш цехида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Биз фойдаланилмай бекор турган, эгасиз ва ҳувиллаб ётган, ҳудуднинг меъморий кўринишини бузиб турган қаровсиз корхонани кўрмадик. Демак, Идоралараро комиссияси хулосасида холислик бўлмаган. Аниқроқ қилиб айтганда, бу комиссияга хулоса берган маҳаллий валломатларнинг нохолислиги ортида қандайдир шахсий манфаат ётгану, ўша “манфаат”ни қаноатлантиришни Юлдузхон Раҳимова сидқидилдан адо эта олмаган. Бундай кўча бехабарлик ва кўнгил топишда нўноқлик унга қимматга тушмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–2796–сонли қарорининг Андижон вилоятидаги ижроси бўйича юзага келган муаммо ҳақида тадбиркор билан очиқ суҳбат қурдик.

Таъкидлаш керак, Идоралараро комиссия хулосаларида “Қорасув пайпоқ ишлаб чиқариш фабрикаси”да лойиҳа бўйича ишлар қилинмагани, лойиҳа таклифи берилмагани, корхонадан фойдаланилмаётгани хусусида бот-бот баён этилади. Аслида қарор ижроси юзасидан лойиҳа қилинганмиди?

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–2796–сонли қарори тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш, янги иш ўринларини яратиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади. “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” айни қарор ижроси юзасидан янги лойиҳага қўл урган. Бироқ лойиҳа рад этилаверган. Корхона раҳбарининг эътирозига кўра, туман солиқ инспекцияси ходимларининг ҳам бу борадаги ҳатти-ҳаракати амалдаги қонунларга зид бўлган.

Масала юзасидан Идоралараро комиссиянинг ишчи органи бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайратжон Мадакимов билан боғландик. Минг афсуски, бошқарма бошлиғи мазкур ҳолат бўйича интервью беришини хоҳламади. Бироқ Телеграмм орқали ахборот тақдим этиши мумкинлигини айтди. Мавзу бўйича қўшимча саволларга эса унинг ўринбосари Рустам Шарипов биз билан боғланиб, керакли маълумотларни бериши мумкинлигини билдирди.

Ваъда қилинганидек, бизга Телеграм орқали юборилган ва Ғ.Мадакимов номидан вилоят ҳокимлигига киритилган хатда корхонани қандай қилиб жар ёқасидан олиб чиқиш ва соғломлаштириш йўллари ҳақида сўз кетмаганлиги, аксинча солиқ юкини кўпайтириш натижасида корхонанинг банкрот бўлиши баён этилгани бизни ажаблантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги 5016-сонли фармони ва 2897-сонли қарорига мувофиқ Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилганида унга ишлаб турган корхоналарни тугатиш ва барбод этиш эмас, балки ишламаётганларини юритиб юбориш, ўз номи билан мадад-кўмак кўрсатиш вазифаси юклатилганини бошқарма бошлиғи унутиб қўйгандек, гўё.

Бошқарма бошлиғи билан учрашишнинг имкони бўлмагач, унинг ўринбосари Рустам Шарипов билан боғландик. Афсуски, саволларимизга тайинли ва асосли жавоб ололмадик. Шариповнинг айтишича, корхона ўз ҳудудини қонунга зид равишда ижарага бераётган эмиш. Ҳақиқатдан корхонанинг умумий ер майдони 9,33 гектар бўлиб, шундан ишлаб чиқариш биноси 1,82 гектарни ташкил қилади. Унинг бир қисми пайпоқ ишлаб чиқарувчи 7 та якка тадбиркорга ижара шартномаси асосида ижарага берилган. Маъмурий бино 0,30 гектар. Қолган 7 гектар ерда иссиқхона, мева боғи, сув ҳовузи, қозонхона, чиқинди сувларни тозалаш мажмуаси мавжуд.

Таклиф этаётган лойиҳаларини банк муассасалари ёқламаётганлиги сабабли уларга қатъий чора кўришга тўғри келгани ҳақидаги фикр ҳам асоссиз бўлиб чиқди.

--- “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” 2017 йилда 10 апрелда лойиҳа берди. Биринчи лойиҳада йилига 2750 тонна калава ип ишлаб чиқарувчи дастгоҳларни Германия, Швейцария ва Туркия давлатларидан сотиб олиб, 189 та ишчи ўрнини яратиш кўзда тутилган. 7,74 миллион АҚШ доллари қийматига эга. Лойиҳа вилоят идоралараро комиссияси раиси, вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев томонидан 2017 йил 16 июндаги мажлисда рад этилди. Сабаби тушунарсиз ва мантиқсиз. Шундан сўнг биз яна бир неча маротаба турли идораларда ушбу лойиҳани тасдиқлаш учун югурдик. 2018 йил 4 июнда такомиллаштирилган, асосланган, “Ўзенглойиҳа” институти томонидан пухта ишлаб чиқилган лойиҳа Вилоят идоралараро комиссияси ва аъзоларига топширилди. Белгиланган қоидага кўра бир ой ичида жавоб берилиши керак бўлган мурожаат хатига ҳалигача жавоб ололмадик.  

