Ўзбекистон | 16:56 / 27.07.2018
19198
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат педагогика университетида 41 нафар абитуриент муддатидан олдин талаба бўлди

Фото: UzReport

Жорий ўқув йилида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига бакалавриатнинг кундузги бўлими учун 22 таълим йўналишида 1675  нафар талабани қабул қилинади. Ҳужжат топширган абитуриентлар сони 14242 нафарни ташкил этди.

Университет матбуот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, биология ўқитиш методикаси, педагогика ва психология, инглиз тили, бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш, мактабгача таълим йўналишларига энг кўп абитуриент ҳужжат топширган.

Таъкидлаш жоиз, Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжат топширган 41 нафар абитуриент имтиҳонсиз талабаликка қабул қилинади. Уларнинг 40таси республика фан олимпиадалари ғолиблари бўлиб, бир нафари Ёшлар иттифоқи томонидан талабаликка тавсия этилган. 

Шунингдек, университетга кириш ниятида ариза топширган 88 нафар абитуриент ҳарбий хизматни муваффақиятли адо этиб, имтиёзни қўлга киритган. 

Абитуриентларнинг 86 нафари ҳарбийларнинг фарзандлари бўлиб, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлар тақдим этилади. 

Айни дамда университетда ижодий имтиҳонлар давом этмоқда.

Мавзуга оид