Жаҳон | 17:40 / 24.07.2018
9176
2 дақиқада ўқилади

Лаосда тўғон вайрон бўлди. Юзлаб киши бедарак кетди

Лаос жануби-шарқида тўғон бузилиши оқибатида юзлаб кишилар бедарак йўқолди. Маҳаллий ОАВда ёзилишича, ҳодиса оқибатида бир қанча қурбонлар ҳам бўлиши ҳам мумкин. Кучли сув оқими дарахтларни оқизиб кетган ва минглаб уйларни вайрон қилган.

Lao News Agency хабарига кўра, 23 июль куни кечқурунги вақт билан соат 8да ёрилган тўғондан 5 млрд. кубометр сув отилиб чиққан ва бир неча юзлаб одамлар бедарак йўқолди, аҳоли турар жойлари вайрон бўлди. 6,5 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолган. Воқеа жойидан олинган видеоларда уйлар сув остида қолгани, томларда одамлар ўтирганини кўриш мумкин.

Атроф-муҳит ҳимоясига масъул гуруҳлар анча йиллардан бери Меконг дарёсида қурилган тўғонлар оқибатида ҳайвонот ва ўсимлик олами, қишлоқ аҳолиси ва маҳаллий иқтисодиётга катта зарар келтириши мумкинлиги ҳақида гапириб келишади.

Вайрон бўлган тўғон қурилиши 2013 йили бошланганди, у 2019 йилдан бошлаб ишга тушиши ва тўғон ишлаб чиқарган қувватнинг 90 фоизи Таиландга экспорт қилиниши режалаштирилганди. Қолган 10 фоиз қувват PNPC ва Electricite du Laos ўртасида тузилган келишув асосида маҳаллий тармоққа сотилиши керак эди.

Расмийлар Хепиан-Хе Намной сув омбори жойлашган Аттапеу провинцияси, Сан Саи тумани аҳолисини эвакуация қилиш учун қайиқларни жўнатди. Тўғонни қураётган SK Engineering& Construction ташкилоти ушбу ҳодисага кучли ёмғир ва тошқинлар сабаб бўлгани ва жабрланувчиларга ёрдам бериш учун Лаос ҳукумати билан биргаликда чораларни қўллашини айтмоқда.

Мавзуга оид