Бошқарманинг кўражак чораси тап-тайёр корхонани хонавайрон қилса, солиқ идораси уни синдириш пайида бўлса бундай мақсади шубҳали чораларни оқлаб бўладими? Ёки тадбиркорларни сунъий равишда банкрот қилиб, сўнг унга эга чиқиш истаги йўқмикан, деган фараз ҳам хаёлимизда ўрлайди. Йўқса кечани кеча кундузни кундуз демай ҳаракат қилаётган тадбиркорни оёғига чил бериш, ислоҳотларнинг ойдин йўлида белига тепиш кимга керак бўлиб қолди. Хусусий мулкни қинғир йўллар билан олиб қўйиш юзлаб ишчиларни даромадсиз қолдириши, уларнинг қайнаб турган қора қозони қайнамай қолиши мумкинлиги хусусида ўйлаб кўришмадими? Ниҳоят, бу ўйинлардан Андижон вилоятининг тиниб-тинчимас ҳокими Шуҳрат Қўшоқбоевичнинг ёки Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Равшан Аюбовичнинг хабарлари бормикан? Бундан хабарлари йўққа ўхшайди-да, акс ҳолда бу икки олийжаноб ва ғайратли раҳбарлар ҳам бу каби адолатсизликка йўл қўйилишига қўл қовуштириб қараб туришмаган бўлишарди – дейди тадбиркор.

Биз туман солиқ инспекциясига мазкур корхона билан боғлиқ вазиятга изоҳ сўрадик. Солиқ ходимлари эса “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси”га қўлланилган чоранинг ҳуқуқий асосини изоҳлаб бериш учун роса компьютер титкилашди. Излаб топа олишмади чоғи жавоб ҳам ҳаминқадар бўлди. Ижодий гуруҳ жавобдан қониқмагач, Қўрғонтепа тумани давлат солиқ инспекциясининг ушбу ишга масъул ходими Жалолиддин Исманов билан суҳбатлашдик.

Жалолиддин Исманов биз билан суҳбатда кўрилган чора амалдаги қонунга зид бўлса-да, унга вилоят прокуратурасидаги бир амалдор тазйиқ ўтказгани, топшириғини бажармаса, қаматиб юбориш билан таҳдид солгани, иш силлиқ битса келажакда корхонадан унга манфаатли жой ажратиб беришга ваъда қилганини сўзлаб берди.

Биз воқеаларнинг ушбу қисми бўйича ўзбошимчалик билан суриштирув ўтказмоқчи эмасмиз. Яхшиси бу билан ўз ишининг усталари шуғуллангани маъқул. Шу сабабли жиноят ҳиди анқиб турган мазкур ҳолатни ўрганишларини сўраб, Ж.Исманов билан бўлган суҳбат видеосини илова қилган ҳолда Бош прокуратурага таҳририят номидан расмий хат билан чиқдик.

Тадбиркор адолатни суддан кутган эди. Аммо!!!

Бир томонлама, фақат даъвогар томонидан тақдим этилган далилларга асосан суд чиқарган қарор тадбиркорнинг иқтисодий ахволини янада оғирлаштирди. Судга тақдим этилган далиллар инобатга олинмади. Тадбиркорнинг оҳ-воҳи корхона деворларидан ташқарига чиқмай қолмоқда.

Хуллас, Андижонда эл корига хизмат қилувчи тадбиркорни ким эшитади? Наҳотки Қорасув пайпоқ тўқув фабрикаси шунча уринишлар ва ўзгаришлар кечаётган даврда асосланмаган маълумотлар ва айрим мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб таназзулга юз тутса?

Нажот кўрингандай гўё...

Мақолани тайёрлаш асносида кутилмаганда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасидан огоҳлик бонги янгради ва умид илинжи уйғонди. Ҳудудларнинг ва бутун мамлакатнинг иқтисодий ўсишига имкон берувчи, янги иш ўринлари ташкил этиб ижтимоий масалаларни ҳал қилишга муҳим имконият яратувчи, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг доимий қўллаб-қувватловчи ташкилот бир четда қўл қовуштириб ўтирмагани эътиборга молик.

Чорасиз ва тушкун кайфиятда қолган корхонадаги вазият ҳақида уюшмага маълум қилиниши ҳамоно, уюшма раҳбарияти иш қанчалик чигал ва бир томонлама эканлигини таҳлил қилиб кўрди назаримизда, шошилинч равишда биринчи босқич суд ҳукмига апелляция шикоятини киритди. Қолаверса, корхона ҳудудидаги қисман бўш турган жойга ҳам янги лойиҳа ишлаб чиқилиб, вилоят Идоралараро комиссияга топширилди.

Муаммонинг асли Андижон вилояти Идоралараро комиссияси ишчи органи бўлган вилоят Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бошқармасининг айрим мутасаддилари ва туман ҳокимларининг Президент Фармон ва Қарорларини тўла тушунмаслигидан келиб чиқмоқда. Улар қонуний асос бўлмаса-да ўзларига ёқмаган корхонани "фойдаланилмай ётибди" деган баҳонада солиқ юкини ошириб, тазйиқ ўтказишидан қандай мақсад кўзланган, буниси бизга қоронғу. Мазкур чигал ишга шахсий манфаат аралашмаганига, кейинчалик тортиб олинган корхона бошқа бир "тадбиркор"га "ноль" қийматда сотилмаслигига ким кафолат беради?

Аммо мазкур нохуш аҳволга ҳалигача узил-кесил нуқта қўйилгани йўқ. “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси”нинг касод бўлиши биринчи галда Андижон аҳолисининг манфаатларига путур етказади. Юзлаб фуқаролар ишсиз ва даромадсиз қолади.

Мазкур муаммонинг ечими бўйича вилоят ҳокимлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Солиқ қўмитасидан жавоб кутиб қоламиз.

“Кун уз” билан биргаликда воқеалар ривожини кузатиб боринг.

Мавзуга оид