Ўзбекистон | 17:09 / 31.07.2018
6554
2 дақиқада ўқилади

ДВҚ ҳудудий бошқармалари ҳам тегишли лицензиялар бериш ҳуқуқига эга бўлди

Фото: Pixabay

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Ветеринария фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда. 

Ўзгартиришларга асосан, Давлат ветеринария қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига ҳам тегишли ветеринария фаолияти йўналишлари бўйича лицензия бериш ҳуқуқи берилди.

Ветеринария фаолиятини лицензиялаш илгари фақат Давлат ветеринария қўмитаси томонидан амалга оширилган.

Низомга кўра, лицензиатлар ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган ветеринария препаратларини сотиши мумкин. Илгари бунинг учун ҳам алоҳида лицензия олиш лозим эди.

Яна бир ўзгартиришга мувофиқ эндиликда юридик шахсларнинг ветеринария йўналиши бўйича ўрта-махсус маълумотга эга бўлган ходимлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ветеринария препаратлари, жумладан, озуқа қўшимчалари ва зоогигиена воситаларини сотиши мумкинлиги белгиланди. Илгари мазкур фаолият билан шуғулланиш учун ҳам олий маълумот талаб этилган.

Амалда бўлган тартибда филиал очиш тартиби белгиланмаган эди. Ўзгартиришлар билан филиал очиш тартиби ҳам белгиланди. Хусусан, лицензиат филиал очиш учун лицензияловчи органларга бу ҳақда ариза билан маълум қилиши керак. Филиал очиш ҳақидаги аризани кўриб чиққанлик учун тўлов ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, олдин ҳужжатлар лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта орқали етказиб берилар эди. Бунга қўшимча, эндиликда ҳужжатларни электрон шаклда ҳам тақдим этиш мумкин.

Лицензия бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш муддати қисқартирилди. Эндиликда тақдим этилган ҳужжатлар ўн кун ичида кўриб чиқилиб (илгари ушбу муддат йигирма беш кунни ташкил қилган), лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади.

Мавзуга оид