Спорт | 11:00 / 24.07.2018
24731
12 дақиқада ўқилади

Эктор Купернинг терма жамоамиз учун оптимал вариант эканига 4 сабаб

Фото: APA/AFP/GABRIEL BOUYS

Ҳали расмий хабар чиқмади, лекин эшитишимча, терма жамоамиз бош мураббийлигига аргентиналик мутахассис Эктор Купернинг тайинланиши тўқсон тўққиз фоиз аниқ экан.  

Аввало, айтиш керакки, мураббий ҳақида олдиндан аниқ хулоса бериш қийин. Футболда мураббийларнинг натижалари парадоксларга тўла - Сколари жаҳон чемпиони бўлади, лекин «Бунёдкор»да Қосимов ишини такрорлай олмайди. Ди Маттео уч ойда чемпионлар Лигасини ютади, лекин шу билан йўқолиб кетади. Лёв ёки Липпи бир жамоа билан гоҳ ғолиб, гоҳ шарманда бўладилар.

Лео Месси беш футболчини алдаб ўтса-ю, аниқ зарба бера олмаса, у Мессилигича қолади. Аммо ўша зарба голга айланмагани учун мураббий истеъфога чиқарилиши мумкин. Яъни, ҳаммаси биз ўйлагандек осон эмас, биз билган футболчилар, майдон ва ўйиндан ташқари, парданинг орти, жуда кўп омиллар бор. Бир жамоа, бир вазифа учун жуда мос тушган мураббий, эртага бошқа вазифа ва жамоа билан шарманда бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Эктор Купер билан терма жамоамизда қандай натижа кўрсатишини айтиш мушкул, бу ҳақида аниқ баҳо беришга эрта. Аммо баъзи факторлар борки, янги мураббий терма жамоамизда ижобий ўзгариш қила олишига ишонгимиз келади.

ЧЕТ ЭЛЛИК          

Ким бўлишидан қатъи назар, терма жамоамиз бош мураббийлигига чет эллик мутахассис тайинланишини кутиб юргандик. Чет эл бўлгандаям, собиқ иттифоқ эмас, узоқроқдан, умуман бошқа менталитетга эга бўлган, муҳими, замонавий футбол стандартларида "қовурилган" мураббий сифатида Купер айни муддаодир.

Биринчидан, ундай мураббий шартнома туздими, қандайдир ўз талаблари билан келади ва у хоҳлайдиган энг минимум шароит ҳам маҳаллий мураббийларникидан юқори бўлади. Табиийки, катта суммадаги шартномага имзо чеккан ЎФА ҳам "савоб ишни охиригача қилишга" уринади ва терма жамоа аураси, ишлаш тамойиллари ва яратиладиган шароитлар ўсиши турган гап.

Иккинчидан, у ҳали ўзбек футболини билмайди. Авлодлар алмашинуви рўй бериши керак бўлган айни вазиятда бу муҳимдир. Баъзи номларга нисбатан ички босимнинг бўлмаслиги, бирор клуб ёки шахсга нисбатан ён босилмаслиги учун ҳам чет эллик мустақил мураббий керак эди. Терма жамоа остонасидаги холислик клубларда тўп сураётган ёш футболчиларга ҳам умид бериши, ўз ўзидан миллий чемпионатимизни ҳам жонлантириб юбориши мумкин.

Учинчидан, маълум бир цикл тугаганда, биз аслида натижанинг қониқарли бўлгани, мақсадга сал қолгани ҳақидаги гаплардан кўра, реал муаммолар ва сабаблар ҳақида ҳам гаплашиш имконига эга бўламиз. Чунки, чет эллик мураббий исталган пайтда шароитлар ва муаммолар ҳақида очиқ айта олади. Бундан ташқари, матбуотда ҳам абрамовчи, қосимовчи ёки бабаянчига айланиш, "кўз кўзга тушади" деб танқид қилиш ёки савол беришдан қочиш ҳолатлари ҳам бўлмайди.

АРГЕНТИНАЛИК

Дунё бўйлаб жуда кўп аргентиналик мураббийларнинг тарқаб кетганини эътиборга олсак, бемалол улар ҳақида умумий хулосалар бериш, аргентиналик мураббийларнинг ўзига хос мактаби ҳақида фикр билдириш мумкин.

Масалан, нидерландиялик мураббийлар қаерда ишлашмасин, ўз услубини қуришга ҳаракат қиладилар. Италиялик мураббийлар ишлаган жамоаларда эса итальянча футболининг ҳиди келиб туради. Аргентиналик мутахассисларни  бир сўз билан мослашувчан дейиш мумкин.

