Ўзбекистон | 17:51 / 28.07.2018
46011
6 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» раҳбарияти аҳоли учун суюлтирилган газ нархи қандай шаклланишини маълум қилди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Биринчи августидан Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг аҳоли эҳтиёжи учун ажратиладиган ягона қиймати этиб бир килограмм учун 800 сўм белгиланади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг чуқур қайта ишлаш бўйича ўринбосари Одил Темиров нимага айнан шу қиймат танлангани, у кейинчалик ўсадими, ва аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш қандай кечиши ҳақида интервью берди.

- Келинг, суҳбатимизни суюлтирилган газнинг маиший миқёсдаги истеъмолидан бошлайлик, яъни хонадонларда ишлатиши. Газ қийматини «Ўзбекнефтгаз»нинг ўзи белгилайди. Бу газнинг аҳоли сотиб оладиган ўрнатилган нархи. Агар биз ушбу нархнинг ўсишига гувоҳ бўлсак, ёки давлат томонидан белгиланган қиймат бир ёқда-ю, бизларга бошқа нархларни айтишса, бунда биз, оддий аҳоли қандай йўл тутишимиз зарур?

- Аҳоли эҳтиёжи учун ажратиладиган суюлтирилган газ қиймати Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда белгиланади. Ҳозирги кунда 20-килограммлик газ баллонинг ҳудудга қараб қиймати 6500 14500 сўмни ташкил этади. Шу йилнинг биринчи августидан Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг аҳоли эҳтиёжи учун ажратиладиган ягона қиймати этиб, бир килограмм учун 800 сўм белгиланди. Бизнинг республика бўйлаб газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмалари мавжуд, уларнинг ҳар бирида ишонч телефонлари мавжуд. Истеъмолчилар бирор бир қонунбузарликларни пайқаган ҳолда, ушбу рақамлар орқали марожааат қилишлари мумкин. Биз ҳар бир мурожаатни кўриб чиқамиз ва керакли чора кўрамиз.

- Истеъмолчиларнинг эҳтиёжидан ташқари суюлтирилган газ экспортга ҳам чиқарилади, автомобил газ қуйиш шохобчаларига жўнатилади.  Билишимизча, автомобиллар учун мўлжалланган газ қиймати тобора ўсиб бормоқда, ва айрим ҳудудларда эса унинг нархи бензин нархидан ҳам ошиб кетган. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳақиқатан, газ истеъмолчиларини уч йўналишга ажратиш мумкин: бу, энг аввало, аҳоли (овқат тайёрлаш учун), автомобиль газ қуйиш шохобчалари ва суюлтирилган газнинг қўшни давлатларга экспорти. Май – июнь ойларида ички биржа савдоларида суюлтирилган газ қийматининг ўсиши қайд қилинган эди. Бу ўз ўрнида ёқилғига бўлган нархнинг кўтарилишида аксини топмоқда.

Ўтган йилга нисбатан «Ўзбекнефтгаз» томонидан ажратилаётган газ ҳажми 26 фоизга ортган. Яъни, ушбу турдаги ёқилғи тақчиллиги ҳақида гапиришга асос йўқ. Шу билан бирга, 2017 йил билан солиштирилганда, суюлтирилган газ қуядиган машиналар сони 11 минг донага қисқарган. Шунга қарамай, биз товар-хом ашё биржасида нархларинг ўсишини кузатмоқдамиз.

Тушуниш керак, суюлтирилган газ биржа савдоларига ишлаб чиқариш таннархида бир тонна учун 500 мингдан бир миллион сўмгача бўлган қийматда чиқарилади. Савдо вақтида мижозларинг ўзи нархларни белгилашади, ва энг яхши таклиф берган мижоз газни сотиб олади. Ҳозирги кунда, биз, ишлаб чиқарувчилар ва таъминотчилар, товар хом ашё биржасидаги қиймат шаклланишини бошқариш имконига эга эмасмиз, ва ўз ўрнида, газ қуйиш шохобчаларидаги нархларни ҳам.  

Экспорт сиёсати борасида шуни айтиш керакки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳар йили экспорт жадвалини тузади. Суюлтирилган газ асосан қўшни давлатларга экспорт қилинади. Бу йили, биз ички биржа савдоларига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 минг тонна кўпроқ суюлтирилган газни қўйдик, ва бу суюлтирилган газ қуядиган машиналар сони ортмаганини инобатга олганда. Ишонч билан айтаманки, республика бўйлаб газ қуйиш шохобчаларида катта навбатлар кузатилмаяпти. Бу йили биз бензин ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирдик. Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» олдига суюқ ёқилғининг уч ойлик захирасини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Биз буни уддаладик.

- Сиз суюлтирилган газ қуядиган автомобиль техникаси сони қисқаргани ҳақида айтиб ўтдингиз, бу нима билан боғлиқ?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли фармонига мувофиқ, суюлтирилган газ билан ишлайдиган янги газ қуйиш шохобчаларини очишга лицензия бериши тўхтатилди. Истиқболда, суюлтирилган газни автомобиль газ қуйиш шохобчаларига етказиб бериш ҳам тўхтатилади, дея тахмин қилиш мумкин. Асосий мақсад, аҳоли ва бошкалар эҳтиёжини қондириш. Ҳозирда автомобиль метан гази тўлдириш компрессор шохобчалари сони тобора ортиб бормоқда. Улар бемалол суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларининиг ўринини босишлари мумкин. Айни вақтда бу турдаги шохобчалар бир йилда 2 миллион тонна эквиваленти миқдоридаги бензин ёқилғиси ҳажмини эгаллашди. Шундай қилиб, автомобиль эгаларининг ёқилғига бўлган эҳтиёжи тенг тақсимланмоқда. Бизда бензин ёқилғиси ва суюлтирилган газ етарли даражада мавжуд, ва шу билан бирга, салмоқли ҳажмда сиқилган метан газига ҳам эгамиз. У ҳозирда бошқа ресурслардан қиймат омилида ўзиб кетади.

- Одил Шукурович, суюлтирилган газни тақсимлаш механизми ҳақида гапириб берсангиз?

- Суюлтирилган газ «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖ газ қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан қазиб чиқарилади ва қайта ишланади. Республика бўйлаб суюлтирилган газга бўлган талабни мониторинг қилиш асосида «Ўзтрансгаз» АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмаларига буюртма берилади ва шундан келиб чиқиб суюлтирилган углеводород гази ортилади ҳамда газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктларига транспортировка қилинади. Ўтган йилда аҳолига 366 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилган. Бу йили ушбу кўрсаткични 406 минг тоннага етказиш режалаштирилган. 

Газ баллонларни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш «Ўзнефтгазмаш» АЖ заводлари – Чирчиқ заводи, Бухоро ва Қўқон таъмирлаш-механика заводларида амалга оширилади. Ўтган йили аҳолига 750 минг донадан ортиқ янги суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилган, бу йилги режа эса 634 минг дона. Таъкидлаш керакки, газ баллонлари сотилмайди, истеъмолчилар фақат унинг ичидаги газни харид қиладилар.

Мавзуга оид