Чекланган имкониятлар билан ҳам курашувчан ва рақобатбардош бўлишга эришган, ўз бўйидан юқори сакрай олган лойиҳаларга қарасангиз, жуда кўп аргентиналик мураббийларни кўрасиз. Симеоне Италияда, Почеттино Англияда ўзидан сезиларли каттароқ имкониятларга эга бўлган рақибларнинг бўлишига қарамасдан кучли жамоа туздилар. Қизиғи, бу жамоаларни услубан ўхшатиб бўлмайди, лекин айнан ўша мамлакат футболи ва лигасига мос бўлган ва айнан ўша футбол ғояларидан узоқлашмаган ҳолда жамоа қура олдилар.

Шунингдек, Бильбаода ишлаб, еврокубок финалигача борган Марсело Бьелсани айтиш мумкин, Чилини қаторасига икки марта чемпионга айлантирган Сампаоли, Парагвай билан ЖЧ-2010 да яхши таассурот қолдирган Мартино... Ёки Пекерман. Бу мураббийлар бир-биридан фарқли, қизиғи Мартинонинг "Барселона"да, Сампаолини Аргентинада муваффақиятсизлигини ҳам кўрдик. Аммо айнан кучсизроқ ва меҳнаткаш жамоа билан юқорироқ вазифаларни уддалаш борасида бу мураббийларда умумийлик борлигини кўриш мумкин.

Эктор Купер мана шундай тенденцияни бошлаб берган мураббийлардан биридир. Осиёда пешқадам бўлмаган ва ресурслар (миллий чемпионат, иқтидорли футболчилар) борасида ўртамиёнага яқинроқ бўлган Ўзбекистон бир бош баланд сакраш учун айнан аргентиналик мураббийга мурожаат қилгани тўғри йўлдек кўринмоқда.

МУВАФФАҚИЯТЛИ

Ҳақиқатан ҳам, Купернинг баъзи жамоаларда эришган натижаларига фақат хавас қилиш мумкин. Купер 1999 йилда  Испаниядаги камтаргина "Мальорка" билан еврокубок ютишига сал қолган. 2000 ва 2001 йилларда эса, энди Европада камтар бўлган "Валенсия"ни икки марта Чемпионлар лигаси финалига олиб чиқиш ҳазил эмас.

Аслида бу воқеаларга анча бўлди. Купернинг кейинги фаолиятига назар ташлаб туриб, кўп жамоаларда бир йилдан кўп ишламаган, айтарли ютуқларни қўлга кирита олмаган мураббийнинг даври ўтганини таъкидлаш мумкин бўларди балки. Аммо унинг сўнгги иш жойи - Миср терма жамоаси ва у ерда кўрсатилган натижа ҳам Эктор Купернинг ҳали ҳам "формада" эканини кўрсатади.

Миср Россияда бирорта ҳам очко ололмади, лекин, биринчидан, салкам ўттиз йиллик танаффусдан сўнг, терма жамоани айнан у Жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Иккинчидан, Россия билан ўйин гуруҳдаги вазиятни ҳал қилиб бўлганди, сўнгги турдаги Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятга катта аҳамият бермаган бўлардим.

Қаршимизда, шу пайтгача Ўзбекистон терма жамоасида ишлаган мураббийлар ичида энг номдор, энг муваффақиятли мураббий турибди, буни инкор қилиш қийин.

ТАЖРИБАЛИ

У 63 ёшда. Бизнинг ҳолатимизда бу фазилат.

Баъзилар амбицияси юқорироқ бўлган ёш мураббийларни олиб келиш мақсадга мувофиқ эканини айтди, масалан Билич, Далич каби мураббийларнинг ҳам исмлари тилга олинди. Тўғри, ёш мураббийларнинг координатор сифатида жуда яхши натижаларга эришганликлари ҳақида мисоллар кўп. Лекин биласизми, ёш мураббийнинг натижа кўрсатиши учун унинг атрофидаги шароит ҳам шунга мос бўлиши, муҳими, берилган вазифа унинг олдинги ишларидан кўп фарқ қилмаслиги керак.

Масалан, Европа футболидан бироз фарқли шартлар амал қиладиган Россияда Эмери, Лаудруп, Боаш, Билич каби жуда кўп ёш мураббийлар фаолият юритиб, узоқ ишлай олишмагани, аксинча, Спалетти, Адвокат, Хиддинк ёши катта каби мураббийлар оз-кўп натижа кўрсата олганликларини айтиш мумкин.

Тажрибали, футболда турли вазифаларни бажарган, турли вазиятларга тушган мураббийлар Ўзбекистондаги илк ойларда довдираб қолмаслиги, ўзи учун мос шароитни аста секинлик билан яратиб олишига ишониш осонроқ.

Ёш мураббийлар барибир бирор услуб ва ғоялардан чиқиб кета олмайдилар, айнан ўша йўналишга боғлиқ бўладилар. Агар ихтиёридаги жамоа ўша ғоясига мос келса, муваффақият қозонилади, агар мос келмаса, муваффақиятсизлик бўлади. Тажрибали мураббий эса, ихтиёридаги таркибдан ва номзодлардан келиб чиқиб ўз йўналишини белгилай олади.

Билишимча, Купер Ўзбекистонга уч нафар ёрдамчиси билан келади ва бу уч мутахассис турли ёшдаги терма жамоаларимизга жавоб берадилар. Шартнома эса тўрт йилга тузилади. Тор доирада, қўл остидаги маълум футболчи билан маълум натижага эришиш эмас, имкон қадар кенгроқ миқёсда ишлаш, терма жамоа келажагига таъсир ўтказиш, ўз қарорлари билан нафақат терма жамоалар, балки клублар, ички чемпионатимизга ҳам таъсир кўрсатиш учун катта тажриба зарур.

ва МИНУС?

Купернинг "Мальорка", "Валенсия" ва "Интер"даги, қисман Мисрдаги жамоасига қараб баҳо бериш мумкин. Купер ўз жамоаларида асосан ҳимояга урғу беради, лекин италиялик мураббийлардан фарқли равишда унда доим ҳаракатчан яримҳимоя ва қанот ҳимоячилари бўлади. Яъни фақат вазият яратилганда эмас, доимий тарзда рақибга хавф солиб туриш Купернинг "имзо"сидир.

Бу нуқтайи назардан, таркибда жуда тезкор ва жисмоний жиҳатдан юқори бўлган ижрочиларга эхтиёж сезилади, бусиз умуман иложи йўқ. Футболимизда айнан тезкорлик ва жисмоний тайёргарлик сал оқсашини инобатга олсак, Куперга ёки унинг талабларини бажариш футболчиларимизга қийин бўлиши мумкин. Ахир терма жамоа клуб эмас, футболчиларнинг жисмоний кўрсаткичларини бир маромда ушлаб туриш имконсиз. (Норматив, қайдасан?)

ХУЛОСА

Терма жамоамиз бир йилдан бери деярли эгасиз эди. Ундан олдинги икки йилда Ўзбекистон қоғозда маълум натижага эришган бўлса-да, ўйин сифати нуқтайи назаридан жуда паст даражани намойиш қилган эди. Бу албатта, шахсий фикрим.

Шундай экан, менимча, бугунги терма жамоамиз даражасида янада пасайиш, янада кучсизланиш мумкин эмасдек. Демак ҳар қандай туртки, агар бу туртки, тажрибали ва ақлли мураббий томонидан амалга оширилса, ижобий таъсир этиши ва самарали бўлиши аниқдек.

Фақат "ижобий ўзгариш" тушунчасини сал тўғри тушунишимиз керак. Беш йил олдин ЖЧ учун 2 гол етмай қолганди. Ўтган йили 1 гол етмай қолди. Худдики, бундан кейин ўсиш фақат ЖЧга чиқиш бўладигандек. Йўқ, гап фақат ўша сўнгги турдаги имкониятдагина эмас, терма жамоамизнинг ўз ҳолича кучли бўлиши, томошабоп ва ҳужумкор ўйнаши, янги ёш футболчиларнинг порлаши ва энг муҳими ўзбекистонликларга қувонч улашишида. Агар мана шу йўналишда ўзгариш бўлса, ҳеч қандай ҳисоб-китоб, тушунтириш шарт эмас, мухлислар буни дарров пайқашади.

ДАРВОҚЕ...

Ҳа, айтганча, Эктор Купер ўз фаолияти давомида саккизта финални бой берган экан. Суперкубокларни қўшмаса, бирорта ҳам ҳақиқий соврин юта олмаган. Мана шу фактдан келиб чиқиб, уни омадсиз экани, терма жамоамизга мос эмаслигини айтаётганлар бор.

Лекин, Купернинг ўша финалларга "Барселона" ёки "Бавария" билан эмас, "Мальорка-ю" "Валенсия"лар билан чиққанини эътиборга олсак, қани эди ҳамма ҳам унинг каби омадсиз бўлса, дегинг келади.

Бундан ташқари, терма жамоамизни кутиб турган Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларини назарда тутсак, ўша "иккинчилик тамғаси" ҳар икки мусобақада ҳам бизга тарихимиздаги энг яхши натижани қайд этишимизга кифоя қилар экан...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид